ЎзА Ўзбек

21.02.2020 Чоп этиш версияси

Сайҳунда бир эл кўрдим

Сайҳунда бир эл кўрдим

Гапни недан бошласам экан:

Неда хушхон, на сухандонман...

Тўра Сулаймон.

Гулистон шаҳридаги муҳташам ва замоновий таълим маскани – Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод фонди” ҳомийлигида нашр этилган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон “Танланган асарлари” ҳамда “Сайҳун саболари”, “Сирдарё мавжлари”, “Сирдарёда улуғвор ўзгаришлар” номли алманах китобларнинг тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, таниқли ижодкорлар, сирдарёлик зиёлилар, талаба-ёшлар ва Тўра Сулаймон ижоди ихлосмандлари қатнашди.

Анжуманни Сирдарёда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ёшларга қаратилаётган эътибор, маънавий-маърифий соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақидаги нутқи билан вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров очиб берди.

– Бугун ёшлар сиёсати мамлакатимизда энг муҳим масалалардан бирига айланди. Буни Президентимизнинг ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда тенгдошларингиз билан учрашиб, уларнинг ўй-ташвишлари, фикр-мулоҳазалари билан қизиққанидан ҳам кўришимиз мумкин, – деди Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев. – Ушбу гўзал таълим масканини қаранг – замоновий технологиялар билан жиҳозланган кенг ва ёруғ синфхоналар, бой кутубхона, шинам спорт зал, қулай ётоқхона... Буларнинг барчасини яқин йилларда халқимизнинг қанотига кирадиган маърифатли ва илғор фикрлавчи таянч кучимизни тарбиялаш учун ажратилган катта сармоя деб билингизлар. Ўйлайманки, ушбу даргоҳдан, албатта, юртпарвар авлод етишиб чиқади.

Бундан роса бир йил аввал – 2019 йил 19 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос ва Мирзаобод тумани, Янгиер ва Гулистон шаҳридаги янги корхоналар ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар билан танишганди.

Ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган мулоҳазаларини билдирганди. Қолаверса, вилоятдаги ижодкор зиёлиларни таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишини ва ҳудудда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш, халқимизга хизмат қилаётган фидойи ишбилармон ва тадбиркорлар фаолиятини кенг тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатишини таъкидлаганди.

– “Сирдарёда улуғвор ўзгаришлар” номли публицистик тўплам сўнгги йилларда Сирдарёда амалда ўзининг ифодасини топган кўплаб эзгу ишларни қамраб олган, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид. – Бу вилоятда қанча бунёдкорлик, ободлик ва қандай корхоналар ишга тушганини, у манзилларда қандай заҳматкаш инсонлар меҳнат қилаётганини билишни истасангиз, албатта, ушбу мўъжаз китоб билан танишинг.

“Сайҳун саболари” шеърий, “Сирдарё мавжлари” насрий тўпламга Сирдарёда яшаб ижод қилаётган бир қатор журналистлар, ёзувчи-шоирларнинг асарлари жамланган. Қолаверса, таниқли, эл-юртнинг катта ҳурмат эътиборини қозонган улуғ шоирлар – Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердеваларнинг ҳам сирдарёликларган, у ердаги миришкор деҳқон ва зироатчиларга бағишланган шеърлари китобларнинг адабий-бадиий қимматини янада оширган.

– Бугун биз учун қўшалоқ байрам бўлаяпти. Аввало, муҳтарам Президентимиз ёшлар масаласида илгари сурган бешта муҳим ташаббусининг мазмун-моҳиятини илк бор – биз сирдарёликларга айтган ва тушунтириб берган эди. Бу ташаббус кейин бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди, амалга оширилди, – деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева. – Ўша учрашувда ташаббусининг тўртинчи қисми ҳақида – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича гапира туриб, вилоятдаги ижодкорларнинг ҳам асарларини ўқувчиларга етказишда амалий ишлар қилишни тайинлаганди. Мана бугун ҳам насрий, ҳам назмий тўпламимиз чоп этилди. Қолаверса, ўзбек халқининг энг халқчил шоирларидан бири, Сирдарёнинг фахри Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлари” ҳам юксак полиграфик усулда чоп этилиб, ўқувчиларга етказилганидан бошимиз осмонда.

Анжуманга пойтахтимиздан борган таниқли шоир Салим Ашур, ижодкорлар Аҳрор Аҳмедов, Абдурасул Жумақулов, Азизбек Анвар тақдимоти ўтаётган қитоблар, китобларнинг алоҳида жиҳатлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тақдимот ўқувчиларнинг устоз шоирлар ижодидан ўқиган мушоирасига уланиб кетди...

Табиатдан тилагим:

Тутганим олтин бўлсин.

Айтганларим юракка

Кўз-қошдай яқин бўлсин.

Фозил бахши созидай

Тунни шодон ўтказса.

Ҳалима овозидай

Етти иқлимни кезса...

Шу куни Гулистон давлат университетида ҳам китобларнинг тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, талабалар, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг фарзандлари ва ижоди ихлосмандлари қатнашди.

Анжуманни университет ректори Мухсин Ходжиев халқимизнинг севимли шоири Тўра Сулаймон адабий мероси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан очар экан, шоир кўп йиллар университет билан яқин ҳамкорликда ишлагани, ёшларга адабий таълим – маҳорат дарслари ўтганлиги ҳақида айтиб, ўша пайтда илмий жамоатчилик билан кенгашиб – Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонга Гулистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилганини ҳам катта эҳтиром билан хотирлади.

– Тўра Сулаймон ўзбек адабиётида ўзига хос йўл, халқ тилига яқин оҳангларда ижод қилди, – деди “Шарқ” нашриёти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов. – Тўра аканинг кўп суҳбатини олганман, сафарларда бўлганман. Бу шоир шеърларидек ўжар шахс эди.

Тўра Сулаймон шеърияти ҳақида профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг “Бадиий асар ижодкор шахсиятининг меваси экани сабабли ижодкор қанча ўзига хос бўлса, унинг ёзганлари ҳам шунча бетакрор бўлади. Тўра Сулаймон тамомила ўзига хос шахс эди ва бу қайтарилмас шахсият унинг битганларида яққол кўзга ташланади. Шоир ижодининг бош белгиси унинг тўлиғича халқ оғзаки ижоди намуналари таъсирида эканидадир. Унинг ўйи, туйғулари, ҳайрату ҳаяжонлари ҳамда уларнинг ифодаси халқона. Шоирнинг қайғуси, қувончи, ҳатто юморида ҳам халқчиллик яққол кўриниб туради” деган гаплари бот-бот эсланди.

Талаба ёшларда Тўра Сўлаймон ижоди борасида шоир Салим Ашур, Ғайрат Мажид ва Муҳиддин Абдусамад кузатишлари ва шеърлари катта таассурот қолдирди. Университетда фаолият кўрсатаётган “Тўра Сулаймон издошлари” адабий тўгараги аъзоларини шоирга кўрсатаётган эҳтироми ва ижодий машқлари кечага янада файз бағишлади.

Адабий-маърифий кечадан катта завқ олган бир қаламкаш эса бўғзини куйдириб шеър ўқирди:

Туркийдир қавмим маним, атворим ҳам туркийча,

Дину имон, эътиқод, қарорим ҳам туркийча,

Лочин мисоли учуб, қўнарим ҳам туркийча,

Дўстга дўст, ғаним йўлин тўсарим ҳам туркийча...


5 382
Нурилла ЧОРИЕВ, ЎзА