ЎзА Ўзбек

05.11.2019 Чоп этиш версияси

Самимияти баланд инсон эди

Самимияти баланд инсон эди

Устоз дуоси

Таниқли ўзбек ёзувчиси Шукур Холмирзаевни адабиётшунослар қалами ўткир, фикри теран, тафаккури ёруғ инсон эди, дея таърифлашади... Биз Ўзбекистон халқ ёзувчиси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Шукур Холмирзаев ҳаёт йўлини ёдга оламиз.

Олим ТОШБОЕВ, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

– Шукур Холмирзаев ижодий мероси серқирра ва сержилолиги билан ўқувчини мафтун этади. Бу оҳангдорлик ва ранг-баранглик замирида адиб суйган эркинлик ғояси мужассам, десак ҳақиқатга хилоф бўлмайди. Шукур Холмирзаев ижодий фаолияти давомида ҳеч кимдан оҳанг олмади ҳамда ҳеч кимга ҳам соз ва овозини бериб қўйган эмас. У салафларига чўнг бир муҳаббат билан мурожаат қилди, тенгдошлари билан фахрланди, ука ва шогирдларига нисбатан беғараз бўлди. Ёзувчининг қандай яшаб ўтгани, шахс сифатидаги суврати, ҳаётга ва одамларга муносабати ҳақида устозлари, сафдошлари кўп ва хўб ёзган. Бу хотиралар чин юракдан, самимий битилган. Чунки адибнинг ўзи ростгўй эди, дилидаги тилида эди.

Устознинг қуйидаги гапларини “Абадий замондош” китобимда келтирганман: “Мен адабиётни қисматим деб аллақачон айтиб қўйганман. Буни ўзим биламан, Оллоҳ билади. Қисматим демаганимда, мен бу ерларда – ёзувчилар дала-ҳовлисида макон тутмай, хотин, бола-чақамнинг ёнида юрардим. Тузуккина рўзнома ёки журналга муҳаррирлик қилиш ҳам қўлимдан келади. Нима қилай, ҳаёт шундай бўлди. Менинг суянчиғим фақат адабиёт бўлиб қолди. Шахсан мен бу йўлга кирдимми... йўқ, орқага қайтиб бўлмайди. Бошқача ҳаёт кечира олмайман.

Мен шу йўлдан кетаман. Лекин бир нарсага афсус қиламан. Бу йўлдан кетган одам, бу руҳда тарбияланган одам рўзғордан қийналар экан. Мен яхши эр бўлолмадим, деб ҳисоблайман ўзимни. Яхши, меҳрибон ота бўлолмадим. Ҳаётимнинг кўп дамларини адабиётга сарфладим. Бундан афсусланмайман. Хумори бўлиб қолганман. Лекин нима қилай? Бошқача йўл тутолмайман”.

Шукур ака адабиёт учун ҳаётини тикди. Ёзиш адиб умрининг мазмуни эди. Устоз айтиб берган бир воқеа ёдимга тушди. Яъни, таниқли адабиётшунос ва унинг тижорий ҳамкорлари ўртасида гап қочади. Даҳанаки жанжал ёқа бўғишга айланиб кетади. Йигитлар шўрлик танқидчини аввал калтаклаб, кейин оёқ-қўлини боғлайди-да, шаҳардан олисга – даштда ташлаб кетишади. Мунаққид шу алфозда бир кун чорасиз қолади. Уни тунда дашт ҳайвонлари – тулки ва дайди итлар узоқ-узоқдан томоша қилади, ҳатто баъзилари яқин келиб, ҳидлаб ҳам кетади. Тонг отиб, қуёш чиққанда чўпонларнинг хонаки итлари одам қорасини сезиб, эгаларига хабар беради. Чўпон-чўлиқлар олимнинг оёқ-қўлини бўшатиб, меҳмон қилади.

Бу саргузаштни эшитган Шукур Холмирзаев:

– Эҳ, фалончининг ўрнида мен бўлмабман-да! – деб астойдил афсус чекади.

Ўтирганлар ҳайрон.

Адиб ясама “жаҳл” билан:

– Анави йигитларни топиш керак. Улар мени шундай – оёқ-қўлимни боғлаб, даштга ташлаб келганларида зўр иш бўлар эди, – дейди суҳбатдошига синовчан қараб. – Тасаввур қилаяпсизми, оғам! Ётибсиз. Ночорсиз. Оёқ-қўл боғлиқ. Одам... Қандай ҳаракат қилади? Нимани ўйлайди? Эсиз-эсиз... Фалончи шундай ўтказиб юборибди-я?! Дундук! Бу зўр ҳикоя бўлади-ку!”.

ЎзМУ журналистика факультетининг тўртинчи курсида ўқиб юрганимда Ҳалима Худойбердиева раҳбарлик қилган “Саодат” журналининг 1993 йил 2-3 сонларида Шукур Холмирзаев билан “Ҳар не истарсен ўзингда жам эрур...” номли суҳбатим эълон қилинди. Муқовада устознинг ниҳоятда ўзига хос сурати ҳам берилган эди. Дўрмонда кечган ўша гурунгда адиб катта шов-шувга сабаб бўлган “Адабиёт ўладими?” маъруза-мақоласига тўхталиб “Маъруза 28 бет эди. Унинг бор-йўғи 13 бети босилди. Қолган 15 бети эса қолиб кетди. Шунинг ҳаммаси бир кун эълон қилинса менинг нима демоқчи бўлганим аён бўлади. Мен ўшанда айтганман адабиёт истиқболию борадиган манзил-маккасини” дея гапириб, “Бир ғалати асарлар пайдо бўлади. Булар, шубҳасиз тўхтаб қолган Абдулла Қодирий прозасига яқин проза бўлади. Мен ишонаманки, оддий ҳикоялардан кўра, ҳикоятлар устун келади. Ривоят тариқасидаги ҳикоялар устун бўлади бориб-бориб. Чунки, замон, дунё – эврилди. Фақат, мангуликлар яшаб қолишига ишондик.

Хуллас, Оврупо реализмидан ҳам, ўрис реализмидан ҳам узоқлашиб, бошқача, яъни донишмандона бир адабиётга етамиз. Моҳият, мақсад аниқ, мағзи тўла бир адабиёт яратилади-ки, бу эса, ўша “Чор дарвиш” деганимиз, Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Фаридиддин Аттор, Ал Маарий ва бошқа классикларимизнинг йўлини давом эттирадиган адабиёт бўлади. Ана шу йўлдан кетадими дейман-ов. Ёки ҳеч бўлмаганда, ўша йўлга яқин бориб қолади. Мен бунга аминман!” деган эди.

Яна бир гап: Шукур ака мангу ҳақиқатлар ҳақида гап кетса, албатта достонларимизни тилга оларди. Алпомишни ор-номус тимсоли сифатида кўрар, шу сабабли ҳатто дўст миннатини ҳам кўтара олмаслигини айтиб, ўнг юзини “йўқ” дегандай учирганча, мамнун жилмаярди. Ёзувчининг бу жилмайиш – табассумида аждодларнинг, аввало, Алпомишнинг шаъни, ҳамияти, ғурур ва мардлиги зоҳир эди.

Ана ўшандай дамларда адиб невақт жим қолиб, охирида кўксини қабартиб, энтикиб оларди-да, қўллари ила кўксини сийпаб, атрофга мағрур кўз ташлаб қўярди.

Адибимиз Алпомишга бўлган юксак эҳтиромини “Ёзувчи” газетасининг 1998 йил 21 январь сонида босилган “Марҳабо, Алпомиш!” мақоласида “Бир нарса шак-шубҳасиз ҳақиқатки, оламда туркий халқларчалик достони кўп халқ йўқдир” дея изҳор этади ва достондаги:

“Товушқон туёқли, марол беллидир,

Асл тулпор экан ўзбекнинг оти...” деган сатрларни келтириб, “Алпомиш”нинг минг йиллик тантаналарини ўзлигимизни кашф этиш йўлидаги улуғ байрамларимиздан бири дея қайд этади.

Шукур ака Доғистоннинг машҳур шоири Расул Ҳамзатовнинг

“О, маҳорат! Мен сенга етдим,

Сенга етишгунча емирилиб бўлдим!” сатрларини кўп такрорларди. Ўқувчилик даврида шеър ёзгани ҳақида гап очилгудек бўлса, “Мен иккинчи курсдаёқ шеър ёзишни ташлаб кетганман. Бунга Абдуллажон сабаб бўлган. Мен ўшанда Абдуллажондан ўтказиб шеър ёзолмаслигимни англаб етган эдим. Меники ҳаваскорнинг шеъри бўлган. Абдуллажонга ўқиб бериб юрардим. Шу, Абдулла айтди-да бир куни:” Шукур, шу икки сатр шеърингиз менга жуда ёқади-да”, деди. “Нима эди”, дедим. Шуни ёзган эканман, ўзим ҳам билмайман:

“Шеъримга сарлавҳа этиб исмингни,

Атрофин ёй билан ўраб қўяман.

Яқин қардошимда кўрсам номингни,

Минг бор аҳволингни сўраб қўяман”.

Умуман, шеърни яхши кўраман. Қулоғим тинч, кўнглим тинч бўлган пайтларда шеър ўқийман. Шеърнинг садағаси кетай, бунда гап кўп...” дер эди.

Қадим шеъриятнинг руҳ ва оҳанги адиб асарларига жило берди, сўзларни бийрон сайратди, жумлалар тиниқ ва жозибали бўлди. Буларнинг ҳаммаси шеър сеҳридан десак, хато бўлмайди.

Биласизми, Шукур аканинг овози, айниқса, шеър ўқиш маҳорати унча-мунча дикторларни ҳам довдиратар эди. Айниқса, Миртемирнинг “Сурат” поэмасини, “Ҳамлет” монологини ёдаки ўқиганда акани таниб бўлмай қолар эди. Энди ўйласам, юракдаги чер, ғубор ва ғашликлар, ўтган умрнинг афсус ва сафолари, олисда қолган болаликнинг сеҳру таровати – ҳамма-ҳаммаси қўшилиб, адибнинг бўғзидан шеър бўлиб отилган экан.

Юсуф ХУДОЙҚУЛ, журналист:

– Бирон асарни ўқиётган одам шу асарнинг қаҳрамони, “мен”лиги айнан ижодкорга эмас, балки ўзига ҳам тааллуқли эканини ҳар доим ҳам англайвермайди. Асар ҳаётий ҳақиқатнинг маълум нуқталарига таянса-да, ички туйғу, ҳиссиёт, эҳтирос, аламли армон, ҳайрат, айрилиқ ва топишув онларининг сабаби зоҳирда аёнлашиб, ўқувчининг ҳаётда инсондек яшаши учун маёқ вазифасини ўтаганида асар ҳақиқий асарга айланади. Шундай экан, ёзувчи атроф-муҳитни кузатиш орқали хулоса чиқаради. Демак, ҳодисанинг юзага келишида муаллифдан ташқари, атрофдаги одамлар ҳам иштирок этади.

Ёзувчи ўқувчини ўзида бор этиш санъатини қўллаб, иқтидори, салоҳияти, таланти билан мухлисини гоҳ гулшан қучоғига, гоҳ баланд-пастликлар сари, гоҳида кимсасиз даштларга бошлаб кетаркан, бу ҳолат ҳар бир инсонда содир бўлиши мумкин бўлган воқеага айланади. Аслида ҳам шундай, ҳар қандай жамият бутунликда мавжуд, якка тартибда инқирозга учрайди. Асарда шахслар жамланади, бир бутунликка айланади.

Шукур Холмиразев билан кўп бора суҳбатлашганмиз. Ҳар гал адабиётнинг вазифаси ўқувчи онгида фикрни яратиш, ўзини ўзи билан “гаплаштириш” орқали яшашнинг туб моҳиятини билишга ундаш, энг муҳими, ҳаммага ҳам етишавермайдиган томирлардаги маънавий онгни усталик билан уйғотиш ёзувчининг бурчи эканлигини таъкидларди. Бир гал Дўрмон боғидаги ҳовлисига борсам, ўйчан ўтирган экан, салом-аликдан сўнг бир журналда қисса ўқиганини айтди. “Ҳарфини катталаштирса 30 варақдан ошмайдиган асарни қисса эмас, ҳикоя дейди-да энди. Ўқидим, юки енгил, унча тош босмайди. Қиссанинг эса юки баланд, ҳаётни кенгроқ қамраб олишдан ташқари, ички кечинмаларни, яъни руҳият ҳолатларини теран ёритиш керак қиссада, ёзувчи бир жойда муқим ўтиришни ўрганишдан эринмаслиги лозим, аммо сўзни ишлата билиш – бу талант, уни эгалламаган ёзувчи асарида ёввойи ўтлар сероб бўлади” деди.

Шукур ака бирон асар ҳақида гапирса, биринчи навбатта, муаллифнинг келажакда яхшигина ижодкор бўлиб, элга танилиши мумкинлигини эътиборга оларди. Ўзига ёққан асарнинг баъзи жиҳатларини ё танқид қилар, ё айрим воқеаларини мақтаб қўярди. Ўзи суймайдиган асарни “Ҳа, бу ҳам яхши” деб қўя қоларди. Шукур Холмирзаевнинг назарига тушиш ҳаммага ҳам насиб этавермасди. Биз кўпинча “бешафқат” деган сўзни кўп ишлатамиз, аслида Шукур ака тўғри сўз ижодкор эди. Начора, тўғри танқид кўпчиликка ёқмасди. Ҳозир ҳам шундай, агар шогирд устоз танқидидан тўғри хулоса чиқара олса, унинг ютуғи, аксинча бўлса, ҳамма ёзувчи қатори юраверади.

Мен ўша қисса кимнинг асари эканини сўрамагандим. Сабаби Шукур ака кимлигини ўзи айтмадими, сўрагандан фойда йўқ, аниқлик киритишни истаганни хушламасди. Бу балки ўсиб келаётган ижодкорнинг ёзганини кузатиб бориши, унинг келажакда забардаст ёзувчи бўлишини хоҳлаганидандир. Уни авайлашидандир. Албатта, гурунгдошини ранжитишни ҳам истамасди, бирон гапга нуқта қўймоқчи бўлса, шунчаки кўз қарашидан билса бўларди. Қолгани ўзингизга ҳавола эди.

Шукур ака биров билан ҳол-аҳвол сўрашганда унинг кўзлари доимо жилмайиб турарди. Бирон асар ҳақида гапирганда, гўё кўзлари учқун сачратаётгандек, чақнарди. Лекин доим севинчини ҳам, ғазабини ҳам яширишга ҳаракат қиларди. Барибир кўзидаги жилмайиш юзида акс этмасди. Унинг таг маъносини тушуниш қийин эди. Сохтакорликни ёқтирмасди. Ҳаётнинг моҳиятини, дунёнинг мазмунини англаб етган шахс ўзлик мақомини эгаллаган бўлади, атрофдаги воқеаларга муносабат билдиргиси келади. Аммо ҳар доим ҳам ўзи тенги одамни тополмаслиги табиий ҳолат – бу одамни одамови қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам бу мақом камдан кам одамларга насиб этадиган жараён.

Бир суҳбатимизда: “Одамлар билан гурунглашганда уларнинг сўзлаши юкига қараб тусланишини, тусланишига гапириш оҳанги мослашувини назардан қочирмаслик керак. Инсон ўзини минг қолипга солса-да, ички кечинмаси бирда бўлмаса бирда унинг кимлигини ошкор қилиб қўяди” деди. Жиддий нигоҳидан нимадир демоқчи эканлигини сездим. Гапига гап қўшмай сукут сақлаб турдим. “Биласанми, ҳозир қайси асар қайта-қайта нашр этилаяпти? Ҳамманинг оғзида шу асар! Аслида унча қиммати йўқ. Маиший мавзуда. Ўзим ёқтирмайман, лекин яхши ҳақ тўлайман деганига, деярли қайта ёзиб бергандим. Асар чиқди, аммо ваъдабоз алдаб кетди”.

Бундай пайт, онги маълум мартаба зинасини забт этган одам, аввало, алдаган шахсдан эмас, балки ўзидан аччиқланади. Бу ҳаётнинг турғун фалсафаси. Шунинг учун ҳам Шукур ака у ёзувчини (ёзувчи деб бўлса) ахтармаганини, бунинг энди кераги ҳам йўқлигини айтган эди.

Ёзувчи ўз ёзганидан қалбан ҳузур олмас экан, у ҳеч қачон мақтанишдан чарчамайди. Агар ҳузур олса-чи, энди у дунёни унутади. Мақтанмайди, балки ўқувчининг асарга муносабатини кузатади. Асарнинг кимнинг номидан чиқиши эмас, балки одамлар қўлига етиб боргани, ўқимишли экани, асосийси, маънавий онг озуқаси борлиги уни ўзга оламга олиб киради. Қониқиш ҳисси барча гиналарни унуттиради. У оламга нурли қарай бошлайди. Ўша ваъдабоз ёзувчининг бошқа бирон номдор асари чиққани ёки қўлма-қўл бўлганини, менимча, ҳеч ким эшитмаган.

Болаликдан воқеий гурунгларга қизиққаним боис Шукур Холмирзаевнинг ҳикояларини кўп ўқирдим. “Кўнгил” ҳикоясида ажойиб ҳолат бор, овчи йигит атрофдагиларга ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатгиси келади. Қўни-қўшниларнинг назарига тушишни хоҳлайди. Ички иштиёқ ва ҳаракат каклик овида унга кўмак берган дўстининг туйғуларига соя ташлайди. У ҳам умидвор эди. Аммо олий мақсад овчи йигитни ўз измига олганди. Бу ҳаммада учрайдиган ноёб нарса, лекин буни ҳамма ҳам тан олгиси келайвермайди. Ҳикоя сўнгида “Кўнгил ҳам бор-да...” жумласи билан Шукур ака ҳикояда узукка ёқутдан кўз қўяди. Беихтиёр чап бармоғингизни пешонага тираб хаёлга толасиз, бу воқеа ўзингизда содир бўлмаганми? Кимнидир кўнглини қолдирмаганмисиз? – ўйлай бошлайсиз...

Энг асосийси, овчи йигит уйда дакки эшитишни ўйлаб, какликларни айвондаги шкафнинг устига отиб юборади. Оила ташвиши гирдобида қолиб, овини четга яшириб қўйиш ёдидан кўтарилади. Эрта тонг шошиб айвонга чиқади, не кўз билан кўрсинки, патини қолдириб, гўштини мушук еб қўйган бўлади. Шу жойда ёзувчи узук ёлғиз эмаслигини, унинг ёқут кўзли зираклари ҳам борлигини ўқувчига эслатади.

Узукнинг кўзидаги ёқут нима эди, оқ гавҳармиди?! Кўнгил омонат, уни сизга омонат қилиб берган эгаси бор ахир. Ёзувчи ўшани айтмоқчи эди. Шукур ака кўнгилни оғритиб бўлмаслигини, кўнгилга беписанд бўлишнинг ажри бор эканини, бу дунёга тегишли бўлган манманлик, одамларнинг учирма гапи билан яшаш одамни одамгарчиликдан чиқариши мумкинлигини моҳирлик билан воқеалар оловида ёритади. Ҳеч қачон бир чизиқдаги воқеалар ривожига изоҳ бермайди. Бунинг кераги ҳам йўқ. Ўқувчи фикрладими, унда тафаккур уйғониши керак-ку. Бу энди улкан талант, ғойибдан юқтирилган истеъдод, ҳадя этилган иноят.

Шукур Холмирзаевнинг ўзи ҳаётни теран англаган, инсониятнинг кечмишини ҳис эта олган инсон эди. Шунинг учун ҳам у асарларида қонуният яратмади, балки азалдан бор қонуниятни одамларга юқадиган қилиб эслатиб турди.

Ўзи ҳар жиҳатдан баркамол инсонларда ҳеч кимга ўхшамайдиган хислат, хулқ-атвор, фақат ўзигагина тегишли яшаш фалсафаси бўлади. Шукур Холмирзаев ўзига тегишли фалсафани умумлаштириб адабиётга олиб кирди. Олиб кирганда ҳам бетакрор услубда ифодалай олди. Бу завқни ҳаётнинг ҳеч бир лаззатига алишмади.

Ана шундан, у ўзбек ҳикоянавислигида ўзига хос мустаҳкам чўққи яратди. Айниқса, “Зов остида адашув” ҳикоясини нафис сўз ила яратилган санъат асари дейиш тўғри бўлади. Бундан ташқари, “Омон овчининг ўлими”, “Банди бургут”, “От ўғриси” сингари ҳикоялари орқали Шукур Холмирзаев ўзбек ҳикоячилигида ўзига хос мактаб барпо этди.

Мен Шукур Холмирзаевнинг: “Қиссанинг юки баланд...” сўзларини эслар эканман, фикри-ўйимга “Кўнгил” оддий ҳикоя эмас, балки унда бир романнинг юки бор, деган хулоса келди.


4 277
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА