ЎзА Ўзбек

21.06.2018 17:49 Чоп этиш версияси

РУҲИЯТ ОСМОНИ

 РУҲИЯТ ОСМОНИ
Яссавийлик тариқатининг асослари “Фақрнома” (айримлар Яссавийга нисбат берадилар), “Маслакул-орифин”, “Ламаъот”, “Самаратул-машойих”, “Жавоҳирул-аброр” каби манқаба ва рисолаларда акс этган.

342.jpg
Аҳмад Яссавий илк турк мутасаввифи, яссавийлик (жаҳрийлик) тариқатининг асосчиси, орифона шеърият бошловчиси. XI асрнинг сўнгида Туркистоннинг Ясси (айрим манбаларда Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим оиласида туғилган. Шайх Арслонбобдан таълим олган. Бухорода Юсуф Ҳамадонийга учинчи халфа бўлган, шайхликни Ҳамадонийнинг тўртинчи халфаси Абдухолиқ Ғиждувонийга топшириб, Яссига қайтган. Олтмиш уч ёшида чиллахона қаздириб, “буюк турк пири оламдан этакни силккан” (Алишер Навоий).

Яссавийлик тариқатининг асослари “Фақрнома” (айримлар Яссавийга нисбат берадилар), “Маслакул-орифин”, “Ламаъот”, “Самаратул-машойих”, “Жавоҳирул-аброр” каби манқаба ва рисолаларда акс этган.

“Девони ҳикмат” китоб шогирдлари томонидан тартиб берилган. Унда илоҳий ишқ ғояси ва маърифий мазмун етакчилик қилади.

hodga-ahmet-yassaviy.jpg
АҲМАД ЯССАВИЙ

Қаро отига минмагунча, қаро кўрмас,
Қаро лочин қўнмагунча, сирни кўрмас.
Сирни кўргон орифлари мунда турмас,
Саҳар вақтда жонни қийнаб турунг, дўстлар.

Қаро лочин қайрилибон қанот қоқар,
Ошиқ улдур, тан-жонини ўтқа ёқар.
Пири муғон назар қилиб анга боқар,
Шунқор янглиғ қанот қоқиб учар, дўстлар.

Давлат янглиғ шунқор қуши кимга қўнар,
Лочин янглиғ ҳалқа ичра ўзин урар.
Жонни қуши парвоз қилиб ҳозир турар,
Ҳозир бўлуб тавба қилиб юрунг, дўстлар.

Аё дўстлар, охир бўлди замонамиз,
Ҳеч қолмади бу дунёда нишонамиз.
Хабар берди «адувван» деб жононамиз,
Аллоҳ зикрин тинмай ойтиб юрунг, дўстлар.

Рўзи «наҳну қасамно»да улуш берди,
Улуш олғон бандалари йўлға кирди.
Шамъин кўруб парвонадек ўзин урди,
Жонни жонға пайванд қилиб юрунг, дўстлар.

Ҳақ расулнинг ойғонлари келди, бўлғой,
Охир замон нишонаси бўлди, бўлғой.
Фисқу фасод дунё ичра тўлди, бўлғой,
Турлук-турлук даъво ишни кўрунг, дўстлар .
27

Олимни тутқил иззат, қилғил икром,
Олимни Қуръон ичра ўгор, дўстлар.
Олимлар очор жумла мушкулотни,
Жоҳиллар жаҳлини ким тўкор, дўстлар.

Ҳақ-ноҳақ(ни) баёнини олим билур,
Ҳалол-ҳаром фарқин оми қойдин билур?!
Олимлардин омилар кўб фойда олур,
Бу дунёда яхши отин қўллар, дўстлар.

Жоҳил авом олим сўзин ҳеч тингламас,
Текма жоҳил ўзини ҳеч ўнгламас.
Олимни Аллоҳ омиға тенг айламас,
Ҳар олим юз минг омиға етор, дўстлар.

Бўлмаса олим авом нега ярор,
Қилмас эрди еру кўк, олам қарор.
Қилмиши учун олим ёзуқ кўрор,
Кўк табо ошмас ерда турор, дўстлар.

Дину дунё олим билан бўлур ҳосил,
Ибодат қилса қабул, Ҳаққа восил.
Эътиқод қил, керак бўлса ариғ насл,
Чин ошиқ бир сўзга бош эгор, дўстлар.

Авом тандур олим эрур танда жонтек,
Шоҳ Ҳусайн бўлса олим керак ҳам тек,
Инсу жинда олим-малак оми жинтек,
Тутмангиз ишкал зинҳор инкор, дўстлар.

Олимларни хор кўрмак эрмас раво,
Хор кўрмагой ул ҳам яна ер-кўк, ҳаво.
Нечаким фақир, мискин ул бенаво,
Олимни хор кўрмангиз зинҳор, дўстлар.

Олимни хор кўрса ул куфру нифоқ,
Насс ҳадис бор инсу жин бил-иттифоқ,
Олимни суйгон мўъмин юзи оффоқ,
Саволи йўқ ёзуқидин инкор, дўстлар.

Хожа Аҳмадга илҳом берди ойсун тею,
(Ҳар) олимни эъзозини билсун тею,
Ҳар ким билса, муни амал қилсун тею,
Олим иззатин қилғон жаннат кирор, дўстлар.

Озода Бекмуродова тайёрлади
6 178