ЎзА Ўзбек

03.10.2018 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги Хўжа Аламбардор мақбараси бугун қай аҳволда?

Пойтахтимиздаги Хўжа Аламбардор мақбараси бугун қай аҳволда?

Аввал хабар қилинганидек, айни кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза этиш ва фойдаланиш ҳолатини ўрганмоқда.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам партия фаоллари, депутатлари Самарқанд дарвозаси ҳудудида жойлашган Хўжа Аламбардор мақбараси ва мақбара яқинида жойлашган чиллахона объектлари ўрганилганда таъмирга муҳтож эканлиги аниқланди.

Ушбу меъморий ёдгорлик манбаларда XIX асрга оидлиги қайд этилган. Маҳаллий ривоятга кўра, мақбара Қаффол Шошийнинг сафдоши, аламбардор (байроқдор) номи билан машҳур бўлган X асрда Тошкентда ислом динини тарқатишга хизмат қилган Хўжа Абдулазиз Аламбардор шарафига қурилган. Унинг ер ости чиллахонаси ҳозиргача сақланган.

Тарихий маълумотларга кўра, Хўжа Аламбардор аслида Сайрамда дафн этилган (Хўжа Аламбардор мақбарасидаги қабр рамзийдир). Мақбара биноси бир неча бор қайта қурилган. Ривоятларга кўра, мақбара ичида Аламбардор томонидан келтирилган, “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари битилган туғ ҳали ҳам сақланади.

Шунингдек, Камолон қабристони тарихи IV-V асрга бориб тақалади. Аҳоли турар жойи билан қўшилиб кетган қабристонга кириб-чиқишни тартибга солиш юзасидан таклифлар берилди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган тавсиялар асосида ишланган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.

7 328
Б.Мелиқулова, ЎзА​​