ЎзА Ўзбек

07.11.2012 20:04 Чоп этиш версияси

Рақс ва спорт пластикаси танлови

Пойтахтимизда IV Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови бошланди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Форум юниор спорт” маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиз ёшлари билан бирга хорижий давлатлардан ҳам вакиллар иштирок этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Бу жиҳатлар болалар спортини ривожлантириш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш каби эзгу ишларда ўз ифодасини топмоқда.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ўқувчиларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови бу йўналишдаги ибратли лойиҳалардан биридир.

Жорий йилда ушбу танловда юртимиз ва хорижий давлатлардан 700 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлар иштирок этмоқда. Улар анъанавий спорт бал-рақслари, миллий рақслар, эркин услубдаги рақс, спорт акробатикаси, бадиий гимнастика бўйича ўз маҳоратини намойиш этмоқда.

Тадбирнинг биринчи кунида мазкур йўналишлар бўйича Тошкент шаҳар саралаш босқичи ўтказилди. Иштирокчилар ижросини баҳолашда асосий эътибор ижро техникаси ва пластикаси, унинг бадиий ва хореографик жиҳатлари, мусиқа, либослар ва хореография уйғунлигига қаратилди.

Танловда бир қатор мусобақалар, фотокўргазмалар, маҳорат сабоқлари ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, велосипедчилар, роллерлар, скейтерлар мусобақаси тадбирга янада завқ ва жўшқинлик бағишлайди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат)
8 276