ЎзА Ўзбек

05.02.2020 Чоп этиш версияси

Шоир сўз айтгали келар дунёга

Шоир сўз айтгали келар дунёга

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол ижодига бир назар

Мен 1961-1965 йиллари, ўша пайтлари Оржоникидзе номи билан аталадиган Бухоро педагогика институтида таҳсил олганман. У ерда мутахассисларни роса “элаклайди” деган гап-сўзлар бўлди. Мактабда яхши ўқиганим иш берди. Имтиҳонлардан ҳеч ҳам қийналмай ўтиб, талаба бўлдим.

Бир эътирофли фикрни ўша пайтлари ҳам айтганман, ҳозир ҳам баланд руҳда айта оламан. Мен Бухорода бирданига иккита олий ўқув юртини тамомлагандай бўлдим. Ҳали ҳамон шу институтларнинг куч-қуввати, завқ-шавқи билан яшаб, ижод қиляпман. Иккинчи институт бу – менга Жамол Камол эди. Жамол Камолнинг ҳали ҳеч кимникига ўхшамаган шеърияти эди. Қизиқ, жуда қизиқ-да, унинг шеърлари ҳали китоб ҳолида нашр этилмаган бўлса-да, айрим намуналари ўзи муҳаррирлик қилаётган институтнинг “Илғор фан учун” газетасида онда-сонда эълон қилинса-да, шу шеърларнинг мафтуни, шу шеърларнинг асири эдим.

Адабиётга, шеъриятга меҳримни биринчи дарсларидаёқ пайқаб қолган Жамол Камол бир кун дарс сўнгида мени секин ташқарига имлади. Тўғриси, юрагим бирданига ҳадикланиб кетди. Чунки у кишининг қарашлари бир бошқача эди. Ҳар қандай талабани нари қўйинг, унча-мунча ўқитувчилар ҳам бу кўзларга қарашга тоб беролмас эди. У киши дарсга кирганда улкан аудиториялар бирдан жим қотарди.

“Сен йигитда бир нарса борга ўхшайди. Вақтинг бўлганда бизнинг “Илғор фан учун”га ўтиб тур“, деди домла.

Ишонсангиз, шунда қувончдан чапак чалиб юбора ёзганман. Балки ёнимда нафаси юзимга урилиб турган Жамол Камолдай инсон тик турмаганда шундай воқеа содир бўлиши ҳам мумкин эди. Мен бир ойларгача ўша гап тафти ва ўша гап ҳароратида юрганман. Жамол ака айтганидай бўлди – туртина-туртина, тортина-тортина у киши раҳбарлик қилаётган таҳририятга бордим.

Бир куни қизиқ бўлди. Жамол ака қаергадир шошаётган, у кишини кўчада машина кутиб турарди. Эшикдан чиқаркан, ғоят ёқимли жарангдор овозда деди: “Тош, (у киши мени эркалатиб кўпинча шундай атарди) мана буларни бир қараб чиққин-да. Шуларда ўзи бир нарса борми?“

У шундай дея қўлимга бир даста шеърларни, машинкада чиқарилган тахланиб китобдай ҳолга келтирилган ва унинг устига чиройли ёзувлар билан битилган “Олам кирар юрагимга”ни тутди. Билсангиз, ўша кеча майхўр майдан кайф қилгандай кайф қилдим, роса маза қилдим. Уч кундан сўнг эса бу мазаланувларим мевасини шоирнинг ўзига айтишга ботинолдим.

-Жамол ака, устоз, нега жимсиз-а? Китобдаги саккизликларга ҳеч ҳам баҳо йўқ. Фикри ожизимча, ҳали ўзбек адабиёти бундай туркумдаги шеърларни кўрмаган. Улардан Расул Ҳамзатов, Эдуартис Мижелайтисларнинг тафти, ҳавоси келяпти. Нега шеърларингизни матбуотига, айниқса республика матбуотига бермайсиз.

-Бунга ҳали вақт бор, ука. Шундай кунлар келишига ишонаман. Катта раҳмат. Сен ҳали Расул Ҳамзатов, Эдуартис Мижелайтисни ҳам ўқийсанми? Бўладиган болага ўхшайсан.

Домланинг гапларидан янада журъатландим:

- Қаранг, домла, манови сатрлар қандай зўр, қандай бебаҳо?Мен дарров ёдлаб олдим.

Бир кифтида оқшом, бир кифтида тонг,
Зулмат ва зиёнинг қоқ ўртасида.

Туради тангридай азамат Инсон,
Юлдузлар, қуёшлар рўпарасида.

Институтнинг 2-босқичида ўқиётган йилим мислсиз қувончли воқеа содир бўлди. Институтимизга машҳур шоира Зулфия келиб, ғоят эсда қоларли учрашув ўтказди. Шу учрашувда юрагида шеър ёнаётган, оташ ёнаётган Жамол Камолга кичик ҳажмли “Жамила” достонини ўқиб бериши илтимос қилинди. Илтимосга шоир бажонидил рози бўлди. Бадиий пишиқ, маҳорат билан ёзилган “Жамила“га шоира шайдо бўлиб қолди ва у достон нусхасини Тошкентга олиб кетди.

Достон кўп ўтмай “Ёш ленинчи” газетасида босилди. Достонда истеъдод учқунлари баралла порлаб, адабиётга истеъдодли бир ижодкор кириб келаётганидан дарак бериб, бонг ургандай бўлди. Шундан сўнг шоирнинг “Шарқ юлдузи” журналида босилган бир туркум шеърлари шеърият мухлисларини янада мамнун этди. Бу ҳақдаги қувончини Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло матбуот саҳифаларида шундай ифодалади:

“Бухоролик шоир Жамол Камолнинг бир туркум шеърлари “Шарқ юлдузи” журналида босилди. Нотаниш шоирнинг шеърларини ўқидим. У шеърлар мени шу қадар сеҳрлаб олдики, кўп вақтлар хаёлим шу шеърлар билан банд бўлиб юрди. Бу ўзбек шеъриятига катта истеъдод кириб келаётганидан дарак эди. Бу вақтда Жамол Камол ёш эди, навқирон пайти эди. Лекин унинг шеърлари ўша вақтлардаёқ ром қила олиш кучига эга эди. Жамол Камол шеърлари мени шу қадар тўлқинлатган эдики, икки оғиз бўлса ҳам хат орқали қувонч ва ниятларимни билдириб, қалбимни бўшатмагунча оромим бўлмай қолди”.

Ўша вақтлари китоб чиқариш азобдан азоб эди. 1962 йилда ўтказилган республика ёш ижодкорлар семинарида шоирнинг биринчи шеърий тўпламини нашрга тавсия этган бўлса-да, унга 6 йилдан сўнг — 1968 йили навбат келди. Бу китобча мен талабалик йилларимда ўқиган, қувончдан мақташга сўз тополмай қолган ўша қадрдон “Оламга кирар юрагимга” эди.

Шунда, ишонсангиз, кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетган.

Шеърлар қўлёзма ҳолда бир бўлак, китоб ҳолида бир бўлак кўринаркан. Китоб ҳолидагиси жонли организмга ўхшаркан. Унда бўлакча ҳусн, куч-қудрат, тароват таралиб тургандай бўларкан. Тўплам ўша машҳур “Жамила” ва 5-6 та шеърларини ҳисобга олмаганда деярли саккизликлардан иборат эди. Бу саккизликларга оригинал, ҳали тутилмаган, умуман, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган “Менинг увоқ шеърим-менинг дилпорам” сарлавҳаси қўйилганди. Сарлавҳадаги “увоқ шеър”, “дилпорам” деган ташбеҳлар мени роса ўйга, хаёлга, нурли туйғуларга толдирганди. Ўзингиз ҳам шу нурли туйғуларга бир ошно бўлинг-да:

Ўт олдинг-у, ўтсиз олмадинг нафас,
Ўт яратдинг, ўтли жонингга монанд.

Қалбингдаги ўт-ку ганжи муқаддас,
Қўлингдаги ўтдан қўрқаман...

Бу китоб ҳамиша иш столимда турарди. Сиқилган, ишдан толиққан пайтларим уни секингина очиб варақлайман. Шунда менинг ҳам қалбимга дунёимга оламнинг жилва билан кириб келаётгандай бўлади. Гўё “Дарё – қўшиқ, оқшом –шафақ, ой – шуъла” билан қалбим бўстонланиб кетади.

Шоир бир шеърида шундай ўтли мисралар битди: бу ўтли мисралар унга дастури амалдай эди:

Шоирим, ўтасан сен ҳам муқаррар,
Гарчи ардоқлисан, гарчи суюксан.

Шижоат туйғуси билан мукаммал,
Шижоат туйғуси билан буюксан.

Лекин сен ҳам этиб номардлик,
Сен ҳам ўз-ўзингни ўйласанг фақат,

Демак соб бўлибди оламда мардлик,
Демак рўй берибди қора қабоҳат...

Жамол Камол жўшқин қалб, мардона юрак билан бетиним ижод қилган. Бу ижод намуналари тўпланиб, “Чўққиларга ёғилди ёғду”, ”Тош туғён”, “Тафаккур”,“Қадаҳ”, “Умидли дунё” каби китобларда жой олди. Бу китоблар шоирнинг номини ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Рауф Парфилар қаторига олиб чиқиб қўйди.

Шоир назмнинг достон жанрида баракали ижод қилиб, ҳар бири ўзбек адабиётида қадрланган “Жамила”, “Тош туғён”, “Қуёш чашмаси”, “Варахша”, “Ражаб Ашуров достони”, “Ҳасан ва Той”, “Шаҳрибону”, “Эшикдаги ой тўлқини” каби достонлар яратди. Шу ерда бир нарсага алоҳида тўхталиш жоиз.

Жамол Камол бир умрга Ойбекка интиқ бўлиб яшади. Ойбек ижодига бир дунё меҳр қўйди. Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул таъбири билан айтганда, “бир умр унинг ижодига боғланиб қолганди”.

1968 йилнинг май ойида буюк ёзувчи Ойбек рафиқаси Зарифа Саидносирова билан Бухорога ташриф буюради. Бундан Жамол Камол боши кўкларга етгудек бўлиб қувонади. Уларни бирга суратга тушишга таклиф этиб, ризоликларини олганда, Жамол Камолнинг таъбири билан айтганда, “Сойларни тўлдириб нилуфар оққандай, осмон юлдузларга тўлиб кетгандай бўлди”.

Шундан сўнг шоир Ойбекка бағишлаб, “Тош туғён” асарини яратди. Юқорида саналган достонлар ичида менга негадир шу достон, энг бақувват кам-кўстсиз бадиий жиҳатдан ғоят кўркам кўринади.

Достон шоирнинг бор йигитлик куч-қуввати билан дунёга келгандай.

Ойбек Парижни кезди, кезди Римни ҳам,
Не-не шаҳарларга у бўлмади асир.

Лекин Бухоро бошқа, бу бошқа олам,
Ҳайқирган уммон каби бунда буюк сир.

“Ажабо!“ –дейди шоир ҳовлиқиб, шошиб,
“Тавба!” –дер яна ширин табассум ила.

Ҳар ёнда чўққилари булутдан ошиб,
Қалашган тоғлар каби буюк силсила.

Гумбазлар – нақ самога отилган тўлқин,
Бўларми бир сўз билан айласа баён?

Шоир ташбеҳ излайди юзида ёлқин,
– Тош туғён! — дейди тошиб, — тош қотган туғён!

2018 йилда адиб ижоди жамланиб 4 томдан иборат китоб Тошкентдаги “Янги аср авлоди”да нашр этилди. Китоблар наинки дилга балки қўлга ҳам ором берар даражада нафис ишланган. Ҳар бир жилдга шоирнинг ўзи “Аср билан видолашув”, “Ёнаётган дала”, “Абадият остонасида” ва “Шеър санъати” дея ном берган.

Шоирнинг ранг-баранг суратлари билан бойитилган бу жилдлар Жамол Камол ижоди мухлислари учун чинакамига шеърий байрам бўлди, деса бўлади. Биринчи жилд – “Аср билан видолашув” истеъдодли адабиётшунос олим филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулнинг “Шеърият – дард ва умид демак” сарлавҳали мақоласи билан очилади. Мақолада олим атоқли шоирнинг Мавлоно Жалолиддин Румийнинг 6 жилдлик “Маънавий-маснавий”сини таржима қилгани, бунинг учун Туркия жумҳурияти маданият вазирлигининг “Румий” олтин медали, Эрон ислом республикасининг давлат мукофоти билан тақдирланганини ифтихор билан баён этади.

Шоирнинг ўзи бу ҳақда илҳом ва жасорат билан шеър битган. 

Мавлоно Румийнинг дил сўзларидан,
Ажаб сархуш бўлиб кечди тунларим.

“Маснавий”нинг ҳикмат юлдузларидан
Ёришди чароғон бўлди тунларим.

Биз ҳали ҳамон кексаликка бўй бермай, бўйин эгмай ижод қилаётган шоирнинг ижодларига барака ва илҳом тилаб қоламиз.


Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
Денов туман Маънавият-маърифат бўлими раҳбари