ЎзА Ўзбек

12.02.2020 Чоп этиш версияси

Саҳрода сайраган соз

Саҳрода сайраган соз
БАДИА

Талабалик йилларим эди. Ёзги таътил бошланиб, амалиётни ўташ учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бордим. Ўша пайтларда газетанинг мавқеи шундай эди-ки, ҳар бир шоиру-ёзувчи, у Ўзбекистоннинг қайси бурчида яшамасин, Сариосиёми, Қизилтепами, Водилми, Чироқчими, гўё ҳамма аҳли қалам бир хонада машваратда ўтирибди-ю, бу газета минбар, газетада чиққан шеъру, мақола, ҳикоя-ю бадиа нутқ бўлса, муаллифлари – нотиқлар эди.

Ҳар ким ёзгани билан адабиёт аҳлига мурожаат қилаётгандай бўлар ва дарров газетхонлар ўз муносабатларини билдирарди.
Олти юз минг, етти юз минг газета бир кунда Ўзбекистон бўйлаб тарқалар, янги асарлар, янги номлар, янги адабий кашфиётлар ҳақида жар соларди.
Ёш шоирнинг шеърлари бу газетада чиқиши шеъриятнинг улуғ салтанатига кириб келишидай қаралар ва шунга яраша тантанали табриклар, олқишлар, самимий тилаклар ёғиларди. Масъулият ҳам шунга яраша катта, ҳамма ҳам ёзганларини юрак ютиб кўтариб боравермас, ҳеч ким айтмаган, сув билан ҳаводек зарур бўлмаган, теша тегмаган бирор янги сўзи, янги ташбеҳи, қўлланилмаган бадиий ихтироси бўлмаса, таҳририят эшикларини тақиллатишга ҳадди сиғмасди.

Кирганларини қилни қирқ ёрувчи уста сўз заргарлари кутиб олишар, хато ё камчиликларни яққол кўрсатиб қўйишар, уларнинг ҳалоллиги, фидойилиги адабиётимиз юксалиши йўлидаги ҳақиқий хизмат эди. Бу сўз заҳматкашларининг тепасида машҳур адиб, атоқли жамоат арбоби, устоз Одил Ёқубов турарди.
Одил аканинг ҳузурларига кирганимда, қўлёзмаларни ўқиб ўтирар, берилиб кетганидан бош кўтаргиси келмаётгани сезилиб турарди. Мени кўриб узоқ керишдилар. Мук тушиб ўқийверганидан елкалари қотиб кетганди. Кейин йўлланмага қўл чўздилар.
– Кун иссиғида шаҳарда нима қиласан, ўқийвериб миянгни қатиғи чиқиб кетгандир, бор Сирдарёга, беш-олти кун дам олиб, кейин Тўра Сулаймонга учраш, газета учун суҳбат қил, вилоятдаги муҳитни ўрган, – дедилар.
Улуғ устоз кўнглимдаги гапни айтган эди. Йил бўйи ёзги таътилга чиқсам, уйга кетаман, синфдошларим, ўртоқларим билан маза қилиб ўйнайман, чўмиламан, кўчама-кўча тентираб юраман деб орзу қилардим.

Ниҳол кичиклигида, кўкламда бир жойдан бошқа жойга кўчирилса, тез ўсиб кетаркан.
Анча катта бўлиб қолган, икки-уч ёшли ниҳолни, гуркираб турган пайти, ёз фаслида бир жойдан бошқа жойга кўчирсангиз ўсиб кетиши қийин кечаркан.
Мен ҳам кап-катта бўлиб қолганимда болалик ўртоқлар, қўни-қўшнилардан узилиб шаҳарга келган эдим ва арзанда боладай туғилиб ўсган юртимни қумсайверардим.
Одил ака айниқса Тўра Сулаймон ҳақида гапирганда, юрагим орзиқиб кетганди.
Тўй абадул-абад ўзбек халқининг ҳаётидаги энг улкан ва энг муҳим воқеалардан бири бўлиб қолса керак.
Ховоснинг оппоқ Ой ярқираб турган ёп-ёруғ оқшомларини сўнгги нафасимгача унутмасам керак.
Салқин шабада эсиб, терак барглари шовуллаб турган кечаларда бир тўда ўспирин болалар тўйга ошиқардик.

Дилрабо ҳаволарга оромбахш наволар жон киргизиб юборарди:
Куйга-куй уланар базм оқшоми
Еру-кўк хазонсиз фаслга ўхшар.
Базм оқшоми бу назм оқшоми
Тўйхона баҳорий сайлга ўхшар.

Бу қўшиқ бола юрагимизга олов ёқиб юборарди. Бир гўзал нигоҳ илинжида ширин-ширин энтикардик. Кўзларимиз ғуж бўлиб олган қизларнинг ичидан неча кунларки тинчимизни ўғирлаган, кундузлари бизга қиё боқмайдиган, бизнинг ўзимиз ҳам кўрсак қочиб қоладиган, кўзлари-кўзимизга тушганда уятдан юзимиз қизариб нафас олдиришга қўймайдиган мафтункор қизларга қоронғидан фойдаланиб, тўйиб-тўйиб қарардик ва уларнинг ҳам бир марта қараб қўйишига интизор бўлиб турардик.
Куёвга вафоли қаллиқ ярашмиш
Тиллари шакар ҳам болли ярашмиш.
Не бахтки юзлари холли яратмиш,
Келин гулга, куёв булбулга ўхшар.

МУРҒАК ЮРАГИМИЗДА НИШ УРГАН ТУЙҒУЛАР….

Қуёшга қараган кунгабоқардай қўшиқ сеҳрига жодуланиб қолардик. Бу қўшиқлар муаллифи Тўра Сулаймон эди. Тўра Сулаймон шеърлари ҳаётимга ловуллаб ёнган биринчи муҳаббат ҳаяжонлари, изтироблари, орзу-умидлари алангаси ичра кириб келган.
Қачонки биринчи муҳаббат хотиралари, оғриқлари, орзиқишлари юрагимда симиллар экан, албатта Тўра Сулаймон шеърлари шу соғинчлар ичра кириб келади.
Тўра Сулаймон сиймоси хаёлимда муҳаббат салтанатининг забардаст паҳлавонига ўхшаб шаклланди. Муҳаббат майдонида бемалол юрган, муҳаббат ҳақида бемалол шеърлар ёзиб, муҳаббат илмининг сир-асрорларини биладиган севги паҳлавонига ўхшаб шаклланди.

Ўша пайтлар фақат ҳақиқий шоирларнинг шеърларигина қўшиқ қилиб айтилади ва бу қўшиқлардан одамлар тўйларда маза қилсагина – шоир шеъриятнинг энг юқори чўққисига чиққан бўлади деб ҳисоблардим.
Бу албатта нисбий фикр бўлса-да, мен ҳали ҳануз бот-бот шу фикрга қайтаман. Ўшанда Тўра Сулаймонни ҳақиқий шоир деб билганман ва кейинчалик, шеърлари қўшиқ бўлиб, тўйларда айтилмаган шоирларни ҳам ҳақиқий шоир деб тан олган бўлсам-да, бу иқрорим Тўра Сулаймонга бўлган юксак эҳтиромимга соя солган эмас.
Тўра Сулаймон қолдирган биринчи таассурот, Одил Ёқубовни номини эшитганда болаларча қувониб кетгани бўлди. Иккинчи таассуротим, Тўра ака ҳеч қанақа муҳаббат салтанатининг паҳлавони эмас, аксинча ориқ, оддий ва ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирувчи, камтар ва камгап одамлиги бўлди. Тўра Сулаймон ижодда, оппоқ қоғоз устида, асар ёзгандагина паҳлавонга айланаркан. Адабиётдан, шеъриятдан бошқа ўйлайдиган ўйи, гапирадиган гапи, оғриқли дарди йўқ экан, тўғридан-тўғри мавзуни шеъриятдан бошладилар:

– Яхши шеърнинг ирими бор. Дардли шеър – яхши шеър бўлади. Ҳар қандай дардни ҳам қоғозга туширавермаслик керак. Қоғозга тушдими, у қисматга айланади. Одам ўз ҳаётини ҳам авайлаши керак, шеърнинг ҳаётини ҳам авайлаш керак. Шеърият ихлосмандларини ҳам авайлаш керак. Худо мени илҳом билан сийлаганда қувонаман, шукроналар айтаман. Агар илҳом берса, юрагимда туйғулар жўштиргани учун қўни-қўшнига хайру-эҳсон қилиб юбораман, бева-бечораларга садақа улашаман.

ЯХШИ ШЕЪРНИНГ ИРИМИНИ БАЖАРАМАН

Мен бир умр “Алпомиш”га ўхшаш достонни ёзишни орзу қилиб келдим. “Алпомиш” – менинг идеал китобим! Мен учун адабиётда бундан буюкроқ китоб йўқ. Биргина “Алпомиш”нинг 28 киши айтган 33 тури бор. “Сувлари сирқираб, тошлар йиғлади”. Жаҳон шеъриятида бундан буюкроқ бирор ташбеҳ борми, йўқ. “Алпомиш” – тарихий ўзбекнинг ҳақиқий қомуси. Аммо афсуски, у шу пайтгача атиги бир ёки икки турда, тузатиш ва таҳрирлар билан қисқартирилиб, аёвсиз қайчиланиб нашр этилди.

Шуни яхши билиш керакки, 33 турнинг ҳар бири ўзига хос. Ўзига хос юксак бадиий кашфиётларга эга. Улар ҳажм жиҳатдан ҳар хил. Баъзилари шу қадар катта ва миқёси кенгки, икки китобга аранг сиғарли.
Худди шунингдек, минг йиллардан буён ўзбек халқининг оғзидан тушмай иштиёқ билан такрор-такрор айтилиб келаётган достонларимиз юздан ортиқ. Уларни чоп этиш керак. Баъзи достонларнинг ҳатто қўлёзмалари мавжуд. Бу эски қўлёзмалар парча-парча бўлиб баъзан одамларнинг сандиқларидан чиқиб қолади. Баъзилар уларни ўқиёлмаса-да, бунда муқаддас бир нарса бўлса керак деб, йиллар давомида кўз қорачиғидай асрайди. Отамдан эшитганманки, азалдан хитой қоғози ортилган лўкча-норларни миниш маън этилган гап.

Халқ ҳеч қачон ҳеч нарсани унутмайди. Халқ мероси асрлар давомида Худонинг кўринмас қўли орқали ворислар юрагига ўрнашаверади.
Шу билан бирга, “ўсма кетар қош қолар” деганларидек, халққа тегишли бўлмаган, халқнинг юрагидан жой олмаган асарлар, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаверади. Кечаги қизил тузум тугамасдан, бу тузум мафкурасини кўтариб чиққан юзлаб романлар, достонлар, шеърлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Уларни бугун ҳеч ким эсламайдиям, эслагиси келмайдиям. Чунки, бу асарларни ичида одам йўқ эди-да, фақат мафкура қўғирчоқлари, мафкура бошқарган робот қаҳрамонлар бор эди. Энди эса улар йўқ.

“Алпомиш” эса кеча бор эди, бугун ҳам бор, эртага ҳам албатта бўлади. Бу – достонлар ўзбек халқи минг йиллардан буён тўплаб келган жавоҳирлардир.
Менинг ижодим ҳамиша Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош достонларидан, халқ оғзаки ижодидан озиқланиб келди, мен улардан ўргандим, илҳомландим ва фақат ўшаларнигина ҳақиқий шеърият дарғалари деб тан олиб келдим.
Эшик олди ойдин кўл
Ойна солсам ботмайди.
Армонларда кетган болам-а,
От юборсам қайтмайди.
Қўлимдаги узукнинг
Гарди борда, кўзи йўқ.
Шунқоримни уйида,
Ўрни борда, ўзи йўқ.”

Тўра Сулаймон жуда ажойиб шеър ўқирди. Сўзлар дона-дона, жаранглаб чиқарди. Худди дўмбира симига бармоқлари текканда чиққан жарангга ўхшарди бу садо. Дўмбира садоси вужуд бўлса, шеър шу вужуднинг руҳига ўхшарди. Бир-бири билан чамбарчас қоришиб кетган бир тан-у бир жон. Ўша оқшом алламаҳалгача шеърлар ўқилди.

Болалигимда тўй-маърака, йиғинлар, сайлларга дўмбирасини кўтариб халқ бахшилари келиб қоларди. Бахшиларнинг мардонавор ҳайқириқлари, қон томирларимизни жимирлатиб юборадиган нола-ю фиғонлари авж пардаларда Мирзачўл дала-ю даштларини тўлдириб юборарди.
Улкан дарё бошланган илк нуқта – булоқни кўриб қолгандай ҳайратланардим. Мана шу булоқларнинг жилғалари аста-секин йўлларда қўшилиб дарё бўлишини, албатта дарёни фақат дарё ҳолатидагина кўрганлар ишонмайди. Бўлиши мумкин эмас, дейди. Агар бугунги кун ўзбек шеъриятини олиб қарайдиган бўлсак, кўпчилик шоирларнинг сув ичган булоқлари – Европадан кириб келган бармоқ вазнига бориб тақалади.
Бизда, XIX асргача бармоқ вазни деярли бўлмаган. Бармоқ вазни Пушкинни, Лермонтовни, Есенинни ўқиганимиз, улардан ўрганганимиз учун кириб келди. Пушкин ҳам ўз ўрнида Шекспир, Петрарка, Лонгфелло ва бошқалардан ўрганди. Бу табиий ҳол. Лекин, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги Найман она образи эсингиздами, у оппоқ кийимда боласини чорлаб, кенг далада бўзлаган ҳолда қўшиқ айтади. Халқ оғзаки ижоди, достончилик дала-даштларимиз бўйлаб юргандай, она ўз боласини зорланиб чорлаётгандай туюлаверади.

Халқ оғзаки ижодининг энг улкан ва энг сўнгги намояндаси, давомчиси эса Тўра Сулаймон эди.
Тўра Сулаймонда бош ҳарфлари бир хил сўзлар олд қофия бўлиб, сўзларнинг ўзига хос уламасини, до-ре-ми-фа-сольларни ташкил қилади. У элнинг “мен”и орқали сўзлайди. Тил – унинг фикри, унинг бадиий мушоҳадаси, ворис сифатида қабул қилиб олган хазинаси. Тилни яхши билиши – ижодининг баракали, файзли, истиқболли бўлишига кафолат бўлди. Шоир тилни ўз савиясининг ўлчов бирлиги сифатида қабул қилди, яъни тилни қанчалик яхши билса, шоир шунча буюк бўлади деб билди ва бошқаларни ҳам шу ўлчов билан ўлчади.

Қуйида Тўра Сулаймон ижодидан айрим дилга яқин намуналарни мушоҳада учун келтираман:
– Қия-қия қирлардан қийиб учсам,
Бир ўртаниб, қирларда куйиб учсам.
Ҳаволаниб, жонимдан тўйиб учсам.
Сиз-да ғариб, султоним, менда ғариб.

* * *
Не учундир бу элда
саодат сохтадин сохта
Хиёнат авжида, ё Раб
диёнат сохтадин сохта
Иззат-икром, хаё, меҳру
оқибат сохтадин сохта.
Илтижолар ижобатсиз,
ибодат сохтадин сохта.

* * *
Йўлинг элдан айри бўлса йиғла, ёлғиз бошман деб
Аёқ остида топталган кераксиз бир тошман деб.

* * *
Университетда ўқиб юрганимда ХХ аср бошларида яшаган машҳур рус шоирлари Марина Цветаева, Игор Северянин, Алексей Крученихларнинг сўзларни бир хил тизимда тизиб, (худди илтижолар ижобатсиз ибодат сохтадин сохта) жаранглатишларини, ҳарфларни биллур садосидай ўйнатишларини ўқиб, Тўра Сулаймон ҳам модернист шоир экан-ку, деган хаёлга борган эдим. Ижод лабараториясида сўзларнинг ижодий тадқиқотларини, экспериментларини ўтқазар экан, деган хаёлга борган эдим.

Кейин билсам, бундай бадиий тадқиқотлар, модернчиларнинг бутун оламга жар солиб кўтарган ғала-ғовурларининг ҳаммаси, биргина “Алпомиш”нинг ўзида аллақачоноқ синовдан ўтқазилиб, йўлга қўйилиб бўлган экан.
Қурруё-қур ҳайт-а, тўрамнинг оти,
Оқ тўшим – яйловинг, сочим шибиртки.
Куйганимдан гапни гапга улайин,
То ўлганча сайисинг бўп юрайин.
Эгам раҳм айласин қонли ёшима,
Сабаб бўлиб қўшгин тенгу тўшима.
Қурруё-қур ҳайт-а, тўрамнинг оти!

Тўра Сулаймоннинг модерни шундан иборат эдики, у халқ оғзаки ижодини бармоқ вазни билан чатиштирди, замонавийлаштирди ва бу билан “модернист” шоир деб бериладиган унвонга тўлалигича сазовор бўлди.
Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз ғариб бўлдим.
Энди босган изларингни тўрт томондан тополмасман.
Толиқиб ҳам толиб бўлдим, қирққа кирмай қариб бўлдим.
Лайли наҳор сени излаб ер-осмондан тополмасман.

Бу шеърни биринчи қараганда бармоқ вазнида ёзилган шеър дейиш мумкин, бир қараб халқ оғзаки ижоди анъаналари йўлида ёзилган ҳам дейиш мумкин. Аслида бу Тўра Сулаймон иқтидори яратган бадиий юксак ғалабадир. Ўтмишдаги бадиий анъаналарни замонавийлаштириш модернизм бўладиган бўлса, Тўра Сулаймон модернист шоирдир.

Ярим тунда Гулистон шаҳрининг марказий кўчаларини айландик, уйқу нималигини билмайдиган шамол кўйлакларимизни тортқиларди, тўлин Ой кимдир ирғитиб юборган-у, ерга тушмай булутларга илиниб қолган коптокдек, тепамизда биз билан сайр қилиб, қаерга борсак бирга юрарди.

Навоий ҳайкали ёнига борганимизда:
– Бизнинг вилоятда ҳам иқтидорли ижодкорлар бор. Ойниса Ортиқбоева, Ортиқбой Султонов, Баҳор Холбекова, Абдуғани Абдураҳмонов, Равшан Маҳмудов… Кичик дарёда катта кемалар сузолмас экан. Дарёни кенгайтириб бўлмади. Кемаларни кичрайтирдик. Агар улар ўз вақтида Тошкентга кетганларида кўпроқ муваффақиятларга эришардилар. Лекин ҳозирги ҳолатда ҳам ёмон ижод қилмаяптилар. Сирдарё халқи меҳнаткашлиги, фидоийлиги, заҳматини ёритиш учун Шолохов керак. Пастроғига кўнмайман. Бу халқ шунга арзийди. Бу халқнинг матонати сабру-тоқати, курашчанлиги ҳақида қани эди “Шоҳнома”дай асар ёзилса… Аммо ҳали ҳануз “Шоҳнома”нинг бир варағи йўқ. Одамлар эса ишлаяпти, тер тўкаяпти, чўлни обод қилаяпти, бийдай дала-дашт гулистонга айланаяпти…
Уларнинг қаҳрамонлигини мадҳ этувчи шоир-у ёзувчилар эса нўноқ…
Икки қатор шеър қофиясини жой-жойига қўёлмайди…
Эрта тонгда Тўра ака билан хайрлашдим. Шеър.дарди билан бошланган суҳбатимиз шеър дарди билан тугади. Бошқа мавзу эсимизга ҳам келмабди. Худди аввалдан таниш, болаликдан биладиган одамни олдига келгандай, бемалол келдим, кўрдим, хурсанд бўлдим, кўнглим кўтарилди ва яна келишни ният қилиб, хурсандчилик билан кетаяпман.

Баъзан қояларда улкан дарахтлар виқор билан турадиларки, нега узун-узун, қатор-қатор эккан дарахтларимиз бундай бақувват ва кўркам бўлмайди, дея ўйлаб қоламан ва бундай дарахтларни Худонинг ўзи айнан мана шу юксакликда парваришлаб, вояга етказиб қўйган, ўнталаб, юзталаб эккан кўчатларимиз ҳеч қачон бундай бўлолмайди деган қарорга келаман.

Шу билан бирга сунъий етиштирилган шоир-у ёзувчилар билан табиий, Худо берган иқтидор билан юксакка кўтарилган шоиру-ёзувчиларни қандай қилиб фарқласа бўлади деган ўй-хаёлларга бериламан ва шундай жавоб топаман: – Сунъий етиштирилган шоир-у ёзувчилар эришган муваффақиятларга меҳнат билан, тиришқоқлик билан, илм билан эришса бўлади. Улар кўтарилган юксакликка чиқиш мумкин, аммо Худо яратган туғма истеъдод эгалари кўтарилган юксакликка, бадиий муваффақиятга меҳнат билан, тиришқоқлик билан, илм билан эришиб бўлмайди. Умуман олганда одамзотнинг қўлида иқтидорни ярата олувчи қўлланма, дарслик, рецепт йўқ.

У фақат Худонинг қўлида. У Худонинг сири. Худди руҳ нима, жон нималигини ҳеч ким билмагандай иқтидорни нима эканлигини ҳам ҳеч ким билмайди.
Тўра Сулаймоннинг табиий, Худо берган иқтидори кишини ҳамиша ҳайратга солаверади.
Бугун бу туғма иқтидор орамизда йўқ. Аммо, не бахтким, у ўзи яратган иқтидор меваларини бизга ташлаб кетди. Бугун бу мевалардан ҳамма, ҳар кун, ҳар онда баҳраманд бўлаётир. 

Бу иқтидор шеърларда, достонларда, қўшиқларда баралла янграмоқда:
Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён
Сарви, санобармидир? – Соч бир ён, суман бир ён.
Саҳар субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён
Тун пардасин тортса гар, ой бир ён, осмон бир ён…

Муҳаммад ИСМОИЛ

4 836
ЎзА