ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Самарқанд санъат ва дўстлик байрамига тайёрми?

Самарқанд санъат ва дўстлик байрамига тайёрми?

"Шарқ тароналари" XII халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик авжида. Самарқанд давлат чет тиллар институтида штаб ташкил қилинган. Унда вилоят ҳокимлиги, иқтисодиёт, туризм ва коммунал соҳалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Штабнинг маълум қилишича, тадбирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида 18 та асосий йўналиш ва вазифалар бўйича кичик ишчи гуруҳлари таркиби шакллантирилган.

Маданият вазирлигидан олинган маълумотларга кўра “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалига иштирок этиш учун 78 давлатдан 315 нафар хорижий меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари ва уларга ҳамроҳлик қилувчи вазирлик идоралари вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг 25-26 август кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро анжуманга ҳамда “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мерос ҳафталигига иштирок этиш учун 250 нафар меҳмонлар ва 50 нафар ОАВ вакилларининг ташрифи инобатга олинган.

ЮНЕСКО халқаро ташкилоти шафелигидаги тадбир доирасида келадиган меҳмонлар учун 8 та, мусиқий фестиваль меҳмонлари учун 14 та меҳмонхона хизмат кўрсатади.

Тадбир давомида меҳмонлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи вакиллар учун жами 54 та объект белгиланиб, ҳокимлик, коммунал соҳа, тиббиёт, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар, туризм, маданият ва ДСЭНМ ходимларидан жами 432 нафар масъуллар тақсимоти ишлаб чиқилди.

Меҳмонларга “Ипак йўли” халқаро туризм университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан 104 нафар малакали гид-таржимонлар, шунингдек, тарихий обидаларда 80 дан ортик экскурсовод ва маданият ходимлари захираси яратилган.

Расмий меҳмонлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун 40 та “MALIBU” ва 30 та “Captiva” русумли, 20 та микроавтобуслар, 15 та янги замонавий юмшоқ 50 ўриндиқли ва 40 та янги “ISUZU” автобуслари захираси яратилаётир.

3 825
Абдулазиз Йўлдошев, ЎзА мухбири