ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

​Самарқанд – мадраса таълимининг яловбардори

​Самарқанд – мадраса таълимининг яловбардори

XVII асрда Мирзо Улуғбек мадрасасининг мантиқий давоми сифатида бунёд этилган Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўз даврида талабаларга илм бешиги, маърифат маскани сифатида хизмат қилган. Жумладан, “Тарихи Хумулий” асарининг муаллифи етук тарихнавис, истеъдодли шоир Жумақули Хумулий ҳам Тиллакори мадрасасининг битирувчиларидан бўлган.

“Девони Хумулий”, “Рисолаи Хумулий”, “Маснавий-и шоҳ ва гадо”, “Манзумоти тарихия” ва “Тарихи Хумулий” номли туркий ва форсий тилларда ёзилган насрий ҳамда назмий асарлар муаллифи бўлган Жумақули ибн Сўфимуҳаммад Тағойи ат-Туркий ас-Самарқандий аш-Шавдорий ал-Ургутий (Моғиюн қишлоғи Шавдор туманига қараганлиги учун Шавдорий, улар яшаган жой Ургут беклигига қараганлиги учун Ургутий нисбасини олган) XVIII аср охири XIX аср бошларида (1777-йилда туғилган, вафоти номаълум) яшаган. Унинг тарих соҳасига оид бўлган “Тарихи Хумулий” асари Бухоро амирлиги, хусусан Самарқанд тарихини ўзида мужассам этган ноёб илмий-тарихий асардир. 

b1cd5eae-81b9-4601-becf-1c3fcfa6ccff.jpg

Асарнинг бир нечта қўлёзма нусхалари мавжуд бўлиб, улардан энг тўлиғи ЎзР ФА Шарқшунослик институти кўлёзмаси ҳисобланади. Шунингдек, қўлёзма нусхалардан ташқари, Жумақули Хумулийнинг “Тарихи Хумулий” асари танқидий матни 2013-йилда ЮНЕСКО ташкилоти ҳомийлигида Ғулом Каримий ва Ирода Қаюмова сўзбошиси билан нашр этилган.

Асарда муаллифнинг Китоб, Самарқанд, Бухоро мадрасаларида таҳсил олгани, у ердаги мударрислар, устозлари ҳақида маълумотлар келтиради. 1790 йилда отаси уни Кеш вилоятига қарашли Китоб шаҳри ҳокими томонидан қурдирилган мадрасага олиб боради. Шаҳар марказида жойлашган мадраса атрофида яшаш учун ҳужралар бўлган. Холбой охунд мадрасасида Жумақули Хумулий аввал Мулло Эрназар Намангонийдан таҳсил олади. Кейинчалик устози ҳаж сафарига кетгач, таҳсилни Муҳаммад Лутфулло Хожа қўлида давом эттиради. Лутфулло Хожа ўз даврида Амири маъсум Шоҳмурод (1785-1800йй) ташаббуси билан Самарқанднинг Тиллакори мадрасасига мударрис этиб тайинланади. Бундан ташқари Лутфулло Хожага яна қатор лавозим ва вазифалар топширилганлиги хусусида муаллиф ўз асарида қуйидагиларни баён этади: “Жаноб устозни Бухоро амири Шоҳмурод Бухородан яхши саруполар кийгизиб яхши отларга миндириб кўп иззату икромлар кўрсатиб Самарқандга жўнатди ва у кишини Самарқанддаги Тиллакори Ялангтўшбий мадрасасига мударрис, фатво бериш амали ва Даҳбед зиёратгоҳининг ишини юргизувчи мансабларига мансуб қилди. У кишини мартабаларини бошқалардан юқори кўтарди. Ҳазрати устод Амирнинг фармонига мувофиқ амал қилиб, Самарқандга келиб иш бошладилар”.

Юқорида келтирилган фактлардан кўриниб турибдики Хумулий яшаган даврда ҳукмдорларнинг илм аҳлига ҳурмати, илмга бўлган рағбати жуда баланд бўлган. Афлотуни замон, султон ул-муҳаққиқин, имомларнинг устуни каби юксак мақомлар билан танилган улуғ зот Лутфулло Хожанинг Амир томонидан иззат-икром қилиниши бу тарихий шахснинг ўз даврида салоҳиятли донишмандлар қаторидан ўрин олганлигидан далолат беради. 

Устоз Лутфуллоҳ хожа Амир Шоҳмурод даврида Тиллокори мадрасасида мударрислик қилиш билан бир қаторда Самарқанд шаҳри фатво ҳайъатини ҳам бошқаради. Амир Ҳайдар отаси вафотидан сўнг устоз –Лутфуллоҳ Хожани Бухорои шарифга кўчириб борди. У кишини туманларга қози ва шаҳарнинг катта мадрасаларига мударрис этиб тайинлади. 

Таъкидлаш жоизки, Лутфулло Хожанинг укалари Сўфи Хожа ҳам кўп йиллар Бухоро мадрасаларида таҳсил олиб, илми динни ва сулуки яқинни, мантиқ илмини ўзлаштирган. Шу пайтларда хаттотлик билан ҳам шуғулланган. Манбаларда келтирилишча бир ҳафта ичида “Шарҳи Жалолий” китобини чиройли ҳуснихат билан кўчириб сотган ва пул билан беш-олти нафар мусофир ҳужрадошларини ҳам таъминлаб турган. Сўфи Хожага ҳам Амир Ҳайдар бир неча марта амалдорлик лавозимларини таклиф этган, аммо у киши рад этиб, кейинчалик Ургут қасабасига, оталари ёнига қайтганлар. 

db31802e-7010-4059-ac9a-e06ac91ff526.jpg

Асар муаллифи устоз Лутфулло Хожа авлодлари ҳақида маълумот келтирар экан шундай ёзади: “Бу улуғ хонадон аҳлининг ҳаммалари эркагу аёл, каттаю кичиклари зоҳирий ва ботиний билимлар билан зийнатланган”. Жумладан, асарда Лутфулло хожанинг фарзандлари Ширин Хожа ҳандаса, ашъор, аруз, мусиқ​а, адвор (мусиқани нотага кўчириш илми), иншо ва имло каби билимларни, Офоқ Хожа фалакиёт илмларини касб этганлиги, Сўфи Хожа авлодидан эшон Муттаҳар Хожа айнан шу асарни, яъни “Тарихи Хумулий”ни қайта кўчирганлиги, яъни хаттотликдан хабардорлиги ҳақида қайд этилган. 

Шу ўринда асарда яна бир қизиқарли маълумот берилган, яъни Сўфи Хожа авлодидан бўлган эшон Боқир Хожа ва эшон Муттаҳар Хожа Самарқанддаги “Руҳобод” мадрасасида “Шарҳи Мулло”дан таҳсил олганлиги ҳақида қайд этилган. Шунингдек, асарда шундай шарҳ келтирилган: “Ҳазрати Руҳобод – аслида исмлари шайх Бурҳониддин Қиличдур. Руҳобод – лақаб. У киши ўн тўртинчи қутбнинг муршидларидан” . Демак, XIX асрда бугунги кунда биз мақбара сифатида билган “Руҳобод” мадраса сифатида ҳам фаолият юритган. Бундан келиб чиқиб таъкидлашимиз мумкинки, бу даврда Самарқанднинг деярли барча ҳудудлари, қадимий иншоотларда мадрасалар ташкил этилган ва доимий равишда толиби илмларга таълим тарбия берилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ватанимизда яшаб ўтган илм ва фазл аҳллари томонидан кўплаб бинолар, жумладан, масжид ва мадрасалар бунёд этилган. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, мадрасаларда таълим бепул амалга оширилган ҳамда талабаларнинг яшаши ва таълим олиши учун зарур барча шароитлар мадраса зиммасида бўлган. Мазкур масжид ва мадрасаларда замонасининг таниқли уламолари, пир мақомига етган зотларнинг дарс ўқитишлари бир томондан толиби илмлар учун мактаб вазифасини ўтаган бўлса, бошқа томондан халқнинг маънавий баркамоллигига ҳисса қўшган. 

Мавзуна Мухиддинова,
СамДУ таянч докторанти​

4 111
ЎзА