ЎзА Ўзбек

26.12.2019 Чоп этиш версияси

Пекинда Ўзбекистон маданияти куни бўлиб ўтди

Пекинда Ўзбекистон маданияти куни бўлиб ўтди
Хитой пойтахти Пекин шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунига бағишлаб “Буюк ипак йўли дурдонасига саёҳат” номли тантанали кеча бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Казинформ”нинг Хитойдаги махсус мухбири хабар қилади.

Тадбир Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, улар урф-одатлари ва анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган “ШҲТ умумий уйимиз” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

ШҲТ Бош Котиби Владимир Норов тадбир очилишида сўзга чиқиб, лойиҳа моҳиятан асрлар давомида халқлар ўртасида дўстлик ришталарини боғлаб, илм-фан алмашинуви, маданиятларнинг бойишига хизмат қилган Буюк ипак йўли мақсад ва вазифаларига ўхшаш эканини қайд этди.

“Хитойдан Европагача, Африка мамлакатларидан Ҳиндистонгача бўлган масофани қамраб олган мазкур кенг кўламли савдо ва маданий алоқа йўли ШҲТ маркази – Марказий Осиё орқали ўтган”, деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, В.Норов ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришда “ШҲТнинг саккиз мўъжизаси” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ҳам сўзга чиқди.

– Буюк ипак йўли ШҲТга аъзо мамлакатлар халқларига нафақат моддий бойликлар, балки инсониятни тараққиёт сари етакловчи улкан гуманистик анъаналарни ҳам қолдирди. Бугунги кунда ШҲТ минтақаси ана шундай турли тарихий-маданий ва миллий анъаналарга бой мамлакатлар уйғунлашган макондир, – деди Б.Сайфуллаев.

Тадбир доирасида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган тарихий марказ –қадим Бухоро ёдгорликларига оид маълумотлар билан таништирилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри ижодий жамоалари иштирокидаги концерт дастури ва амалий санъат кўргазмаси ташкил этилди. Анжуман иштирокчилари ўзбек миллий ошхонаси таомларидан баҳраманд бўлди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Покистон ва Афғонистоннинг ушбу мамлакатдаги элчилари иштирок этди.

5 507
ЎзА