ЎзА Ўзбек

31.05.2018 07:30 Чоп этиш версияси

Санъат ва ёшлар қиёфаси

Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрида Маданият вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида "Театр ходимлари ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва бугунги дунё манзараси" мавзуида тадбир ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда миллий маънавиятимизни юксалтириш, маданият ва санъат ривожи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу йўналишда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ёш авлод онгу тафаккурини тўғри шакллантиришга оид ишларни замон билан ҳамнафас йўлга қўйишда, тарғибот ишларини ҳаётий, таъсирчан ва самарадор олиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 2017 йилда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида маънавият тарғиботчилари ҳамда санъат ва маданият ходимларининг ҳамкорлигини кучайтириш, биргаликда турли тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодий лойиҳалар ташкил этиш кўзда тутилган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан вазирлик тизимидаги ташкилотлар, ижодий жамоаларда давра суҳбатлари, тадбирлар, мулоқот ва учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланган.

– Спектакллар болаларни фақат эзгуликка, катталарга ҳурмат, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, она табиатга эҳтиёткорона муносабат руҳида тарбиялашга йўналтирилган, – деди Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри директори Равшан Исроилов.

Учрашувда юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, дунёдаги мураккаб глобаллашув жараёни, ёш авлод онгу тафаккурини асрашда ижодкор зиёлиларнинг бурчи ва масъулияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 610