Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси ёшлар билан учрашмоқда

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси ёшлар билан учрашмоқда
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни 

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти мамлакатимиз Қуролли Кучлари учун юқори малакали, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникадан фойдаланиш кўникмасига эга офицер кадрлар тайёрловчи муассасалардан биридир.

– Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ўтган йил Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан устувор вазифаларни белгилаб берган эди, – дейди Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти бошлиғи ўринбосари Т.Холматов. – Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, бизнинг муассасамизда ҳам ўқув жараёни такомиллаштирилди. Аввало, билим юртига ўқишга қабул қилишда номзодлар орасидан энг муносибларини танлашга алоҳида эътибор қаратилди. Абитуриентлар дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовлари асосида комплекс равишда босқичма-босқич сараланиб, жисмоний-руҳий тайёргарлиги юқори, тез фикрлайдиган, билимли ёшлар ўқишга қабул қилинди. Ўқув жараёни ҳам олдимизга қўйилган вазифалар ва замон талабларидан келиб чиқиб янгича асосда ташкил этилди. Ўз навбатида, билим юрти моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, ўқув бинолари ва ётоқхоналарда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 



Билим юртида 20 дан ортиқ кафедра бўлиб, уларда ўз соҳаси бўйича бой тажрибага эга офицерлар фаолият кўрсатади. Назарий ва амалий машғулотлар олиб боришга ихтисослашган махсус хоналар, замонавий ахборот технологиялари, ҳарбий техника ва жиҳозлар, спорт иншоотлари, 110 минг нусхадан ортиқ ўқув ва бадиий китобларга эга кутубхона ҳарбийликни танлаган ёшларнинг етук мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилмоқда. 



– Машғулотларда анъанавий ўқитиш методлари билан бирга, “Ақлий ҳужум”, “Зинама-зина” каби интерфаол усуллардан фойдаланаётганимиз тингловчиларнинг фанга қизиқишини ошириш ва уни пухта ўзлаштиришига ёрдам бермоқда, – дейди ҳарбий тарих фани ўқитувчиси, подполковник Т.Калонов. – Айниқса, семинар машғулотларида кичик гуруҳларга бўлиниб, мавзу юзасидан баҳс-мунозара уюштирилиши, мусобақалашган ҳолда саволларга жавоб бериши курсантларнинг билимини мустаҳкамлаш, ўз фикрини баён этишга интилишини кучайтиришда муҳим омил бўлаётир. Бунинг натижасида курсантларимиз ҳарбий билим юртлари ўртасидаги фан олимпиадалари, интеллектуал танловларда муваффақиятли қатнашмоқда. Жумладан, яқинда ҳарбий тарих бўйича олий ҳарбий билим юртлари фан олимпиадасида бизнинг жамоа иккинчи ўринни қўлга киритди. 



Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остидаги ҳарбий ватанпарварлик ойлиги тадбирларида билим юрти жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллаларда ёшлар билан учрашувларда қатнашмоқда. 

– Яқинда Самарқанд шаҳридаги ҳарбийлар шаҳарчасида ўтказилган “Армия ва ёшлар” фестивалида қатнашиб, тенгдошларим, укаларимга билим юртимиздаги таълим жараёни ҳақида гапириб бердим, – дейди курсант Асқар Имомов. – Шунингдек, айни пайтда шаҳардаги олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ва академик лицейлар ўқувчилари ҳам муассасамизга келиб, яратилган қулайлик ва имкониятлар билан танишмоқда. Уларнинг бизга ҳавас қилишини кўриб, фикрларини эшитиб, шундай нуфузли олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олаётганимдан фахрланаман. Келажакда етук офицер бўлиб, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўзим учун олий мақсад, деб биламан.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
13 260