ЎзА Ўзбек

01.05.2018 08:20 Чоп этиш версияси

"Шарқ атиргули" фестивали

Пойтахтимизда 2-6 май кунлари "Шарқ атиргули" болалар ва ёшлар фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфидаги "Шарқ атиргули" болалар ижод уйи томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда илк бора халқаро миқёсда ташкил этилаётган фестиваль олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Юртимизнинг маданияти ва санъатини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, кўрик-танлов ва фестивалларда мамлакатимиз ёшлари иштирокини кучайтириш ғоят муҳимдир. Ёшларни театр ва музейларга, концерт-томоша тадбирларига тизимли равишда жалб этиш орқали уларнинг маънавий-ахлоқий, эстетик ва маданий даражасини янада юксалтириш каби катта мақсадларни ўз олдига қўйган халқаро фестивалга қизиқиш анча юқори. Вокал ва рақс каби йўналишларда ташкил этилаётган танловда 4 ёшдан 18 гача ва 18 дан 28 ёшгача бўлган ёшлар ўз санъатини намоён қилади. Танловда қатор халқаро фестиваллар лауреатлари, профессионал ижрочилар билан бир қаторда ёш, эндигина санъат остонасига қадам қўяётган ҳаваскорлар ҳам иштирок этади. Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Россия каби давлатлардан ҳам иштирокчилар келиши кутилмоқда.

Қатнашчилар маҳоратини турли давлатлар санъат вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради. Улар орасида мамлакатимиздан Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Кумуш Раззоқова, Козим Қаюмов, Омина Бобожонова каби халқимиз суйган санъаткорлар бор.

Халқаро фестиваль доирасида иштирокчиларнинг юртимиздаги тарихий шаҳарларга саёҳати ҳам режалаштирилган.

Инобат Аҳатова, ЎзА
11 811