ЎзА Ўзбек

13.08.2019 16:43 Чоп этиш версияси

Саудия Арабистони Подшоҳи қабул маросими ўтказди

Саудия Арабистони Подшоҳи қабул маросими ўтказди

“Ҳаж – 2019” кундалиги

Кеча, 12 август куни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд қироллик саройида икки муқаддас масжид меҳмонлари, ҳукумат амалдорлари, делегация раҳбарлари ва зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган идора раҳбарлари учун қабул маросимини ўтказди.

Мазкур тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, “Ҳаж – 2019” ишчи гуруҳи раҳбари Ж.Акрамов, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси У.Мақсудов иштирок этди. 
Қабул маросими Қуръон тиловати билан бошланди.

– Худо Саудия Арабистони Подшоҳлигини икки муқаддас масжидга ва Раҳмон меҳмонларига (ҳожилар) хизмат қилиш билан шарафлади. Қирол Абдулазиз давридан то бугунгача дунё мусулмонлари ҳаж ибодатини қулай шароитларда, мукаммал адо этиши учун бор куч-ғайратимизни сарфлаяпмиз. Аллоҳдан амалларингизни қабул бўлишини, эсон-омон ўз юртингизга етиб олишингизни сўрайман, – деди Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд.

Қабул чоғида Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири доктор Муҳаммад Солиҳ бин Таҳер Бинтин сўзга чиқиб, зиёратчилар ва бутун дунё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклади.

Вазир дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан 170 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат 3 миллионга яқин биродаримиз Арафотда ҳозир бўлганини, уларнинг учдан бир қисми 70 ёшдан ошган қариялар эканини маълумот учун айтди. Ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажариш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи қиролликнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

ЎзА
4 124