ЎзА Ўзбек

14.04.2019 14:00 Чоп этиш версияси

Сеҳрли диёрнинг синоатлари

Сеҳрли диёрнинг синоатлари

926ae0ca-ba70-4e43-96f0-f6801cf523d4.jpgЎзбекистон баҳори Сурхон даштларидан бошланади. Илк баҳорда бодом гуллаганини, ўрик япроқ ёзганини ватанимизнинг жанубий воҳасида деб эшитамиз. Сурхонни Амударё қучиб оқади. Табиати ўта гўзал. Биз ҳам Сирдарё бўйларидан минг километр йўл босиб, поездда келарканмиз кўм-кўк адирлар орасидан ўтаётиб, бу ер Бойсунлигини билдик.
 
Бойсун Ўзбекистон халқ ёзувчиси, машҳури замон Шукур Холмирзаевнинг, халқ шоири Усмон Азимларнинг она юрти. 
Биз Бойсунни уларнинг ҳикояларидан, шеър¬аридан таниганмиз, мафтун бўлганмиз! Атрофимизга боқиб. бу юртни куйламаслик, ёзмаслик гуноҳлигига имон келтирдик. Ўзбек санъати бахшилари билан, дўмбира чертиб, неча кунлаб достон айтишлари билан муҳташам. 
Дўмбира садолари Ўзбекистон бўлиб янгради ва бирданига ер шарига ёйилди. Бир ҳафтаки, юзлаб мамлакатлардан дўмбира кўтарганлар Сурхон сари йўл солдилар.

Тайёргарликлар ҳам ўзгача. Ўзбекнинг миллий анъаналарини тараннум қилувчи, миллий ҳунармандчилик ҳар вилоятга ўзгача, бошқача кўриниш касб этади. Жануб марвариди – Термиз шаҳрининг қоқ ўртасидаги боққа кирган одам, ҳайратдан бармоғини тишламаса ҳисобмас. 1300 километр олисликдан келган Қорақалпоқ, Самарқанду, Бухоро, Жиззаху, Гулистонликлар ичра, Фарғонаю Наманган павильонлари асл ҳунармандлар маконига айланган. Чустнинг пичоғини халқаро фестиваль сандиғига солиб келган ҳунарманд Аҳмаджон Каримов, Беҳзод мактабининг талабаси чортоқлик Беҳзод чизиб ўтирган миниатюралар, ясаган буюмлари бетакрор. Ҳар бир вилоятнинг ўзига хос маънавий руҳий ҳароратини даъфатан шу боғда ҳис қилиши мумкин. Ҳар бир вилоят ўз саҳнаси, ўзининг санъаткорлари билан томошо майдонига айланган. 
Сеҳрли боғнинг сирли йўлакларидан ўтиб бораркансиз, йўлингиздан Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳазрат Навоий, Бобур, Машрабу Фурқатлар чиқиб қолиши аниқ. 

Актёрлар бор бўлишсин!
Боққа кирган томошабинлар миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини нафақат завқланиши, харид қилиши ҳам мумкин.
Шодликка тўлган боғнинг тўридаги санъат кошонасида, халқаро бахшилар конкурси бўлиб ўтяпти. У ерда фольклор дарғалари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан бир қаторда ўтиришиб иштирокчиларни баҳолаб боришмоқда. Дўмбира садоларига тўла боғда, дунёнинг қай бурчида дўмбира кўтарган, достони борки, бор овозда куйламоқда.
Бугун мамлакатда 30 та халқ бахшиси бўлса, 25 таси Сурхондан. Ўзбекнинг 100 та бахшиси бўлса, 90 ни Сурхондан бўлса, 5 яшар боласи дўмбирани сайратиб, Алпомишман деса не ажаб.

Дунёда санъатнинг тури кўп, аммо ўзбек достончилиги, бахшисига етадигани йўқ.
Сурхон "ўҳ" деса Амударё оша ҳазрат Навоий, шоҳ Машраб, Бобурмирзоларнинг қабрлари тебраниб кетади, гўё. Чегара билмас адабиёт, адабий улуғлик тимсолини Сурхонда кўрдик. Дўмбира садолари гулдурашини халқ шоири Сирожиддин Саид шеърларидан, Ҳосила Раҳимованинг"Қамчи бос"идан-да топасиз..
Бугун Сурхонда Алпомишу Барчинлар, Гўрўғлилар, Кунтуғмишлар қаторлашиб юргандай. Қай қизга қарасам Барчинни, қай ўғлонга қарасам Алпомишни кўргандек бўламан. Улар билан Қоражонни, Қалдирғочни учратаётганимни ҳис қиламан.
Сурхоннинг ҳар қадамида азизу авлиёлари элу юртимизни қўллаб қувватлаб, алқаб ётгандай. Термизий зиёратгоҳи минг йиллик буюкликдан дарс беради. Зиёратдан дилинг покланиб, янгиланиб чиқасан. Қирққизга бориб сирлар оғушига тушасан. Беихтиёр барглари анор баргига ўхшаш дарахт шохларига орзуйинг тимсоли оқ рўмолча иласан. Сал нарида Кокилдор мажмуаси буюкликдан, вафодан дарс ўтди. Биз "Султон саодат"га ошиқамиз. 90 йилларда хароба манзарага дуч келиб, йиғлаб кетган жойларим, энди гуллаб -яшнаблар кетибди. Президентимиз қатор кўрсатмалар бериб, янада ободонлаштиришни тавсия қилибдилар. 

Бугун Сурхондарё байрам оғушида. «Алпомиш» достонидаги Чилбир чўлларини кўрдик. Достонда тасвирланган воқеа-ҳодисаларнинг аксарияти Сурхон воҳасида рўй берганини ўқиб, ўрганганмиз. Шунданми йигитларига қараб Алпомишни, қизларига қараб Барчинни эслайвердик. Сурхон шундай диёрки, тоғларидан парилар, чўлларидан полвонлар чиқиб келаверади.
Сурхоннинг афсунгар саҳнасига бутун дунё достончилари жам бўлдилар. Дўмбира садоларига тўла томошабинларнинг олқишлари садоси остида ўтган катта концерт халқимизнинг юрагида узоқ вақт садо бераверади. Қисқа қилиб айтганда, халқаро бахшичилик санъат фестивали халқ ижодининг нодир намуналарини авлодларга безавол етказаверади.

Дилбар Ҳайдарова, шоира, 
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси 

ЎзА
10 307