ЎзА Ўзбек

10.06.2019 16:32 Чоп этиш версияси

Республика театрлари Қорақалпоғистонда

Республика театрлари Қорақалпоғистонда

«Сени куйлаймиз, замондош!» Ӯзбекистон театрларининг V Республика кӯрик-фестивали иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди.

Нукус темир йўл вокзалида иштирокчилар маданият, санъат арбоблари, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

18.jpg

2011 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинаётган кўрик-фестивалнинг асосий мақсади Ватанимиз мустақиллигини, миллий қадриятларимиз ва юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи, Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва ободлиги йӯлида фидокорона меҳнат қилаётган, илғор фикрли замондошларимиз образлари акс этган замонавий мавзулардаги спектаклларни яратиш, ӯзаро ижодий тажриба алмашиш ҳамда томошабинларни Ўзбекистон театр санъатининг энг сара намуналари билан яқиндан таништиришдан иборат.

3.jpg

Жорий йилдаги кўрик-фестивалида 11 та давлат театри ўзларининг мазмунли замон қаҳрамонларини акс этган спектакллари билан иштирок этади.

8.jpg

Фестиваль доирасида Мўйноқ, Қонликўл, Тахтакўпир, Шуманай, Чимбой, Амударё, Элликқаъла туманларида республика театрларининг спектакллари ташкил этилади. Шунингдек, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида «Саҳнада замон қаҳрамони образи» мавзусидаги драматургларнинг семинар кенгаши, Ёшлар марказида Ўзбекистон маданият ва санъат институти Нукус филиали талабалари билан ижодий учрашув бӯлиб ўтади.

14.jpg

– Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида, шу жумладан, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида бундай кӯрик-фестивалининг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади, – дейди Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри директори, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби Пўлат Айтмуратов. – Жамоамиз фестивалга «Мўйноқда бахтнинг тонглари отди» ва «Турна парлари» спектакллари билан иштирок этяпмиз. Албатта спектаклларимиз томошабинларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Фестиваль жорий йил 15 июнгача давом этади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА
1 919