САХОВАТ ВА КЎМАК: хайрия ишлари яна жонланди
Юртимизда карантин чекловлари яна кучайтирилиши муносабати билан ишсиз қолган, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тартиб жорий қилинди.
Юртимизда карантин чекловлари яна кучайтирилиши муносабати билан ишсиз қолган, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тартиб жорий қилинди. Жумладан ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари фаолияти барча ҳудудларда қайта йўлга қўйилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишсиз, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларининг манзилли рўйхати шакллантирилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов маълум қилди.
Таъкидланишича, бу рўйхатга таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган фуқаролар, кўп болали, ижтимоий нафақаси ўз эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаига эга бўлмаган, чин етимлар, бола тарбияси билан қариндошлари шуғулланаётганлар, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган, 14 ёшгача икки ва ундан ортиқ фарзандни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган бева аёллар, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган, меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган, мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб, ҳозирда даромадсиз қолган фуқароларнинг оилалари киритилади.
Зарур маблағлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорларига мувофиқ, “Маҳалла” фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ажратилади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳозирча муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 102 мингга яқин фуқаронинг рўйхати шакллантирилди.
Жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар "1197" қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилиб, ўз эҳтиёжини айтиши мумкин.
Шунда уларга ҳам зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади.