Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 12:23 Чоп этиш версияси

Шарафли меҳнатга муносиб рағбат

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Бош қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришнинг тамал тоши, ижтимоий сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таянчи, республикамизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга, эртанги кунга бўлган ишончини оширишга, турмуш тарзини яхшилашга қаратилмоқда.

Ходимларнинг хизматига берилган ҳар қандай эътибор ва рағбат уни янги ютуқлар сари руҳлантириш билан бирга мамлакат тараққиётига ҳам хизмат қилади. Осойишталигимиз посбонларининг фидойилиги, машаққатли ва шарафли хизматлари Президентимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. Ҳозирги кунда кўплаб мард, бурчига садоқатли ходимларнинг кўксини давлатимизнинг юксак мукофотлари безаб турибди.

Тадбирда миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, тинчлик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ II даражали “Шон-шараф”, “Дўстлик”, “Мардлик” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” ва “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланган бир гуруҳ ходимларга юксак мукофотлар топширилди. Президентимизнинг жорий йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги фармонига кўра, 1 минг 540 нафар ички ишлар органлари ходими «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди.

– Мамлакатни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишда ички ишлар органлари ходимларининг хизмати беқиёс, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, «Дўстлик» ордени соҳиби Кенесбай Нурабуллаев. – Шарафли касбимизни чин дилдан адо этишимиз учун юртимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган. Камтарона меҳнатим Ватанимизнинг юксак мукофотига лойиқ деб топилганимдан жуда мамнунман.

Тадбирда санъат усталари ва эстрада хонандалари томонидан байрам концерти намойиш этилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 176






Все о погоде - Pogoda.uz