ЎзА Ўзбек

06.06.2018 18:14 Чоп этиш версияси

Пушкин даҳосига эҳтиром

Пойтахтимизда Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 219 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди.

Шоир ҳайкали қад ростлаган сўлим гўшада вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар жам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиматов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев, Рус миллий маданий маркази раҳбари А.Аристов ва бошқалар ўзбек ва рус халқлари дўстлигини мустаҳкамлашда адабиётнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.

Икки мамлакат ўртасидаги адабий алоқалар яхши ривожланмоқда. Тошкентда Александр Пушкинга, Москвада Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани ҳам халқларимизни ўзаро муштарак мақсад ва ажиб бадиий тафаккур маҳсули боғлаб турганининг намунасидир.

Тадбирда Пушкин ҳайкали пойига гуллар қўйилди, шоир ижодидан намуналар ўқилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 469