ЎзА Ўзбек

22.05.2020 Чоп этиш версияси

Саид Ризо Ализода – самарқандлик озар донишманди

Саид Ризо Ализода – самарқандлик озар донишманди

“Учительская газета”нинг 1981 йил 4 августдаги сонида “1917 йил Самарқандда ўзбек ва тожик тилларида чоп этилган биринчи алифболар муаллифининг исми аниқланди. Ушбу дарсликларни озарбайжонлик педагог Саид Ризо Ализода ёзган” деган маълумот эълон қилинган.

Ализоданинг невараси Фарҳод Ализоданинг эслашича, унинг бобоси нафақат ўзбек ва тожик тилларидаги (араб ёзувида) алифболарнинг биринчи муаллифи, балки Марказий Осиёнинг энциклопедик билимларга эга энг йирик олим ва мутафаккирларидан бири бўлган. Бундан ташқари, у 14 та – озар, рус, ўзбек, форс, араб, арман, тожик, урду, инглиз, немис, француз, итальян, курд, иврит тилларини мукаммал билган.

Ализода 1887 йил 15 февраль куни Озарбайжонда гилам тўқувчи Мирмохсум оиласида туғилган. Унинг отаси Жанубий Озарбайжондан, онаси Бокудан, буюк Узеир Гажибековнинг қариндоши бўлган. Саид Ризо икки ёшида онасидан айрилган. Кейинчалик улар Бухорога, сўнг Самарқанда кўчиб ўтишган. Мадрасада олти йил таҳсил олиб, отасининг дўконида гилам сота бошлаган.

Саид Ризо тасодифан Самарқандда жойлашган рус ҳарбий қисмининг офицери билан танишиб қолади ва унинг ёрдамида 13 ёшида матбаага ҳарф терувчининг шогирди бўлиб ишга киради.

Ёш Саид Ризо тинмай мустақил таълим билан шуғулланган. 1904 йилда янги турдаги мактаб – жадид мактабида дарс бера бошлайди. У ерда қадимий билимларга зид равишда диний билимлардан ташқари дунёвий сабоқлар ҳам берилган – она тили ва араб тили, тарих, жуғрофия, арифметика фанлари ўтилган. Буларнинг барчаси вақт талаблари билан уйғун бўлган, чунки Туркистоннинг мусулмон аҳолиси саводсизликни енгиб ўтиши керак эди.

1906 йилда Саид Ризо Ализода шаҳарда янги услубдаги “Ҳаёт” мактабини очиб, у ерда тарих, жуғрофия, араб ва рус тиллари, коинотга оид илм бўйича дарс берган. Бу мактаб ҳукумат томонидан бир неча марта ёпилган, аммо ҳар гал бошқа ном билан қайта очилган. Рус ҳукумати Туркистонда янги услубдаги мактаблар очилишига салбий қараган, бироқ маҳаллий бойлар ва Туркистондаги рус маъмуриятининг вакиллари янги мактабларнинг афзалликларини эътироф этган. Ализода таъқибга дуч келишига қармасдан, педагог ва маърифий фаолият билан шуғулланишни дамо эттирган.

У ўзининг 1905 йил Самарқандда чоп этилган “Маҳаллий зиёлиларга мурожаат” номли рисоласида янги услубдаги мактабларни ҳимоя қилган. Бундан ташқари, мақолаларидан бирида мусулмон аҳолисига таълим бериш муаммоларини кўтаради. Қолоқлик, жаҳолат, қашшоқлик, ҳақсизлик ўша даврдаги кўплаб мусулмон давлатларга, энг аввало Туркистонга хос бўлганини ва бу нотўғри ташкил этилган, замон талабларига жавоб бермайдиган таълим натижаси эканини кўрсатади.

1906 йилда Ализода деҳқонларнинг фарзандлари учун ҳам мактаб очиб, 12 та дарслик ёзади ва дастурлар тузади. Бироқ вақт ўтган сайин Саид Ризо ўзини бутунлай жамоат ва маърифий ишларга бағишлади. Ўзбек, форс ва тожик алифболаридан ташқари Туркистон мактаблари учун арифметика, тарих, жуғрофия, астрономия, табиатшунослик, араб тили грамматикаси бўйича дарсликлар ҳам ёзган.

1924 йилда у тожик тили грамматикаси бўйича дарслик ва ўқиш китобини ёзади. 1924-1934 йилларда П.Ивановнинг жуғрофия, А.Анковнинг геометрия, С.Киселевнинг алгебра бўйича ва бошқа дарсликларни рус тилидан тожик тилига таржима қилади.

Шу билан бирга Ализода журналистика билан фаол шуғулланган бўлиб, уни ҳақли равишда Марказий Осиёда матбуот асосчиларидан бири деб аташ мумкин. Унинг мақолалари “Самарқанд”, “Озод Самарқанд”, “Овози Тожик” каби машҳур газеталарда чоп этилган.

1910 йилда Саид Ризо бош муҳаррири Маҳмуд Беҳбудий бўлган “Ойна” журналининг маъсул котиби лавозимини эгаллаган. 1915 йилда ўзининг “Шарқ”, 1916 йилда эса “Телеграф хабарлари” газетасини очган. 1919 йилда ҳафталик “Шулои инқилоб” журналига асос солган. Тез орада журнал Туркистондан ташқари Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва араб мамлакатларида тарқала бошлаган. Мусулмон халқларининг оғир ҳаёти ҳақида сўзлаган журнал 1922 йилда ёпилган.

Саид Ризо Ализода сатирик шеърлар ҳам ёзган ва уларда зўравонлик, бошбодоқлик, қонунга итоат қилмаслик ва очкўзликни фош этган. Унинг 15 та тахаллуси бўлиб, энг кўп ишлатилгани “Замбур” (“Қовоқари”) ва “Бахлул” (“Ўткир тилли”) бўлган. Кўп замондошлари қатори ижтимоий тенгсизлик ғояларига қизиққан Саид Ризо Ализода 1917 йил инқилобини мамнуният билан қарши олди. Аммо бундай кайфият узоқ давом этмади – орадан беш йил ўтгач, у “Таёқ” журналида мақолалар чоп эттириб, большевиклар режалари ва ваъдаларининг фойдасиз экани ҳақида сўз юритди, сўнг партия сафидан чиқиб кетди.

Саид Ризо Ализода рус ва Европа мумтоз адабиёти вакилларининг асарлари – Пушкиннинг “Капитан қизи”, “Дубровский”, “Белкин қиссалари”, “Борис Годунов” асарларини, Гоголнинг “Ревизор” комедиясини, Толстойнинг “Тирилиш” романи, Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди” асарини, Эптоннинг “Юз фоиз” асарини, Мопассаннинг “Дўндиқча” ҳикоясини ва кўплаб бошқа асарларини, шу жумладан, Крилов масалларини ўзбек ва тожик тилларига, Фирдавсий, Низомий, Навоий асарларини рус тилига таржима қилган. Бундан ташқари буюк мутафаккир Карамзиннинг “Россия давлатининг тарихи”, Бартольднинг “Туркистон”, “Европанинг умумий тарихи”, “Япония тарихи” асарларини форс тилига таржима қилган. Сўнгги учта асар, шунингдек, маърифатпарвар олимнинг ўз асарлари – диншуносликка оид тадқиқот “Асри саодат”, “Маданияти ислом” (“Ислом маданияти”), “Зарурияти ислом” (“Исломнинг зарур қонунлари”), “Мороселот” (“Ёзишмалар”), “Фазо ҳақидаги фан”, “Соли Нахустин” (“Алифбе”) форс тилида Лахорда нашр қилинган. Ушбу шаҳарда 1923-1934 йилларда олимнинг 10 та асари чоп этилган.

Саид Ризо Ализоданинг маърифатпарварлик фаолияти фақат таржималар билан чегараланмаган. У “Туркистон тарихи”, “Ислом тарихи”, “Дин қонуни” каби илмий асарларнинг муаллифи. Ализода биринчи икки жилдлик рус-тожик луғатини тузган ва унда 61 мингта сўз жамланган. 1926 йилда у “Тожик тили грамматикаси” қўлланмасини ёзган. Шунингдек, Ўрта Осиёда озарбайжон маданияти ва адабиётини оммалаштириш йўлида кўп ишларни амалга оширган.

1913 йилда Узеир Гажибековга хат билан мурожаат қилиб, ундан Ўзбекистонда, кўп сонли озарбайжонлар истиқомат қиладиган Самарқандда шу миллат мусиқасини оммалаштиришга ёрдам беришни сўраган. Бунгача у Бокуга, М.Собирникига борганида У.Гажибеков билан бир неча бор учрашган. Гажибеков унинг илтимосини бажариб, Самарқандга бир гуруҳ мусиқачиларни жўнатган. Уларнинг ёрдамида Саид Ризо Ализода Самарқандда У.Гажибековнинг “Униси бўлмаса, буниси”, “Аршин мол олон” мусиқали комедияларини ва бошқа асарларни саҳналаштирган. Кейинчалик тожик тилида Ж.Мольернинг “Зўраки табиб” асарини саҳнага олиб чиққан.

1920 йилларда Ализодани Эрон, Туркия, Афғонистонга юқори лавозимларга ишга таклиф қилишган. Афғонистоннинг Биринчи Президенти Омонуллахон ўз маслаҳатчисини Самарқандга икки маротаба юборган ва Ализодадан ушбу мамлакатда таълим ва матбуотни йўлга қўйиш соҳасида иш олиб боришини сўраган. Аммо у ҳар гал раҳмат айтиб, бу таклифларни рад этган.

1933 йилдан бошлаб Саид Ризо Ализода Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган. Унинг тингловчилари қаторида бўлажак шоирлар Ўткир Рашид ва Ҳамид Олимжон ҳам бўлган.

Афсуски, ХХ асрнинг 30-йилларидаги сиёсий бўҳронлар ушбу маърифатпавар олимнинг тақдирини ўзгартириб юборди. 1938 йил 3 февралда Самарқанд университетининг ўқитувчиси Саид Ризо Ализода айғоқчиликда айбланиб, ҳибсга олинган. Тергов икки йил давом этган, бирон-бир фактни аниқлашнинг иложи бўлмаса-да, уни беш йилга қамаб юборишган. Аввалига Тобольскда, сўнгра Владимир шаҳрида яккалик камераларда ўтирган. Расмий ҳужжатларга кўра, Саид Ризо Ализода 1945 йил Владимир шаҳрининг қамоқхонасида сил касаллигидан вафот этган. Ўлимидан сўнг унинг камерасидан қўлёзмалар – нон билан ёпиштирилган мато бўлакларига араб ёзувида битилган матнлар топилган: ҳатто қамоқда ҳам олим ўз ишини давом эттирган. Саид Ризо Ализоданинг номи унинг ўлимидан сўнг 1977 йилда оқланган.

1987 йилда унинг невараси Фарҳод Ализода, шунингдек, ўзбек ва тожик зиёлиларининг вакиллари саъй-ҳаракатлари билан Ализоданинг хоки Владимирдан Самарқандга олиб келинган ва қадимий “Панжоб” қабристонида дафн этилган.

4 388
ЎзА