ЎзА Ўзбек

13.08.2019 16:36 Чоп этиш версияси

Самарқанддаги ибратли оилалар

Самарқанддаги ибратли оилалар

Нуробод туманидаги Қурбоновлар оиласи энг маданиятли оила, нарпайлик Норбоевлар энг зукко, пахтачилик Рустамовлар меҳнатсевар, тойлоқлик Жабборовлар ораста, Қўшработдаги Файзиевлар намунали, Иштихон туманидаги Жумаевлар оиласи – маърифатли оила.

“Ибратли оила” республика кўрик-танлови Самарқанд вилояти босқичида туман ва шаҳарлардан келган оилалар ана шундай номлар билан эътироф этилди.

– Ҳар бир инсон оилада камолга етади, ҳаётни шу муқаддас қўрғон орқали англайди, улғайгач ўзи ҳам оилали бўлади, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи З.Шодиева. – Жамият оилалардан таркиб топади, ундаги муҳит жамиятда ҳам ўз ифодасини топади. Шунинг учун юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур танлов ушбу мақсадлардан келиб чиқиб ўтказилмоқда. Танловнинг қуйи босқичларида маҳаллалардаги ибратли оилаларни аниқлаш ва улардаги ҳаёт тарзини бошқаларга намуна қилиб кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бой ҳаётий тажрибага эга оилалар эгаларининг тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб этдик. Танловнинг вилоят босқичида қатнашган оилаларнинг ҳар бири ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турди. Шу боис, танловда ғолиблар билан бирга ҳар бир оиланинг энг устувор қадрият, ғоясидан келиб чиқиб, уларга ўзига хос ном бериб рағбатлантирдик.

photo5373283234856676269.jpg

photo5375529597241764782.jpg

Танловнинг вилоят босқичида Пастдарғом тумани Гумбаз маҳалласида яшовчи Ҳусниддин Норматов ва Обод Тожиева оиласи энг ибратли оила, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Бундан 35 йил аввал турмуш қурганмиз, – дейди Ҳусниддин Норматов. – Яратганга шукр, уч фарзандни ўқитиб, касб-ҳунарли, уйли-жойли қилдик. Олти набирамиз бор. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланамиз, фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Меҳнатимизга, ҳаракатимизга яраша даромад қиламиз. Оиламиз тинч, рўзғоримиз бут. Маҳалламиз ва қўшни қишлоқлардаги 115 кишини иш билан таъминлаганмиз. Маҳалла, қўни-қўшнилар тавсияси билан ушбу танловда қатнашиб ғолиб бўлганимиздан хурсандмиз. Инсон учун оилавий хотиржамликдан улуғ неъмат йўқ экан. Оилангиз тинч, аҳил бўлса, ҳамма ишларингиз юришиб, барча мақсадларингизга етар экансиз.

Каттақўрғон шаҳридаги А.Нарзуллаев оиласи иккинчи, ургутлик Аҳтамовлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.

Вилоятнинг энг ибратли оилалари вакиллари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

photo5375529597241764783.jpg

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
3 467