ЎзА Ўзбек

04.03.2019 21:34 Чоп этиш версияси

Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов: “Ҳар биримиз карвонбоши атрофида бирлашмоғимиз керак”

Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов: “Ҳар биримиз карвонбоши атрофида бирлашмоғимиз керак”

БИР КЎРСАТУВ АТРОФИДАГИ ЎЙЛАР​

544b7382-fffa-4fce-a7fd-17952025d2c3.png

Мавлон Умурзоқов,
профессор

Инсоният ҳеч қачон зулмдан, урушлардан, нотинчликлару жанжаллардан мосуво бўлмаган. Шубҳасиз, уларнинг негизида у ёки бу гуруҳларнинг манфаати ётган.

Манбаларда келтирилишича, инсоният сўнгги беш минг йил ичида фақат ва фақат 273 йил урушни бошидан ўтказмаган экан. Ҳозир ҳам биз нотинч замонда яшамоқдамиз. Сурия, Ироқ, Форс кўрфази, Венесуэла, Украина, Европада адолатсизликлар оқибатида пайдо бўлган жанжаллар юз минглаб бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда, қонлар тўкилмоқда. Афсус!..

Урушларсиз ҳам “Инсоннинг ердаги ҳаёти – деб ёзган эди Италия файласуфи Ж. Бруно. – Уруш ҳолатидан ўзга нарса эмас. Чунки у дангасаларнинг ночорлигини енгиши, юзсизликни жиловлаши, душман зарбасидан огоҳ бўлиши лозим”. Тинчликка нима етсин! Унинг қадрига етмоғимиз керак! Инсоният жамиятимиз ривожининг ҳамма босқичларида ҳам ёруғликни, тинчликни орзу қилиб яшаган. Дунё аҳли каби Ўзбекистон халқи ҳам янги – 2019 йилни катта умидлар, орзулар билан кутиб олди. Ер куррасининг турли бурчакларидан миллати-ю ирқидан қатъи назар одамларнинг бир-бирига йўллаган табрикларининг сон-саноғи йўқ. Бироқ ана шундай улуғ айём кунларида ҳам қора ниятлар айрим ғаламислар қалбларини тарк этмади.

Янги йилнинг иккинчи кунида Россия телеканали орқали Ўзбекистонга бағишланган телекўрсатув берилди. Қўйилавериб сийқаси чиқиб кетган бу фильмда яна Ўзбекистон, Шароф Рашидов ва унинг атрофидаги раҳбарлар йўл қўйган хато-камчиликлар, пахта ишлари, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар... Ўзимга савол бердим, “Бу нима янги йил табригими”, “Ёки янги йил ҳазилими?” Мен каби кўпчилик ҳам ҳайратга тушган экан.

Ахир, Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёев туфайли чорак аср давридаги хатолар тузатилаётган бўлса, Россия ва қўшни давлатлар халқлари билан қардошлик алоқалари тикланаётган, дарвозалар очилаётган бўлса туҳматга асосланган ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга “бўлган” воқеаларни “тирилтириш” кимга керак бўлди? Кўрсатувдан мақсад нима? Собиқ СССР тарқалишидан келиб чиққан аламзадаликми? Ваҳоланки, собиқ империянинг тарқалишининг объектив сабаблари аниқ. Куч билан ўрнатилган давлат қачондир инқирозга юз тутиши табиий ҳол! Куч ишлатилган жамиятда демократик принциплар бузилади, тенгсизлик ҳукмронлик қила бошлайди... Иттифоққа бирлаштирилган ўн беш қардош мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз тараққиёти тарихида марказнинг “ўгай” қарашларининг гувоҳи бўлди, тенгсизлик юкини елкасида кўтариб яшади.

Сир эмас, Ўзбекистонда ялпи ижтимоий маҳсулот ва миллий даромад ҳажмида индустриал секторнинг улуши борган сари камаймоқда, аграр секторнинг улуши эса ўсмоқда эди. Республика халқ хўжалигида банд бўлган ишчи, хизматчиларнинг бешдан бир қисмигина саноат ишлаб чиқаришда қатнашган бўлса, собиқ СССР бўйича бу кўрсаткич учдан бир қисмини ташкил этарди. Ишчи ва хизматчиларнинг ойликларида ҳам катта тафовут бор эди: шу категория ишчиларнинг ўртача иш ҳақи СССР бўйича ойига 190 сўмни ташкил қилган бўлса, Ўзбекистон бўйича бу кўрсаткич 164 сўмдан ошмасди, яъни 26 сўм (ёки 13,6 фоиз) кам эди. Қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам Ўзбекистон ишчи ва хизматчиларининг оладиган иш ҳақлари иттифоқ кўрсаткичларидан паст эди. Бу кўрсаткич (фарқ) совхозлар бўйича 28 сўмни ташкил этса, колхозлар бўйича 23 сўмдан иборат эди, ёки иттифоқ кўрсаткичларидан 15,5 фоиз паст эди. Демографик жараён деярли ҳисобга олинмаганди. Натижада ишчи кучларининг ўсиши суръатларига иш жойларнинг яратиш даражаси мутлақо жавоб бермас эди. Ўша йилларда ҳам Шароф Рашидов раҳбарлик қилган Ўзбекистон Россиядаги айрим ғаламислар ифодасидаги ёрдамга муҳтож эмас, аксинча, марказга ёрдам берувчи давлатлар қаторидан жой олган эди. Шунга қарамасдан, Ш.Рашидов ўлимидан сўнг марказ томондан Ўзбекистонга тошлар отила бошланди. Айниқса, “қайта қуриш” ниқобидаги “қайта қириш” ислоҳотининг муаллифи ҳисобланмиш М.Горбачев пайтида Ўзбекистонга тазйиқ кучайгандан кучайди.

Гдлян ва Иванов бошлиқ жазо отряди Марказнинг қўлидаги қилич эди. Улар СССРнинг собиқ Бош прокурори бўлиб ишлаган жаноб Вышинскийнинг “Тан олдириш тергов жараёнининг маликаси” назариясига асосан айбловда шубҳа қилинаётган одамларга нисбатан қонунга зид тергов усулларидан фойдаланади, аксарият ҳолларда ўз “мақсадлари”га эришди. 1983 – 1989 йилларда “пахта иши” деб номланган ишлар бўйича минг-минглаб юртдошларимиз жиноий жавобгарликка тортилди, судланди, неча минг раҳбар кадрлар зиндонбанд қилинди. Улар орасида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги собиқ “Коммунизм” агросаноат бирлашмасининг бош директори, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Меҳнат Қаҳрамони, ўн фарзанднинг отаси марҳум Бобомурод Омоновнинг ҳам номи бор эди. Кекса пахтакор “пахта иши” юзасидан айбланиб, турмада жон таслим қилди. СССРни Гитлер чангалидан сақлаб қолиш, Гдлян ва Ивановга ўхшаган нобакорларга Ватанни озод топшириш учун бўлган оғир жангдан юртига омон қайтган жангчи Гдлянлар жангида қурбон бўлди.

Етказилган зарар ҳам бир неча баробар кўпайтириб кўрсатилди. Биров бу зарар олти миллиард деса, бошқаси ўн миллиард деди.

Шу ўринда савол туғилади. Бошқа қардош давлатлар, хусусан, Россия хато ва камчиликлардан мосуво эди-ми? Чет эл ва Россия оммавий ахборотларини таҳлил қилсангиз аввал ва ҳозир ҳам Россияда рўй бераётган коррупция ривожидан ёқа ушлайсиз. Чукотка автоном округи губернатори Р.Абрамовичнинг 2008 йил апрель ойига ҳолати бўйича бойлиги 29,5 миллиард долларни ташкил этади. Ҳозирги курс ҳисобида икки триллион рублдан ошиб кетади. Ўзбекистонда етказилган зарарга қараганда бир губернаторнинг бойлиги беш юз баробар кўп. "Forbes" журнали маълумотига кўра, 1997 йилда Б.Березовскийнинг бойлиги – уч миллиард доллар. М. Ходорковский – 2,4 миллиард доллар, В.Гусинский – 400 миллион доллар ва ҳоказо. Суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бошқа жиноят турлари бўйича ҳам Россиянинг раҳбар кадрлари етакчи ўринларни эгаллайди. Сахалин вилояти губернатори А.Хорошавинни олайлик: бир эпизод бўйича унинг олган пораси 5.5 миллион долларни ташкил этди, уйидан олинган олтин ва бриллиантлар орасида 36 миллион рубль қийматига эга қўл соати ҳам бор.

Мустақиллигимизга 27 йил бўлди, нега Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари тирноқдан кир қидириб ҳанузгача юртимизга тош отади?

Пайғамбар адашса халқ қоқилади, дейишади. Раҳбар адашмаслиги учун у халқ орасида бўлмоғи, элнинг дардларини билмоғи, эшитмоғи зарур. Ҳиндистон Бош вазири бўлган Индира Гандидан “Мамлакатингизда қандай муаммолар бор, гапириб берсангиз”, деб савол берганда, у “Мен бошқараётган мамлакатнинг аҳолиси сони бир миллиардга яқинлашмоқда. Ҳар бир кишида биттадан муаммо бўлса, демак, шунча муаммоларимиз бор”, деб жавоб берган экан.

Раҳбар учун нечоғлиқ оғир бўлаётганига бугун ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз... 

Тарихда шундай ҳикмат бор...

Пайғамбаримиз замонида кутубхона мудирининг олдига унинг дўсти келиб қолган экан. Суҳбатлари бошланмасданоқ мудир стол устида ёниб турган шамни ўчириб, унинг ўрнига бошқа шамни олиб ёқиб қўйибди. Дўсти ҳайрон бўлибди:

– Шамни нега алмаштириб қўйдингиз, у шам ёндими ёки бунисими нима фарқи бор? Шунда мудир дўстига тушунтирган экан: – Ўчириб қўйган шамим кутубхонаники, чунки бизнинг суҳбатимиз шахсий, кутубхона фаолиятига алоқаси йўқ. Мана бу ёқиб қўйган шамим эса ўзимники, энди бемалол суҳбатлашаверамиз”.

Биз-чи? Ҳамон ўз чўнтагимизни давлат, халқ чўнтаги билан алмаштириб қўймоқдамиз... Чўнтакка тушган ўғирлик миллат қалбига ҳам тушган ўғирликдир! Давлат ва халқ мулкини кўз қорачиғидай асраш ўрнига ўғирликка ўзларини бахшида этган собиқ Бош прокурор Р. Қодиров ва унинг гумашталари шундай оддий ҳақиқатни англаб етмади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Девонда ишлардим. Ўшанда куч ишлатар тизимидаги бир ходимнинг ўз оиласида ўтказган “тадқиқот”ни эшитиб ҳанг-у манг бўлганман...

“Бекорчилик куним эди, – сўз бошлади у, – ўғлим билан қизим жуда яқин эди. Уларни синаб кўрмоқчи бўлиб, уриштиришга ҳаракат қилдим. Меҳнатим зое кетмади, иккаласи обдон жанжаллашди. Ниҳоят, ўзим бу жанжалга нуқта қўйдим, – деди суҳбатдошим. Эшитиб хафa бўлдим... Наҳот, шундай лавозимда ишлаган раҳбар ходим шунчалик пасткашликка юз тутса? Демак, – дейман ўзимга ўзим, – кимгадир ёмонлик қилиш усуллари уларнинг хонадонларида синовдан ўтказилар экан-да... Бу синовлар натижаси бошқаларга қўлланса одамларнинг тақдири нима бўлади?

Бундайлар нафақат оила, балки жамият учун ҳам хавфлидир!..

Раҳбар кадрнинг энг муҳим фазилатларидан бири адолатпарварлик бўлиб, у ўз ишини, ҳукм ва қарорини адолат асосига қурмас экан, унинг ҳамма меҳнати зое кетиши мумкин. Чунки адолатсиз иш – пойдеворсиз иморатга ўхшайди! Кадрлар билан ишлар борасида кўз илғамас яна бир хавфли иллат бор. Бу раҳбар қулоғига “шипшиш” одатидир. Бундай “маҳорат”ни эгаллаганлар ундан фойдаланишни ҳам яхши биладилар.

Амалдор бор экан, бундай “шипшиш”лар ҳам бўлиши балки табиийдир. Бироқ, “шипшувчи”лар аслида кимнинг дўсти? Ҳаёт шуни кўрсатадики, одатда, “шипши”ган зотлар доимо ўз йўлига ғов бўлаётган ёки ўз тор мақсадларига хавф солаётган кимсалар ҳақида “ахборот” тўплайди. Улар бундай маълумотлар тўплашда оқ-қорани ажратиб ўтирмайди. Ошкор ва ҳалол йўлда зарба бера олмаган ўз рақибини оёғидан чалса бас. Баъзан, улар рақибидан ўч олишнинг бошқа усулларини қўллашдан ҳам тойишмайди. Раҳбар қулоғига бири рақиби устидан “луқма” ташлайди, иккинчиси уни тасдиқлаб ўтади, учинчиси эса “ёлланган” одамни раҳбар қабулига киритиб юборади. Мана шундай усуллар қўлланиши давомида кўплаб соф виждонли кишилар айбсиз айбдор бўлиши мумкин.

Юқорида гдлянчилар ҳақида сўзладик. Минг афсуски, ўзимизда ҳам ноинсоф, бераҳм терговчилар бор эди. Улар тергов учун янги “усул” қўлладилар: элимиз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш учун, уйларига ўқ-дорилар ёки “қора дори” ташлашади ва “топгич ходимлар” эса уларни бирпасда топишарди. Қарабсизки, умрида ўқ-дори, қора дорини яқинидан ўтмаган, билмаган фуқаро қамоқдан жой олади. Шу маънода кўп йиллар турли вазифаларда фаолият юритган, тарих фанлари номзоди Исмоил Шодмонқуловнинг Ўзбекистон Олий Судида берган кўргазмаси диққатга молик... “Тонгда уйимизга ички ишлар ходимларидан 12 киши келди ва тинтув қила бошлашди, беш дақиқа ўтар-ўтмас турмуш ўртоғимнинг (педагогика институти факультет декани) ички кийимларидан докага ўралган патронлар ва қора дорилар топишди. Ишлатилган пичоқ ялтираб кетганидек, ўнлаб, балки минглаб одамлар тақдирини “ҳал этган” бу патронлар қўлдан-қўлга ўтавериб ялтираб кўринарди... Тергов пайтидаги азобларга эса чидаб бўлмасди, терговчиларнинг ягона талаби – бошлиғимга нисбатан улар хоҳлаган кўргазмани ёзиб беришим керак эди. Биргина мен эмас жуда кўп ходимларга ҳам ана шундай азоблар берилди. Улар ўз мақсадларига эришиш учун бизларга нисбатан қўлламаган усуллари қолмади”.

Яна бир воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Беруний туманида (Қорақалпоғистон Республикаси) ёқилғи қуйиш шохобчаси ходими устидан жиноий иш очилади, гўё у ёқилғини ноқонуний тарзда сотаётган экан. Бу ишни ёпиш учун туман прокурори айбдордан ўн икки минг сўм талаб қилган. Айбдорнинг қариндоши ва дўсти билан мен ўша пайтда бир жойда ишлар эдик. Улар менинг хонамга кириб бўлган воқеани батафсил тушунтириб беришди. Мен бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Бош прокурорига айтдим.

Ўша пайтда, билмадим қайси раҳнамо сабаб, туман прокурори Туркманистон Республикасига қочиб кетди, аммо маълум муддат ўтиб, Бош прокурор Р.Қодиров ёрдамида ўша кимса Бош прокурорнинг ёрдамчиси, одамларнинг айтишича, “чўнтаги”га айланди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, – ўшаларнинг ҳаммаси ниҳоят тумшуқларидан илинди.

Халқимиз бугун юртимизни дунё мамлакатларининг олдинги қаторига чиқариш учун кеча-ю кундуз меҳнат қилаётган одил, имонли ўз Юртбошиси атрофида чамбарчас боғланган ҳолда кўтаринки руҳ билан бор куч, ғайратларини сафарбар этмоқда. Мамлакатимизнинг ҳамма соҳалари Президентимизнинг эътиборида, назарида. У кишининг ички ва ташқи сиёсат бобида олиб бораётган фаолияти бир неча йўналишда амалга оширилмоқда.

Йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилмоқда. Ён атрофдаги қардош давлатлар билан муносабатларимиз жойига тушди, иқтисодий ҳамкорлик қайта тикланди. Халқлар Дўстлиги саройи олдида Шароф Рашидов ташаббуси билан Шомаҳмудовлар оиласи учун ўрнатилган ҳайкал олиниб шаҳардан чиқишдаги ГАИ пости олдига ўрнатилди. Нега? Етимларга шаҳарда жой йўқми, етимнинг жойи шаҳар четидами? Ёки Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи берилди.

Ҳеч кимга сир эмас, статистик маълумотлар бўйича ишлаб чиқариш суръатлари қанчалик юқори кўрсатилмасин халқнинг турмуши ёмон аҳволда эди. Газлаштириш, электр энергияси билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида, муаммолар муаммоси эди.

Кўпгина коллежлар, лицейлар хорижнинг қимматбаҳо компьютер ускуналари билан жиҳозланган. Бироқ улар, аксарият, ишламасди. Сабаб битта – электр энергиянинг йўқлиги бўлган. Ушбу ҳол гўё дала ўртасида ёқилғисиз тўхтаб қолган тракторга ўхшарди. Кейинги икки йил давомида қишлоғимизга газ ҳам келди, электр чироғи ёниб турибди...

Қурилишда янги технологияларни қўллаш натижасида қирқ беш кунда бир янги қишлоқ пайдо бўлса! Хаёлингизга ҳам келтира олмайсиз!.. Фақатгина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича 2018 йилда республикамиз бўйича юзлаб қишлоқ тубдан янги замонавий талабларга жавоб берадиган қиёфага кирди.

Янги раҳбарнинг келганига икки йил бўлди. Очиғини айтсак, мана шу муддат ичида қилинган ишларни, ўзгаришларни кўриб дилингиз баҳра олади. Юзлаб саноат корхоналари, спорт иншоотлари қад кўтармоқда, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маориф, олий ўқув юртларининг янги бинолари бўй чўзмоқда. Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ҳам ўсмоқда. Иқтисодий бақувват АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Германия, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея каби йирик мамлакатлар эшиклари Ўзбекистон учун янада очилмоқда. Ҳар биримиз бундай ижобий ўзгаришлар, ютуқлардан фахрланмоғимиз зарур! Улуғ сафарга чиққан карвон аъзолари – ҳар биримиз, садоқат, эътиқод, самимият, ҳалоллик каби туйғуларни қалбимизда чуқур ҳис этиб карвонбоши атрофида бирлашмоғимиз, янги ютуқларни қучиш учун шахдам қадамлар билан олға юрмоғимиз керак.

ЎзА
27 742