ЎзА Ўзбек

12.07.2020 Чоп этиш версияси

Санъатидек барҳаёт инсон...

Санъатидек барҳаёт инсон...

2018 йил. Июннинг жазирама кунлари. Мақом санъати ҳақида тезкор материал тайёрлаш топшириғини олгач Ўзбекистон давлат консерваториясига зинғиллаб чопдим. Аввалдан ҳеч қандай қўнғироғу огоҳлантиришсиз Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоевни бир амаллаб топдим. Гўё Ҳизр бувани учратгандек эдим. Негаки, топшириқ тезкор, санъаткоримиз ҳам суҳбатга рози бўлди.

Адашмасам, авжи пешин эди. Домла жуда ҳорғин кўринарди. Мақсадимни аста тушунтирган бўлдим.

— Кун жуда қизидида, қон босимим бироз ошганга ўхшайди, — деди домла кўзларини юмиб, пешонасини бироз силаганча. — Ҳозир, қизим, фикримни бироз жамлаб олай...

Домлани бундай ҳолатда безовта қилганимдан хижолат бўлиб, дафтаримни варақлай бошладим. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, миллий мақом санъатимизнинг аҳамияти, унинг тобора тикланиб бораётган мақоми, бебаҳо бу санъатнинг ўзига хос масъулияти ҳақида батафсил сўзлади. Залворидан чўчибми ё бошқа сабабданми, мақомда ўқиб, кейин ўзини эстрадага «урган» хонандалар ҳақида ҳам билиб олгандим ўшанда. Маҳмуджон аканинг фикри ғоят бой, теран ва тиниқлиги айтаётган сўзларининг нақадар маънили эканида зоҳир эди. Бу санъат мудом ҳалол, ростмана, жонли ижрога таяниши, мақом санъаткори учун моддий манфаатлардан кўра руҳий поклик, маънавий қувват, комиллик, интизом, масъулият, чинакам истеъдод устувор эканини янада теранроқ англадим. Нодир санъатимизга доир яхшигина китоб ўқигандек бўлдим.

Тўғриси, у кишидан «Нега огоҳлантиришсиз, қўнғироқсиз келдинг», «Имтиҳондан чиқдим», «Чарчадим, вақтим йўқ» каби важлардан, суҳбатдан бош тортишидан хавотирда эдим. Ажаб, устоз санъаткорда кибрни, манманликни, осмондан келишни учратмадим! Ваҳоланки, одамийлиги, одамгарчилиги бутун бу инсон кези келганида, бир гап билан «михлаб» қўйишни ҳам, ўрнида гурунгу аскияни ҳам қойиллатарди. Бир сўзли домланинг барча айтганлари ғоят равон экани боис суҳбатни бир зарбда, ўша куннинг ўзида тайёрлаб топширдим.

...Баъзан хориж сериалларидаги етти ухлаб тушимизга кирмаган актёрлардан ўзимиз учун «юлдуз» ясаймиз. Бироқ миллий ўзлигимиз акс этган тенгсиз санъатимизни асраб-авайлаб, бу йўлга умрини бағишлаган инсонларни, уларнинг ижросини, маҳоратини, меҳнату изланишини унутгандек бўламиз. Эл бошига иш тушган шу кунларда таниқли ҳофиз, санъатимиз фидойиси, устоз ижодкорнинг бу дунёни тарк этгани миллий мусиқамиз ихлосмандларининг кўнглини янада чўктирди.

Моҳир санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоевнинг хотираси умрбоқий мақом санъати каби мудом барҳаётдир.

5 896
Назокат Усмонова, ЎзА