Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.11.2012 16:01 Чоп этиш версияси

Санъат байрами болаларни чорлайди

Маҳлиё Турғунпўлатова Намангандаги 7-мактабда ўқийди. У дуторда “Табассум”, “Дутор баёти” сингари миллий куйларни ижро этишни ёқтиради.

Анъанавий “Янги авлод” республика болалар ижодиёти фестивали Маҳлиё сингари кўплаб ўғил-қизларнинг ижодини катта саҳналарда намойиш этиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Давлат консерваториясида мазкур ижодий лойиҳанинг якуний босқичи бошланди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Республика “Камалак” болалар ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этмоқда.

Навқирон авлоднинг ижодий-интеллектуал қобилиятини доимий ривожлантириб бориш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2004 йилдан буён ўтказиб келаётган “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ижодий лойиҳада 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар чолғу асбоблари ижрочилиги, хонандалик, рақс, тасвирий ва амалий санъат, адабиёт каби йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этади. Бу йилги фестивалнинг илк босқичларида қатнашган 30 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз орасидан сараланган 858 нафар истеъдод эгаси якуний босқичга йўлланма олди.

– Фестивалнинг якуний босқичида қатнашиш имконини қўлга киритганимдан жуда мамнунман, – дейди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси, 14 ёшли Моҳигул Рустамова. – Мактабимизда ўтадиган адабиёт байрамлари, мушоираларда доимий қатнашиб келаман. Бу фестивалда жонажон Ватанимиз, миллий қадриятларимизни тараннум этувчи шеърларим билан қатнашяпман. Машқларимни машҳур шоирлар, адабиётшунослар назаридан ўтказиш, уларнинг маслаҳати, маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлаётганимдан жуда хурсандман.

Мазкур санъат байрами давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ёшлар ижод саройи, Респрублика рассомлик коллежида турли йўналишлар бўйича саралаш босқичлари бўлиб ўтади. Шу билан бирга, кўргазмалар, концертлар, маҳорат сабоқлари, шоир ва ёзувчилар, мусаввирлар, хореографлар билан ижодий учрашувлар, музей ва театрларга саёҳатлар ташкил этилади.

“Янги авлод – 2012” Республика болалар ижодиёти фестивалининг ғолиб ва совриндорлари иштирокидаги гала-концерт 28 ноябрь куни “Истиқлол” саройида ўтказилади.


ЎзА, Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат)
7 990