ЎзА Ўзбек

09.11.2012 21:24 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда IV Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови якунланди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Форум юниор спорт” маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг ўттиздан ортиқ жамоаларининг 700 дан зиёд аъзолари иштирок этди.

Ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни камолга етказиш, ёшларга замонавий таълим бериш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, истеъдод қирраларини эрта аниқлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир. Мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат, бадиий ижодиёт марказларининг бунёд этилаётгани, болалар спортининг ривожлантирилаётгани ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси болаларни миллий ва умумбашарий қадриятлар, эзгу ғоялар руҳида камол топтириш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, таълимдан ташқари бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этишга катта эътибор қаратмоқда. Жамғарма томонидан мунтазам ўтказилаётган “Янги авлод”, “Болажонлар – ширинтойлар” фестиваллари, “Болалик шарафига!” хайрия акцияси, бадиий гимнастика бўйича “Кичкинтой” халқаро турнири, кўргазма ва концертлар, амалга оширилаётган турли ижтимоий лойиҳалар ўғил-қизларнинг орзу- интилишларига қанот бағишлаб, уларнинг фаолияти ва эришаётган ютуқлари билан халқимизни яқиндан таништирмоқда.

Жорий йилнинг 7-9 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови ҳам ушбу йўналишдаги лойиҳаларнинг биридир. Ундан кўзланган асосий мақсад миллий ва замонавий рақсга қизиқувчи болаларни кашф этиш, профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ривожлантиришдан иборат.

Санъат ва спорт, беғубор болалик байрамига айланиб кетган мазкур танловда жамоалар анъанавий спорт-бал рақслари, миллий ва жаҳон халқлари рақслари, эркин ва замонавий услубдаги рақслар, спорт акробатикаси каби йўналишлар бўйича ўз дастурларини намойиш этди. Роллерлар, скейтерлар ва велосипедчилар ўртасида мусобақа ўтказилди. 3-12 ёшдаги болаларнинг Hip-Hop, Break ва Dancehall каби рақслар бўйича чиқишлари танловга янада қувноқ руҳ бағишлади.

Ёшларга катта саҳнада ўз маҳорат ва истеъдодини намойиш этиш имконини берган мазкур танловда иштирокчиларнинг ижроси нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Ижронинг мукаммаллиги, мусиқа, рақс ва либосларнинг уйғунлиги, пластика ва саҳна маданиятига алоҳида эътибор қаратилди. Танлов доирасида ташкил этилган “Стрит-арт” номли кўргазмада моҳир фотоусталарнинг замонавий рақс, мамлакатимизда рақс санъатини ривожлантириш бўйича лойиҳалар акс эттирилган суратлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Концертлар, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига экскурсиялар, моҳир хореографлар, балетмейстерлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари танлов иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.

– Ўзбекистон болаларининг билимга чанқоқ, чинакам истеъдод эгаси эканига гувоҳ бўлдим, – дейди нидерландиялик хореограф Кензо Альварес. – Юртингизда миллий санъат ғоят қадрланиши билан бирга унинг замонавий турлари ҳам изчил ривожланиб бораётгани катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонлик болалар жўшқин руҳдаги “Дилхирож”, “Андижон полкаси”, “Лазги” билан бирга жаҳон халқларининг рақсларини ҳам маромига етказиб ижро этишидан ғоят ҳайратландим.

Танлов якунида ижроси энг яхши деб топилган бадиий жамоаларнинг ранг-баранг рақсларидан иборат гала-концерт намойиш этилди. Турли йўналишларда ғолиб бўлган иштирокчиларга дипломлар, махсус грантлар ва эсдалик совғалари топширилди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат)
25 179