ЎзА Ўзбек

15.04.2019 12:42 Чоп этиш версияси

Қозоғистонлик Исмағул оқиннинг невараси Термизда барчани мафтун этди

Қозоғистонлик Исмағул оқиннинг невараси Термизда барчани мафтун этди

Сурхондарё вилоятида бошқа миллат вакиллари билан қозоқлар ҳам аҳил, иноқ, фаровон турмуш кечирмоқда. Ўзбеклар билан дини бир, урф-одат ва анъаналари, тили ўхшаш қардошларимиз вилоятни ижтимоий-иқтисодий, маданий юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётир. Иқтидорли фарзандлари ўз истеъдодини кенг намоён этиб, эл олқишини олмоқда. 

Вилоят марказидаги Тўпроққўрон маҳалласида яшовчи Дилбар Мусаева билан Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида суҳбатлашиб қолдик. 

Кўп йиллар вилоят сув хўжалиги тизимида меҳнат қилган Д.Мусаева ҳозир қарилик гаштини сурмоқда. Тўрт ўғилни тарбиялаб, камолга етказаётир. Опа билан танишиб, суҳбат қуришимизга 9 ёшдаги ўғли Ҳусаннинг бахшичилик санъатига меҳр қўйгани сабаб бўлди.

6c576028-a484-4470-992d-02f3f6134445.jpg

– Аждодларимиз Қозоғистоннинг қадимги Акмала, яъни Россиянинг ҳозирги Омск вилоятида яшаган, – дейди Дилбар опа. – Бу ҳақда бизга онам Хотира Алимова жуда кўп гапириб берган. Айниқса, шоир ва оқинлар авлодидан эканимизни тез-тез эслар эди. Бобом Исмағул Садвоқасовнинг сўзга чечанлиги ва кўплаб достонларни ёддан куйлашини, давраларни қиздиришини фахр билан ёдга олар эди. Бундай фазилат тоғамда ҳам бўлганини айтиб юрарди. Кенжа ўғлим Ҳусанжоннинг ана шундай қобилиятини сезиб қолгач, бобомга, тоғамга ўхшабди-да, дея жуда суйиниб кетдим. Уни бу соҳага қандай йўналтирсам экан, деб юрганимда шаҳримизда бахшилар мактаби очилганини эшитиб, яна бир қувондим.

Ўтган йили Д.Мусаева Ҳасан-Хусан ўғлини етаклаб, Термиз шаҳридаги 22-мусиқа, санъат ва бахшичилик мактабига борди. Мутахассислар суҳбати асосида Ҳасан пианино, Ҳусан эса бахшичилик гуруҳига ўқишга қабул қилинди.

fd4aa46f-08be-48e8-90fe-e6ea792aa62c.jpg

– Иккови ҳам қизиқиш билан ўқимоқда, – дейди Дилбар опа. – Хусанжоннинг достонлардан парчаларни дўмбира жўрлигида берилиб куйлашидан завқланаман. Акмалада элга шавқ улашган бобомни кўргандек, меҳрини туйгандек бўламан. Бир кун келиб, у зотнинг амалга ошмай қолган орзуларини руёбга чиқаради, қўлда дўмбира билан дунё кезади. Катта-катта давраларда юртимиз орини олади, дея умид қиламан.

Термиз шаҳрида илк марта ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ташкил этилган сайлларда Хусан Мусаев ҳам бошқа гуруҳдошлари сингари дўмбира нағмалари жўрлигида қадимий достонлардан парчаларни, халқ оғзаки ижоди асосида яратилган термаларни ширали овозда юракдан куйлаб, мезбону-меҳмонларда бой таассурот ўйғотди. Қозоғистонлик шоир бобосидек фақат маҳаллий иштирокчиларни эмас, балки Мағрибу Машриқдан Термизга келган меҳмонларни ҳам мафтун этди. 

Буларнинг барчаси юртимизда ёш авлоднинг ўз истеъдод ва маҳоратини кенг намойиш этиши учун яратилаётган шароитларнинг, миллий ва умумбашарий қадриятларни улуғлашга қаратилаётган эьтиборнинг амалдаги ифодасидир. 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
2 675