ЎзА Ўзбек

13.03.2019 19:17 Чоп этиш версияси

Самарқанд университетига қачон асос солинган?

Самарқанд университетига қачон асос солинган?
Муносабат

Ўзбекистон қадим маданият ва маърифат марказларидан бири эканини тасдиқловчи мезонлардан бири буюк алломалар таълим олган масканлар илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссада намоён бўлгани билан асосланади. Масалан, халқимиз фахру ифтихори Мусо Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий каби буюк зотлар юртимизда фаолият юритган ўқув масканларида таълим олганлар. Улар қандай замон ва макон бўлишидан қатъий назар, илм-фанда эришган ютуқлари билан бутун инсоният учун сўнмас сиймолар даражасида эътироф этилади.

Шўролар даврида Ўрта Осиёдаги таълим тизимига баҳо берилганда дин ва маърифат бир-бирига қарама-қарши қилиб кўрсатилган ва шу сабабли кўп асрлар давомида шаклланган, ривожланган таълим тизими қаттиқ танқидга учраган эди. Сўнгги йилларда юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ислоҳотлар стратегияси таълим тарихини ўрганишга оид янги талабларни ўртага қўймоқда.

Бу борада Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов таклифи ўзининг тарихий ва мантиқий асосга эга экани билан ажралиб туради. У узоқ ўтмишда таълим тизимида бўлган ўзгаришларни инкор этмай, юртимизда таълим ривожининг тарихий босқичларини ўзаро боғлиқ ҳолда талқин этган. Мақолада Ўзбекистон ва ислом мамлакатларида фаолият олиб борган дастлабки таълим масканлари – мадрасалар, Европа давлатларидаги университетлар хизмати ҳурмат билан эътироф этилади. Шарқ, хусусан, Ўрта Осиёдаги олий таълим институти – мадрасаларнинг ҳозирги давр университетлари таълим тизимидаги ўзаро ўхшашлик томонларини эътироф этган ҳолда, Самарқанд давлат университет ёшини 1420 йил билан бошлаш, 2020 йилда унинг 600 йиллигини нишонлашни таклиф этади.

Муаллиф “Самарқанд университети қачон ташкил топган?” мақоласида ушбу билим даргоҳининг ёшини Улуғбек мадрасасида таълим жараёни бошланган 1420 йилдан бошлаш керак, деган таклифни жуда тўғри ва илмий асослаган. Бу фикрни XX асрдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин Самарқанд педагогика институти ўқитувчилари – Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат ва бошқалар айнан мадраса ўқувчи-ўқитувчилари бўлгани билан изоҳлайди.

Мен аминманки, ўзини ватанпарвар деб билган ҳар бир юртдошимиз узоқ йиллар кутилган ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Р.Абдуллаев,
Ўзбекистон ФА Тарих институти
директори, тарих фанлари доктори

ЎзА
5 212