ЎзА Ўзбек

24.03.2019 Чоп этиш версияси

Самарқанд кулолчилик мактаби йўқолиб кетмаслиги учун қайғураётганларни ким қўллаб-қувватлайди?

Самарқанд кулолчилик мактаби йўқолиб кетмаслиги учун қайғураётганларни ким қўллаб-қувватлайди?

Самарқанддаги “Чорсу” галереясида уста кулол Фозил Азимовнинг “Самарқанд ўйинчоқлари” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди. Кўргазмадан сўнг бадиий кулолчилик анъаналарини сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш бўйича қатор саволлар вужудга келди.

Ўзининг 60 ёшини қаршилаган Фозил Азимов довруғи кенг тарқалган Усто Умар Жўрақулов шогирдларидан бўлиб, узтозининг анъаналарини давом эттирмоқда. Унинг ижодида лойдан турли ўйинчоқлар ясаш муҳим ўрин эгаллайди. От, фил, туя, аждар каби ҳайвон ҳайкалчаларини маҳорат билан ясаган устадан нега айнан ижодида ана шу йўналиш асосий ўрин олганлигини сўрадим.

Ф.Азимов Самарқанд кулолчилик мактабининг ўзига хос жиҳатларидан бири болалар ўйинчоқлари ясаш эканлигини таъкидлади. Қадимдан кенг тарқалган бадиий кулолчиликнинг бу йўналишини ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб Усто Умар Жўрақулов тиклаган эди. Унинг шогирдлари қаторида ёш Фозил ҳам болалар ўйинчоқлари ясашнинг сир-асрорларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилди. Унинг тиришқоқлик билан қилган ҳаракати ўз натижасини берди ва у етук уста бўлиб етишди, қатор муваффақиятларни қўлга киритди.

72499421-e4ba-489c-af26-f219a469013b.jpg

Ф.Азимовнинг ютуқлари ҳақида кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон бадиий академияси қошидаги вилоят ижодий бирлашмасининг раиси Акбар Фозилов, “Шарқ дурдонаси” маданий-маърифий маркази директори Шавкат Раҳимов, таниқли рассом Аҳмад Умаров ва бошқалар илиқ сўзларни айтиб ўтдилар.

Очилиш маросимидан сўнг уста кулолнинг акаси Ўзбекистон бадиий академияси аъзоси Шариф Азимовни суҳбатга тортдим. Академик кулол билан Самарқанд кулолчилик мактаби, унинг кўзга кўринган вакиллари ва уларнинг мероси хусусида анча суҳбатлашдик.Кулолчиликни халқ амалий санъатининг кўп асрлик тарихга эга бўлган турларидан бири сифатида таърифлаб, суҳбатдошим юртимизда унинг илдизи бир неча минг йиллик тарихга эга эканлигини, буни археологларнинг тадқиқотлари яққол кўрсатиб турганлигини қайд қилиб ўтди. “Миллий ҳунармандчиликни авайлаб-асраш, унинг барча турларини ривожлантириш ҳамда усталарнинг моддий ва маънавий жиҳатдан манфаатдор бўлишлари учун етарли ишлар қилинмоқдами?” деган саволимга жавоб берар экан, Ш.Азимов қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

–Афсуски, бу саволга ишонч билан “ҳа” деб жавоб беролмайман. Кейинги йилларда бадиий кулолчилик соҳасида устоз-шогирд анъанасида узилиш рўй бера бошлади. Айниқса, усталар сулоласининг барҳам топаётгани ачинарлидир. Ёшлар ўз ота-боболарининг касбини давом эттирмасдан, ўзини кўпроқ даромад келтирадиган бошқа соҳаларга ура бошлади. Бу жараён давом этадиган бўлса, кулолчилик соҳасида кўп асрлик тарихга эга бўлган Самарқанд мактаби анъаналарини давом эттириш муаммога айланади.

Хўш, нима қилмоқ керак? Биринчи навбатда уста кулолларнинг ўз мактабини яратишга ва касбини ёшларга ўргатишга бўлган ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак. Мен ўзим анчадан бери бир марказ очиш ҳаракатида юрибман. Унда ёшларга касб сирларини ўргатиш учун устахона фаолият юргизади ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси учун жиҳозланган алоҳида катта хона бўлади. Сайёҳларнинг келиб, иш жараёни билан танишиши, ўзларига маъқул бўлган буюмларни харид қилишлари учун шароит муҳайё қилинади. Демак, марказ сайёҳларни жалб қилишга ҳам хизмат қилади. Бир неча йил давомида ана шу йўлдаги ҳаракатларим самарасиз қолиб кетмоқда. Маҳаллий ҳокимият органларига қилаётган мурожаатларим натижа бермаяпти.

Академик Ш.Азимовнинг ушбу дил сўзлари амалий санъатимизнинг ривожига манфаатдор бўлган ҳар бир кишини бефарқ қолдирмаса керак. Уста ва касбдошларининг муаммолари тингланса ва уларга амалий ёрдам кўрсатилса, нур устига аъло нур бўларди. Бу билан бадиий кулолчилик анъаналарини сақлаб қолиб, давом эттириш учун имконият яратилган бўларди.



7 189
Тошпўлат Раҳматуллаев, ЎзА