ЎзА Ўзбек

17.07.2020 Чоп этиш версияси

Рихси Иброҳимова: «Мен қандай она бўлдим билмадим, лекин у ўғилликни ортиғи билан бажарди»

Рихси Иброҳимова: «Мен қандай она бўлдим билмадим, лекин у ўғилликни ортиғи билан бажарди»

Ўзбек кино ва театрининг етук актёри, қалбга яқин кўпгина роллари билан томошабинлар кўнглидан жой олган Абдураим Абдуваҳобов шу ойнинг 14 июль санасида 57 ёшида оламдан ўтди. Ҳаёт нақадар қисқа эканлигини умримиз ўтгани сайин англаб борамиз! Яхшиликлар қилишга, яқинларимиз ва бизни таниган инсонлар хотирасида яхши инсон бўлиб қолишга интиламиз. Барчамизнинг севимли актёримиз Абдураим Абдуваҳобов ҳам бутун ўзбек халқининг ёдида. Интервьюларининг бирида ўзи таъкидлаганидек, ҳақиқатпарвар, оқибатли, меҳрибон инсон ҳамда маҳоратли актёр сифатида муҳрланиб қолди. Актёрнинг яқин ҳамкасблари уни шундай хотирлади:

Рихси Иброҳимова:

— Биз Aбдураим Aбдуваҳобов билан нафақат саҳнада, ҳаётда ҳам она-боладек яшадик! Мен қандай она бўлдим билмадим, лекин у ўғилликни ортиғи билан бажарди.

Бирор кўрсатувга чақиришса, кексалигим сабаб телевидение маъмурияти менга машина юборишмоқчи бўлишарди. Шунда Aбдураим: «Машина керак эмас, онамни ўзим олиб бораман!» деб рад жавобини берарди. Қайтишда эса «Кўчамнинг бошигача олиб келдингиз, бу ёғига уйгача ўзим кетаман», десам, "Онажон, сизни елкамда кўтариб юрганим йўқ-ку! Уйингизга кирганингизни кўзим билан кўрай, кўнглим тинч бўлади", дерди. Умуман, ҳар томонлама ўрнак бўладиган инсон эди.

Абдураимдан айрилиб қолган кунимиздан буён телефон қилганлар “Ўғлингиздан айрилиб қолибсиз! Худо сабр берсин!", деб ҳамдардлик билдиришмоқда. Ҳа, мен ростдан ҳам ўғлимдан айрилдим! У каби санъаткорлар минг йилда бир келади! Абдураим "Шум бола"ни ўйнаб, ёшлигиданоқ ўзига ҳайкал қўйиб бўлганди!

Ҳурмат қиладиган яна бир жиҳатим шуки, у умри давомида бировни ғийбат қилмади, бировга ғийбат ҳам қилдирмади! Ўзини тоза сақлади. Қалбини асради. Одамларга беминнат ёрдам берди. Эвазига эса «Дуо қилсангиз бўлди!» дерди раҳматли. Мана, ортидан ҳам дуо қилиб ўтирибмиз. Шунчалик шошиб яшадики, ўлими билан ҳам бизларга дарс, сабоқ бериб кетди!

Фатҳулла Маъсудов: 

— Абдураим Абдуваҳобов - Ўзбекистонда хизматда кўрсатган артист, кино ва театр актёри, олийжаноб инсон, меҳрибон дўст, ҳақиқатгўй, тўғри яшашни севадиган, ёлғонни ёмон кўрадиган, болалигидан халққа танилган, санъатда ҳалол хизмат қилган дўстимиз бу дунёни тарк этди. Бу нафақат Ўзбек Миллий академик драма театри, бутун Ўзбекистон учун жуда фожиали кун бўлди. Унинг мухлислари жуда кўп! Абдураим Абдуваҳобов иродали, сабрли, кучли инсон эди.

Адашмасам, бундан уч йил аввал дўстим «грижа» касалига чалиниб қолди. Даволанишга ҳаракат қилиб, текширувлардан ўтди. МРТ қилдирмасдан, фақат белдаги оғриғини даволатиш билан шуғулланди. Абдураим Абдуваҳобов қувноқ ва хушчақчақ одам эдики, у-бу ери оғриб қолса ҳам, эътибор бермасди. У ўзини «грижа» бўлиб қолдим, деб ўйлаб юрди. Лекин бир ой олдин соғлиги ёмонлашиб, ўзини ёмон ҳис қилгач, уни МРТ текширувидан ўтказишди. Шунда унинг ўпкасидан «рак» чиққанини аниқлашибди! Бу касалликнинг оғир кўриниши бўлиб, бошқа органларига ҳам зарар етказган. Касаллик шу даражага келгунча чидаб юрган. Бир неча йил олдин тезлик билан озди ҳам! Нега озиб кетдинг, деб сўраганимизда: «Нон емаяпман! Кечки пайт овқат емаяпман», деди. Хуллас, аниқлашса, рак бўлиб қолган экан! Аввало ўзига билдиришмади. Кейин оила аъзолари билан бирга унинг касаллиги билан кураша бошладик. Бу хабарга ишонмасдан бошқа шифохоналарга бориб яна ва яна текширувлардан ўтдик. 

Ҳаммасида бир хил жавоб чиқди! Онкология шифохонасига боргач, ўзи ҳис қилган. Кетма-кет қуруқ йўталаверган, баданида оғриқ пайдо бўлди, иштаҳаси ҳам йўқолиб қолди. Бирмунча муддат даволаниб юрди, кейинчалик ошқозонида ҳам яраси борлиги аниқланди! Дўстимни қандли диабетдан, коронавирусдан вафот этди, деган хабарлар тарқалибди. Йўқ, Абдураим Абдуваҳобовга онкология ташхиси қўйилган. У жуда ажойиб инсон эди! 57 ёшга кирди! 8 март куни туғилган! Биз ҳар йили театримизнинг онахонлари, опа-сингилларини табриклаганимизда, Абдураимнинг туғилгани куни учун алоҳида эркакларга хос совға олардик. Абдураим буни жуда яхши қабул қиларди, “Мен оналарни яхши кўраман, шунинг учун ҳам онам мени байрамда туққанлар”, дерди. Отасидан эрта айрилган. У театр ва кинода жуда кўп роллар ижро қилди. Абдураим болалигидан халқимизнинг севимли актёрига айланди. У пазандаликда ҳам “қўли ширин” эди. Доим ош пиширишни Абдураимдан илтимос қилардик! Устозларни ҳурмат қиларди, биз ҳеч қачон Абдураим Абдуваҳобовни ёдимиздан чиқармаймиз! Оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор қиламиз!

Нилуфар Муродова ёзиб олди.

15 032
ЎзА