ЎзА Ўзбек

22.07.2020 Чоп этиш версияси

«Самарқанд давлат университети илмий буюклик ва юксакликнинг давомчиси ҳамда ворисидир»

«Самарқанд давлат университети илмий буюклик ва юксакликнинг давомчиси ҳамда ворисидир»
Эътироф

2020 йил 16-17 июль кунлари «Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида онлайн халқаро конференцияда иштирок этган хорижлик профессорлар Самарқанд ва Марказий Осиёдаги энг қадимий олий ўқув юрти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

неген.jpg
Е.Баба,
Сока университети президенти, профессор (Япония):


– Самарқанд давлат университети ташкил топганлигининг 600 йиллигига бағишланган тарихий конференцияда нутқ сўзлашим, мен учун жуда катта шараф бўлди. Улуғбек мадрасаси педагогик анъаналарини давом эттирилишига ҳисса қўшган барчани табриклашга рухсат бергайсизлар.

Японлар тарихни жуда қадрлашади. Тарих ҳурмат қилинса, келажак тараққий этишига ишонишади. Самарқанд давлат университетининг ёши Улуғбек олий мадрасаси билан тенглигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Ахир Улуғбек ўзбек халқининг фахр-ифтихорику.

Ҳозирги эпидемик вазият туфайли биз Самарқанднинг юраги, Регистон майдонига, унда қад ростлаган Улуғбек мадрасасига ташриф буюра олмадик. Ўтган йили Сока университетига Самарқанд давлат университети проректори Мухтор Носиров, физика факультети декани Аҳмад Абсанов ҳамда профессор-ўқитувчилар ташриф буюришганди. Ҳозирда СамДУ билан ҳамкорлик шартномамиз мавжуд бўлиб, фаол ишламоқда.

Менинг Самарқанд давлат университетига ташрифим ва ректор Рустам Холмуродов билан ҳамкорлик шартномасини имзолашимиз бир умрга эсдан чиқмайдиган лаҳзалар бўлди.

Ўзбек ҳамкасбларимизнинг Самарқанд давлат университетининг энг яхши биноларидан бирида япон тилини ўрганиш марказини ташкил қилиш бўйича қарорлари менда жуда катта таассурот қолдирди. Ушбу марказда бизнинг университетимиз битирувчиси япон тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётганлиги университетларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мен ишонаманки, салоҳиятли ректор Рустам Холмуродов раҳбарлигида университет янада ривожланади.

Сока университети кампусида, Улуғбек мадрасасида ўқиган, Марказий Осиёнинг буюк шоири Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилган. Бу бизнинг талабаларимизга Марказий Осиёда етишиб чиққан буюк алломалар тўғрисида маълумот беради. Бу билан икки буюк маданиятнинг туташ жойларини кўрамиз ва Навоийнинг ҳайкали Сока университетида бўлиши биз учун жуда катта шараф, деб ҳисоблайман.

Сизларни яна бир бор Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги билан табриклайман. Мен Самарқанд давлат университетига жуда порлоқ келажак тилайман ва Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида бутун дунёга маърифат тарқатишига ишонаман.

эдуард якубов.jpg
Эдуард Якубов,
Холон технология институти президенти, профессор (Исроил):


– Самарқанд давлат университетининг Улуғбек олий мадрасаси вориси сифатида эътироф этилиши нафақат Самарқанд ёки Ўзбекистон учун балки Исроил учун ҳам жуда муҳимдир.

Биз Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейи ўтказилишидан жуда хурсандмиз. Тарихдан маълумки Ўзбекистонлик олимлар Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн-Сино, Ал-Коши, Ал-Фаробий ва албатта Мирзо Улуғбеклар илмий мероси дунё цивилизациясига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган.

1420 йил 21 сентябрда Улуғбек мадрасаси иш бошлаган бўлса, демак ўша санада СамДУнинг ҳам тамал тоши қўйилгандир. 1420 йил Марказий Осиёда илк университет, Мирзо Улуғбек университети яратилди ва бугунги кунгача фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур дорилфунун тизимида бир неча йўналишларда табиий ва аниқ фанлардан дарслар ташкил қилинган, мадрасада таълим олиш учун энг иқтидорли ёшлар танланган ва уларга дарс бериш учун тажрибали мударрислар жалб қилинган. Ёзма манбалар асосида шуни таъкидлаш керакки Мирзо Улуғбек мазкур мадрасада ўзи ҳам дарс ўтган, тадқиқот олиб борган. Мирзо Улуғбек асос солган олий мадрасанинг минтақадаги бошқа мадрасалардан энг катта фарқи ундаги назарий билимлар амалий машғулотлар билан ҳамоҳанглигидадир. Мадраса мударрислари ўз навбатида Самарқанд расадхонасида фаолият олиб бориб илм толибларини яъни мадраса талабаларини илмий фаолиятга ҳам йўналтирганлар.

Кўриниб турибдики, илк ўрта асрлар даврида Мирзо Улуғбек назарий билимлар амалий фаолият билан чамбарчас боғлиқлигини англаб етган. Масаланинг энг аҳамиятли томони шундаки мазкур услубга бугунги кунда ҳам ривожланган давлатлар университетларида амал қилинмоқда.

Тарихий илдизлари илк ўрта асрларга бориб тақаладиган тарқалган Самарқанд давлат университети нафақат Ўзбекистонда балки Ўрта Осиёда ҳам энг нуфузли университетлардан биридир. Бой академик тарихга эга университет жаҳоннинг бир нечта нуфузли университетлари эътиборини қозонган. Университет профессор-ўқитувчилари 100дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари доирасида таълим, илм ва маънавий-маърифий мавзуларда ҳамкорлик лойиҳаларида қатнашмоқда.

Бизнинг ҳамкорликдаги ишларимиз, алмашинув дастурлари, тадқиқот дастурлари ҳамда информатика йўналишидаги қўшма диплом бериш амалиётини бошлаганлигимиз – бу бошланиши. Биз келгуси авлодларга замин яратиб ҳамкорлигимизни янада ривожлантираверамиз. Мен ўйлайманки Самарқанд давлат университетининг келажаги буюк бўлади ҳамда яна бу даргоҳдан Мирзо Улуғбеклар, Берунийлар, Ал-Хоразмийлар етишиб чиқади.

Е Ли,
Кеимюнг университети проректори, профессор (Жанубий Корея):

– Самарқандга илк бор сафарим давомида унинг гавҳари бўлган Улуғбек мадрасаси олдида жуда кўп вақтимни ўтказдим. Довруғи етти иқлимга тарқалган ушбу таълим, маърифат ва маънавият ўчоғи тўғрисида мақолалар ўқиган эдим.

Ўрта Осиё тарихи бўйича суҳбатларда, баҳс-мунозараларда ушбу мадрасага оид янги маълумотларга эга бўлган эдим.

Манбаларда кўрсатилганидек Улуғбек мадрасаси – мадрасаи олия мақомига эга бўлиб унга туташ яна бир нечта мадрасалар унинг бўлимлари, филиаллари сифатида иш юритганлар .

Мадрасада дарс берган мударрислар, ўз навбатида, Расадхонада илмий тадқиқотлар олиб борганлар ва илму толибларга раҳбарлик қилганлар. Бундан кўриниб турибдики, Мирзо Улуғбек асос солган ва ўзи ҳам дарс берган мадрасада, таълим жараёни назарий ва амалий кўникмалар чамбарчас боғланган ҳолатда олиб борилган.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаш керакки, Самарқанддаги Улуғбек олий мадрасаси бутун дунёга машҳур бўлган. Бу даргоҳда бошланган илмий ишлар кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам кўчиб ўтган.

Самарқанд давлат университети мана шу буюклик ва юксакликнинг давомчиси ҳамда ворисидир. Келгусида ушбу жамоа аъзолари билан кенг ва сермаҳсул ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Бугунги кунда турли соҳаларда фаол меҳнат қиладиган ёшларни - муҳандислик мутахассисликларида таҳсил олишлари учун бир қатор таълим дастурларини яратиш режамиз бор.

Жанубий Кореянинг Кеимюнг университети 60 йиллик тарихга эга бўлган университет сифатида ўзидан 10 марта кўпроқ тарихга эга Самарқанд давлат университети билан алмашинув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

Дастлабки ҳаракатларимиз натижасида 2017 йили Кеимюнг университети Кореянинг КОИCА ташкилоти кўмагида Ўзбекистонда автомобиль саноатини ривожлантириш ва Самарқанд вилоятида ишчилар даромадини ошириш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳани олиб бормоқда.

Мен 600 ёшга кирган СамДУнинг профессор-ўқитувчиларини, талабаларини ва бутун Ўзбекистон халқини ушбу байрам билан табриклайман!

Ефим Пивовар.jpg
Ефим Пивовар,
Россия давлат гуманитар университети президенти, академик (Россия Федерацияси):


– Кейинги йилларда Россия давлат гуманитар университети ва Самарқанд давлат университети ўртасида ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Келгусида биз СамДУ билан жуда катта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Мен тарихчи олим сифатида халқ депутатлар Самарқанд вилоят Кенгашининг 2020 йил 26 июндаги қарори билан Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини 2020 йил 21 сентябрь куни нишонлаш таклифи қўллаб-қувватланганини жуда катта мамнуният билан қабул қилдим.

Мазкур юбилей тантаналарини ўтказиш дастуридан бир қатор тадбирлар ўрин олган. Улар нафақат мадрасаи олияга оид тарихий мактабларни теран илдизларини эътироф этиш балки бугунги кунга мос услубият намуналарини таҳлил қилиш ва замонавий университетлар тизимига татбиқ этишдан иборат.

Мозийга назар ташлайдиган бўлсак, Мирзо Улуғбек асос солган мадраса ва унинг тизимида фаолият кўрсатган бир нечта мадрасалар ўз замонасининг йирик таълим тизимини ташкил даргоҳлари ҳисобланган. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича Улуғбек мадрасаси Ўрта Осиё минтақасида қолаверса бутун дунё энг машҳур мадрасалар етакчиси бўлган. Мадрасада ўқиш учун алоҳида иқтидорга эга бўлган ёшлар танланган. Мадрасага тажрибали мударрислар турли минтақалардан таклиф этилган. Мадраса тизимида бир қатор табиий, аниқ, ижтимоий–гуманитар фанлар илоҳиёт ва диншунослик ҳамда бир нечта чет тиллардан дарслар ташкил қилинган. Мадраса битирувчилари ўз навбатида бошқа мадрасаларда фаолият кўрсатганлар ва мадрасаи олиянинг довруғини кенг тарқатганлар.

2020 йил 16-17 июль кунлари «Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида онлайн халқаро конференция ўтказилди. Ушбу анжуманда мен Улуғбек мадрасасида ўрганилган илмлар нақадар тўғрилиги борасида фикрларимни билдирдим шунингдек мадрасанинг лабораторияси вазифасини ўтаган расадхонада биринчилардан бўлиб, юлдузлар жойлашуви жадвалини яратилиши дунё олимлари томонидан ҳам эътироф этилганлигини яна бир марта таъкидлашни истайман. Улуғбек ва унинг шогирдлари томонидан олиб борган илмий тадқиқотлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси эканлиги ҳамда унинг таъсис этилиш тарихи 1420 йилга бориб туташиши келтирилган. Самарқанд давлат университетининг ёшини 600 йил этиб белгилаш, Ўрта Осиё минтақасида таълим тизимининг қадимий эканлигини эътироф этиш ва тарихий ҳақиқатни тиклаш ўта муҳим аҳамиятга эга.

Мирзо Улуғбек асос солган олий мадрасани давомчиси сифатида Самарқанд давлат университети жамоасининг келгуси ишларига муваффақият тилайман!

ахтарул вассей.jpg
Ахтарул Вассей,
Мавлона Озод университети ректори, профессор, (Ҳиндистон):


– Мадрасалар Ҳиндистонда Ислом дини кириб келгандан бошлаб фаолият кўрсата бошлаган. Мадраса муҳим ўқув маркази бўлиб, у нафақат ислом уламоларини етиштиришда, балки муҳандислар, шифокорлар, меъморлар ва файласуфлар тайёрлашда ҳам муҳим аҳамият касб этган. Деҳлидаги, Лаҳор, Жаунпур ёки Бидар мадрасаларининг барчаси мукаммал таълим даргоҳлари вазифасини ўтаган. Мадрасалардан турли соҳалар бўйича машҳур олимлар ва шахслар етишиб чиққан. Улардан бири Тож Маҳалнинг меъмори Аҳмадий Лаҳоридир. Мадрасалар бу бизнинг илк билим берадиган ва билим оладиган даргоҳлар ҳисобланади ва шунинг учун уларни биз ўша замонлардаги университетлар, деб атасак хато қилмаган бўламиз.

Ҳозирги кунда ҳам Ҳиндистонда мадрасалар жуда яхши ишламоқда. Ҳиндистон ҳукумати мадрасаларда таълимни кучайтириш ва модернизация қилишда молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги бу бутун дунёда кенг нишонланадиган ҳақиқий байрамдир. Улуғбек олий мадрасасининг маърифат зиёси нафақат Ҳиндистонга балки бутун Шарқ оламига таралганлигини юқоридаги тарихий ҳақиқатлар ҳам кўрсатиб турибди.

9 037
ЎзА