ЎзА Ўзбек

02.10.2018 Чоп этиш версияси

Санкт-Петербургда миллий-маданий марказ ташкил этилса...

Санкт-Петербургда миллий-маданий марказ ташкил этилса... Санкт-Петербург кўпмиллатли шаҳар. У бежиз Россиянинг иккинчи пойтахти, дейилмайди. Лекин гап ҳозир бу ҳақида эмас. Федераль миграция хизмати маълумотларига кўра, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида (асосан шаҳар атрофи районларида) 670 минг ўзбек доимий ёки вақтинча яшамоқда. (Доимий деганда Россия фуқаролигини қабул қилган ва узоқ йиллардан буён шу ерда яшайдиган миллатдошлар назарда тутилган).

– Ўзбеклар шаҳар ва вилоятдаги энг катта диаспорадир, – дейди Ленинград вилояти “Дўстлик уйи” директори Владимир Михайленко. – Улар шимолий пойтахт иқтисоди, маданий ҳаётида сезиларли ўрин ва таъсирга эга. Мен улар орасида биринчи ранг капитани, ядро физикаси тадқиқот институтининг етакчи олимлари, Россиядаги энг йирик қурилиш холдингларидан бири раҳбари, машҳур хирург, озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг етакчи бренди эгаси, ўнлаб йирик бизнесменлар, рассомлар, санъаткорлар, минглаб талабалар борлигини биламан, танийман. Улар билан мулоқот қиламан.

Владимир Михайленко тарих фанлари доктори, профессор. Хива ва Қўқон хонликлари тарихининг россиялик тадқиқотчиси. Шунданми, шарқона одоб-ахлоқни яхши билади. Бизга турфа хил касбда ишлаётган мигрантларни эслатмади. Аслида Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида яшаётган ўзбекларнинг катта, балки асосий қисми вақтинча ишлаётганлардир. 

– Биз оиламиз билан шу кафеда ишлаймиз, – дейди ўзини Хоразмдан деб таништирган Л.С.лар оиласи бошлиғи. – Мен, хотиним, бир ўғлим ва келиним ошпазлик қиламиз. Қайинсинглим кассада. Қизим фаррош.
– Дам олиш кунини қандай ўтказасиз? Ўзбекистонликлар билан учрашиб турасизларми?

– Навбат билан дам оламиз. 3-4 хоразмлик оилалар билан аҳён-аҳёнда учрашамиз. Бу ерда биз бориб, суҳбатлашиб ўтирадиган, юртимиз шамолидан баҳраманд бўладиган, янгиликларни баҳам кўрадиган жой бўлмаса, қаерга ҳам борардик?

af.jpgМен Санкт-Петербург шаҳри, Ленинград вилоятининг Приозёрск, Михайловка, Петергоф, Пушкин, Гатчина каби район ва ҳудудларида бўлиб, қурувчи, фаррош, ҳамшира, бола боқувчи, қоровул, ҳайдовчи каби бир неча ўзбек йигит-қизлари, оила аъзолари билан учрашиб суҳбатлашдим.

– Бир-икки ойда бир бор ўн-ўн бештамиз йиғилиб ош қиламиз. Йилда бир ёзда ўрмонга, пикникка чиқамиз, – деди ўзини Раҳмат Салимов деб таништирган Гатчинадаги дала ҳовлиси қоровули. – Бошқа қаерга ҳам бориш мумкин?

– Ўзбекистондаги янгиликлардан асосан интернет орқали хабардор бўлиб турамиз, – дейди Санкт-Петербургдаги сайёҳлик кемаси фарроши андижонлик Адиба Қодирова. – Бу ерда ўзбекча радио бўлмаса, ўзбеклар маданият маркази бўлмаса... Болам 2-синфда ўқийди. Ўзбек тилини ўргатай десам, биронта, ҳатто пулли ўқув курси ҳам йўқ.

– Биз тез-тез тенгдошларим билан учрашиб турамиз, шаҳар айланамиз. Гоҳида қўшиқ айтиб, рақс тушгимиз келади. Лекин бунинг учун алоҳида жойимиз йўқ, ижарага олиш жуда қиммат, – дейди Санкт-Петербург университети талабаси Фаррух. У яхшигина қўшиқ айтар экан. Гитара чалиб куйлаб берди. Ватан, Ўзбекистон ва муҳаббат ҳақидаги самимий, беғубор қўшиқлар эди.

Келинг, гапни чўзмай, муддаога ўта қолай. 670 минг ўзбекистонлик. Бу кичик рақам эмас. Қолаверса, унинг 90-95 фоизи ишга яроқли, аниқроғи, ишлаётганлар. Тўғри, уларни у ерга турли сабаблар етаклаб келган. Иш қидириб, тирикчилик деб. Тўй қиламан, машина оламан, дегани ҳам оз эмас. Илмга чанқоқ ёшлар ҳам талайгина. Зиёлилар, тадбиркорлар, олиму фузалолар... Қай бирини айтай?

Мана, масалан, асли хоразмлик Равшанбек Қурбонов. У Санкт-Петербургнинг энг ҳурматли депутатларидан. Ҳукуматда уни ташаббускор инсон сифатида билади, ҳурмат қилади. Шу инсон ташаббуси билан бир муддат “Петербург.уз” деган газета 20 минг нусхада ўзбек тилида чоп этилиб, бепул тарқатиб турилди! Газетага бақувват ҳомий керак эди. Лекин бунга қодир бўлган сармоядор юртдошларимиз бош бирлаштира олмади. Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги ўзбекистонликларга ўзбек тилидаги хабарлар томон очилган “дарча” ёпилиб қолди...

Санкт-Петербургда бўлган чоғим мен ажойиб икки ўзбек рассоми ижодий ишлари кўргазмаси очилишида иштирок этдим. Назокат Қосимова ва Муродилло Дониёровларнинг “Дўстлик уйи”да очилган кўр
газмаси питерлик рассомлар, санъатшунос олимлар, рангтасвир мухлисларида гўзал туйғулар уйғота олди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бот-бот таҳлилий мақолалар чоп этилди. Лекин гап ҳозир бунда ҳам эмас. Кўргазма “Дўстлик уйи”нинг фойе, йўлак, мажлислар зали, картина қўйиш мумкин бўлган хона борки, шу ерларга ўрнатилди. Владимир Михайленко ва Равшанбек Қурбоновга раҳмат. Шу кичик имкониятдан самарали фойдаланганлари, ташкилотчилиги ва фидойиликлари учун! Хўш, аслида бу кўргазмани ким ташкил этиши лозим эди?

– Мен Санкт Петербург университети магистратурасини “санъат” йўналиши бўйича тамомлаб, ҳозир аспирантурасида илмий тадқиқот олиб боряпман, – дейди Назокат. – Айни чоғда Эрмитаждаги қадимий Шарқ рангтасвир ва девор суратларини рестоврация қилиш лабораториясида ҳам илмий ходим бўлиб ишлаяпман. Кўргазмадаги мен чизган суратлар кўнглим аксидир.

Мен Ленинград вилояти Губернатори Александр Дрозденко билан учрашувим чоғида ўзбек тилидаги китоблар сотадиган дўкон очиш ҳақида гапиргандим.

– Марҳамат, агар ватандошларингиздан биронтаси бундай хайрли ишга қўл урса, ер ажратамиз, кредит берамиз, – деди у мени қувватлаб.

Энди ўйлаб кўрсам, гап фақат китоб дўконида эмас экан. Санкт Петербургда ўзбек миллий маданият маркази очилиши заруратга айланган. Молиявий таъминот масаласи томонларнинг ҳамкорлигида ечимини топишига ишончим комил. Таркибида болаларга ўзбек тили ўқитадиган, масалан, якшанбалик мактаб, санъат тўгараклари, кутубхонаси, китоб дўкони, бу ерга келган давлат, жамоат, маданият ходимлари, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ўтказадиган, кичик концертлар ташкил этиш, тадбиркор, олим, сиёсатчи, талаба... ва бошқа соҳа вакилларининг Ўзбекистон билан телемулоқотлар уюштириладиган информацион технологияга асосланган зали бўлган, ёнида миллий таомлар ошхонаси, совғалар дўконига эга ўзбек миллий маданият маркази очиш энг долзарб масалалардан биридир. Бунинг қонуний асослари мавжуд. Гап ташкилотчиликда. Ким зиммасига олади?

Бугун Санкт Петербургда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Россия Федерациясидаги элчихонаси таркибида бўлган Бош консулхонаси фаолият кўрсатмоқда.
– Консулхона биносидан Сиз таклиф қилаётган мақсадларда фойдаланишнинг жисмоний имконияти йўқ, – дейди консул Равшан Баҳритдинов.

Яқинда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев ташаббуси билан Ўзбекистон умумжаҳон ёшлар ассоциациясининг Санкт Петербург бўлими ташкил этилди. 

– Биз ҳозиргача бу ерда ишлаётган мигрантлар, ўқийдиган талабалардан 362 нафарини аъзоликка қабул қилдик. Аслида сафимизга қўшилишга минглаб ёшлар тайёр. Аммо улар билан учрашиб гаплашадиган, тадбир ўтказадиган жойимиз, ҳатто офисимиз йўқ, – дейди Ўзбекистон умумжаҳон ёшлар ассоциацияси Санкт Петербург бўлими раиси Бунёд Бобожонов. – Кўчаларда учрашиб, тўпланиб ёшлар билан ишлашнинг деярли имконияти йўқ. Агар ўзбек миллий маданий маркази ташкил этилса, бўлимимиз ҳам унинг қанотида самарали фаолият кўрсатган бўлар эди.

Мен Тошкентдаги танишларимдан бири билан телефонда гаплашдим. У Санкт Петербургда китоб дўкони очишга, ҳатто кундалик газеталарни етказиб туришга ҳам рози бўлди.

– Бу бизнес эмас, Санкт Петербургга китоб, газета олиб бориб сотиш фойда келтирмайди. Лекин ўша ердаги юртдошларимни Ватан билан боғлаб турадиган бир эзгу ишга холис хизмат қилишга тайёрман, – деди у.

Санъаткор, шоиру – ёзувчи, рассом дўстларим юрагига “қўл солдим”. Улар Санкт Петербургда ўзбек миллий маданий маркази очилса, ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдирдилар.

– Санкт Петербургда муқим яшайдиган юртдошларимиз орасида катта сармоядорлар бор. Уларни бу хайрли ишга жалб этамиз, – дейди Равшанбек Қурбонов. – Фақат Ўзбекистондаги алоқадор Ташкилотлар бу ишга бош бўлишса, яхши бўларди.

Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Санкт-Петербург шаҳри

6 446