ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

Педиатрлар орасидаги биринчи ўзбек олима аёли ҳақида...

Педиатрлар орасидаги биринчи ўзбек олима аёли ҳақида...

Аёл – миллат қалби

Фасллар келинчаги баҳор ўлкамизга сепини ёйиб, боғ-роғлар чаман гулларга бурканиб, табиат яшара бошлаган паллада инсон қалби ҳам унга монанд яшариш ва яратиш иштиёқи билан жўш ура бошлайди. Айниқса, бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан дунёни тебратадиган аёлларга нисбат бериладиган бу фаслнинг таърифига сўз оз, қалам ожиз. Аёл ва баҳор ҳаёт бешиги каби инсон камолга етиши ва замин гуллаб-яшнаши йўлида ижодкору бунёдкор. Улар ҳақида сўз юритар эканмиз, жасорати билан миллатимиз тарихида ўчмас из қолдирган Тўмарису Нодира, вафо — садоқати, ижоди ила аёлларга ҳайкал қўйиб кетган Зулфия каби момолар беихтиёр ёдга тушади.

Янги Ўзбекистоннинг жонкуяр Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида бутун халқнинг, миллатнинг эътиборини яна бир бор аёлларга қаратди: “Ижро органларида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, муҳтарама опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилишимиз керак. Нега деганда, аёлларимиз ҳаётий муаммоларни бошқалардан кўра чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлади”.

Дарҳақиқат, ўзбек аёли ўзининг асрлар синовига дош берган иродаси, сон-саноқсиз фазилатлари билан бу эътироф ва ишончга ҳар томонлама лойиқдир.

Сабр-бардошда эркаклар билан бирдек тура билган, оиласи, халқи ва ватани тақдири йўлида ўзини заррама-зарра фидо айлаган аёллар ҳақида сўз борганида, менинг ёдимга оиламизнинг катта-кичик барча аъзоларига умрбод ўрнак бўлиб ўтган аяжоним сиймоси қайта-қайта келаверади. У киши халқнинг кўз қорачиғи бўлмиш болалар саломатлигини асрашга бутун онгли умрини бағишлаган таниқли шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Маъсумахон Абидовадир.

19777.jpg

Қиз бола дунёга келиб, эс-ҳушини таний бошлаган кундан бошлаб олам-олам орзу-ниятлар оғушида умр йўлини босиб ўтишга ҳаракат қилади. Кўнглига ёққан соҳани мукаммал эгаллаш, хаёлидаги “шаҳзода”си билан оила қуриб, ували-жували бўлиб бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларининг камолини кўриш ҳаётининг мазмунига айланади. Аммо уларга эришиш учун авваламбор ота-онанинг дуоси, устозларнинг фойдали маслаҳатлари, ўзидан эса тинимсиз ўқиб-ўрганиш, меҳнаткашлик, касбга, оилага садоқат талаб қилинади. Давлат иши билан оилани, ҳаёт тарозисининг икки палласини тенг тутгандек олиб бориш учун уқув, ақлий етуклик, сабр-бардош, бир сўз билан айтганда, фидойилик муҳим роль ўйнайди.

Маъсумахон аямнинг ҳаёт йўлларига назар солар эканмиз, юқорида санаб ўтилган инсоний фазилатлар унда тўла-тўкис мужассам бўлганининг гувоҳи бўламиз...

Маъсумахон аям икки ёшида – ҳали онасининг иссиқ меҳрига тўймай ундан ажралади, ўгай она қўлида катта бўлади. Ўтган асрнинг 20–30-йилларидаги оммавий қашшоқлик, очлик шароитида кечган болалик даври не кўргуликларни бошига солмасин, илм ва маърифатга чанқоқ қиз тенгдошларидан илгарилаб – 15 ёшида мактабни “аъло”га битиради. Давр тақозоси билан аввал араб, кейин лотин, ниҳоят кирилл ёзувини ҳам пухта ўзлаштиради. Ўрта мактабни имтиёзли битирган Маъсума Тошкент давлат медицина институтида ҳар жиҳатдан чуқур таҳсил олади. Унинг институтни битириш, қўлига олий маълумот дипломини олиш куни шафқатсиз уруш бошланган кунга тўғри келади. Шу даврдан бошлаб бу қизнинг ҳар куни одамлар ҳаётини қутқариш, умрларини узайтириш, муҳтожларга меҳр улашишдек савобли юмушлар билан ўтади. Бир пайтнинг ўзида, айниқса, ўша даврларда ўлкамизда ниҳоятда долзарб бўлган болалар касалликларига доир илмий иш устида изланади.

Шу ўринда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш жоиз: “Уруш пайтида Украина, Белоруссия ва Россиядан турли миллатга мансуб 1 миллиондан ортиқ аҳоли, шу жумладан, 200 минг нафар ёш болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Халқимиз уларга меҳр бериб, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган”.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши пайти фидойи ватандошларимиз фронт ортида кўрсатган қаҳрамонликларнинг чек-у чегараси йўқ. Маъсума аямнинг ўша даврдаги фаолияти ҳам фидойилик, ватанпарварлик ва қаҳрамонликнинг бир кўриниши, десак сира адашмаймиз. Фарзандларимиз, шу жумладан, юртимизга эвакуация қилинган болалар саломатлиги учун жон куйдирган болалар шифокорлари қаторида аямнинг меҳнатларини ҳам тилга олиб ўтиш жоиз. Маъсума аям ҳам ўша фидойилар қатори, ялангтўш Ғафур Ғулом айтмоқчи: “Кўзим усти миннатинг бошимга дурра!” дея юртидан, ҳаловатидан, тинчлигидан айрилган инсон болаларидан қўлидан келганки яхшиликни аямади. Кунни тунга улаб етим болалар боши устида парвона бўлди, уйидан олиб келган ярим коса овқатини ўзи емай, уларнинг оғзига тутди. Бу норасидаларнингқанча-қанчаси жисму жони нозик, иродаси эса метин “доктор Маъсума” сиймосида ўзининг онасини, опасини кўрди, жон-жонидан ҳис қилди.

Копия (3) сканирование0014.jpg

Маъсумахон Абидова уруш даврининг бор қийинчиликларини сабр-у бардош билан енгиб, таниқли педиатор олим, профессор Иосиф Саламонович Гершинович раҳбарлигида болалар саломатлигига доир илмий ишни ўз вақтида якунига етказади. Назария билан амалиёт уйғунлиги, тинимсиз изланишлар натижаси ўлароқ, 1946 йилда “Болаларда гематологик ўзгаришлар” мавзуида номзодлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинади. Шу тариқа у болалар шифокорлари – педиаторлар орасида биринчи ўзбек олима аёлига айланади.

У шундан кейинги 45 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида бугунги кунда таниқли кўплаб шифокорларга устозлик қилди, уларнинг ҳам илмда, ҳам ҳаётда ўз йўлларини топишида бош-қош бўлди. Илмий иш қилиш билан бир қаторда талабаларга илм бериш, ёш мутахассисларга устозлик қилиш, оилада тўрт фарзандни комил инсонлар этиб тарбиялаш, бирон марта қаттиқ сўз ишлатмасдан, оқ ювиб оқ тарашга куч топа олган аямнинг жасорати беиз кетмади. Соғлиқни сақлаш аълочиси, доцент Маъсума Абидова 1945 йилда “Улуғ Ватан уруши йилларидаги фидокорона меҳнати учун”, 1970 йилда “Фидокорона меҳнати учун” ва 1994 йилда эса мустақил Ўзбекистоннинг “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланади. Бундай аёллар ҳаёти ва фаолияти, илм соҳасида эришган муваффақиятлари йиллар ўтсада ўз аҳамиятини йўқотмайди, ёшларимиз учун дастурил амал бўлиб хизмат қилади.

... Аёллар ҳақида гап кетганда, уларни баҳорга ўхшатишлари бежиз эмас. Баҳор яратиш ва яшнатиш фасли бўлганидек, аёллар ҳам ҳаётимиз баҳори каби умримиз қувончи¸ фарзандларимиз – келажагимиз ижодкори, ширин турмушимиз кўрки, жамиятнинг фариштасидир. Меҳрга тўла қалб эса сира алдамайди, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам оқилона қарор қабул қила олади. Таъбир жоиз бўлса, уларни миллатимиз қалби сифатида ҳар жиҳатдан асраб-авайламоғимиз, меҳрга, шафқат ва эҳтиромга, гул-у райҳонларга буркамоғимиз даркор.

Миллат қалби – аёл борки, олам мунаввар ...

Маъсума аянинг набираси Гулноза Исмаилова


6 460
ЎзА