ЎзА Ўзбек

12.04.2019 20:21 Чоп этиш версияси

Самарқанднинг француз қизи – Амир Темур даври маданияти тарғиботчиси

Самарқанднинг француз қизи – Амир Темур даври маданияти тарғиботчиси

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил этилганининг 30 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Ушбу ассоциация 1988 йил 22 мартда Франциянинг Париж шаҳрида темуршунос олимлар, профессор Люсьен Керен ҳамда Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним ташаббуси билан ташкил этилган. Нафақат Франция, балки дунёнинг турли мамлакатларидаги темуршунос олимларни ўз атрофида жамлаган ассоциация Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, санъати, маданиятини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш билан шуғулланади.

Ассоциациянинг биринчи президенти бўлган Люсьен Керен ўз асарлари ва илмий тадқиқотлари билан жаҳон темуршунослигига катта ҳисса қўшган. Таниқли олим 1978 йилда “Амир Темур салтанати” номли асарини чоп этган. 1996 йилда юртдошимиз А.Саидов билан ҳаммуаллифликда тайёрлаган “Амир Темур ва Франция” рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган. 2006 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги муносабати билан Парижда “Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат” номли фундаментал тадқиқот асарини яратган. Олимнинг бу хизматлари эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. 2018 йилда Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирига Люсьен Керен номи берилди.

24.jpg

Айни пайтда ассоциацияга Фредерик Брессанд хоним раҳбарлик қилмоқда. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан бу фидойи француз олимаси “Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси” бўлди.

Фредерик Брессанд хонимнинг ассоциация ташкил этилганининг 30 йиллигини 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланди.

Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги нишонланган кунларда мамлакатимизга келган ассоциация вакиллари ва олимлар дастлаб пойтахтимизда ташкил этилган кўргазма ҳамда Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, санъати ва маданиятига бағишланган халқаро илмий конференцияда иштирок этди.

Шундан сўнг франциялик меҳмонлар Самарқандга ташриф буюриб, тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди. Асосий тадбирлар шаҳардаги Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.

Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциациясининг 30 йиллик фаолиятига бағишланган тақдимотда Фредерик Брессанд хоним уюшма томонидан амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

26.jpg

– Самарқанднинг француз қизи эканлигимдан фахрланаман ва менга шундай таъриф беришлари жуда ёқади, – дейди Фредерик Брессанд хоним. – Ўтган йили менга Амир Темур давлати пойтахти бўлган бу муаззам шаҳарнинг фахрий фуқароси мақоми берилгани ҳаётимда янги саҳифа очди. Мен доим Самарқандга талпиниб яшайман ва бу ерга келсам ўзимни бегона сезмай юраман.

Бунинг барчаси ўзбек халқини яхши кўришим, буюк Амир Темур ва темурийлар тарихи, маданиятига яқинлигим туфайли деб биламан. Бу гал ҳам ўзбекистонлик дўстларим бизни Тошкент ва Самарқандда ҳам энг яқин кишиларидек, самимий кутиб олишди. Ўзбек халқига хос юксак меҳмондўстлик кўрсатишмоқда. Ассоциациямиз ташкил этилганининг 30 йиллиги Ўзбекистонда шундай юқори савияда нишонланаётганидан, бунинг учун кенг имкониятлар яратиб берилганидан миннатдорман.

Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, халқаро Амир Темур жамғармаси вакиллари Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданиятини ўрганиш ҳамда дунёга тарғиб этиш борасида ассоциация томонидан олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Мазкур тадбир доирасида Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида "Амир Темур мақбарасининг ўрганилиш тарихидан" деб номланган кўргазма очилди. Унда 1941 йилда Амир Темур мақбарасида олиб борилган ўрганиш давомида топилган ашёлар, жумладан, соҳибқироннинг арчадан ясалган тобути намойиш этилди. “Темурийлар даврида маданият ва санъат” мавзусидаги кўргазма ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида Регистон майдонида “Ўзбек аёли – фуқаролик жамиятида” мавзусида фотокўргазма ҳамда ўзбек миллий либослари ва анъанавий “Икат” мавзусида модалар намойиши бўлиб ўтди. Меҳмонлар ўзбек миллий матолари ва улардан тикилган бежирим либослар билан танишди.

Муҳим тадбирлардан яна бири Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида “Мирзо Улуғбек” спектакли намойиши бўлди. Эътиборлиси, спектаклда бош роль – Мирзо Улуғбек образини машҳур француз актёри Франсуа Шато ижро этмоқда.

Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциациясининг 30 йиллиги муносабати билан 13 апрель куни Регистон ансамблидаги Шердор мадрасасида Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева иштирокида концерт дастури намойиш этилиши кўзда тутилган.

27.jpg

28.jpg

31.jpg

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА
4 326