ЎзА Ўзбек

14.08.2019 16:46 Чоп этиш версияси

Қовун сайлида деҳқонларга автомашиналар совға қилинди

Қовун сайлида деҳқонларга автомашиналар совға қилинди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Хивада ўтказилган “Қовун сайли – 2019” фестивали якунланди.

Хива шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли Хоразмнинг миришкор деҳқонлари етиштирган, дунёга донғи кетган, мазаси тилни ёрадиган ҳар хил навдаги қовунлар ва полиз экинлари маҳсулотларидан бирдай баҳраманд бўлди.

“Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи” савдо-кўргазмаси халқимизнинг ўзига хос деҳқончилик мактаби, дунёга машҳур қовунларимиз, Хоразм деҳқонининг, умуман, хоразмликларнинг нозик диди, малакаси ва меҳмондўстлиги намойиши бўлди.

photo_2019-08-14_18-54-01.jpg

– Хива мен ўйлаганимдан ҳам гўзалроқ экан, – дейди испаниялик сайёҳ Даниел Рубио Kреспо. – Айниқса, одамларнинг меҳмондўстлиги менга жуда ёқди. Биз томонларда жуда баланд нархларда сотиладиган қовун, тарвуз, узум, нок каби мевалар меҳмонларга бепул тарқатилмоқда. Бу – юртнинг деҳқонлари жуда танти ва сахий эканидан дарак. Қовунларнинг мазаси ҳар қандай инсонни лол қолдиради. Бундай ўзгача таъмни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз.

Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида полиз экинлари ва турли боғ меваларининг янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган кўринишдаги маҳсулотларидан иборат “Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи” савдо-кўргазмаси ўтказилди.

photo_2019-08-14_18-54-04.jpg

– Бизнинг фермер хўжалигимиз вилоят марказидан тахминан 230 километр узоқликда жойлашган, – дейди Ҳазорасп тумани Тупроққалъа қишлоғидаги “Бобур Бобожонов” фермер хўжалиги раҳбари Нодир Бобожонов. – Бир йилдан буён қум барханлари орасидан ер очиб, экин майдони яратамиз. Қумлоқ далада етиштирилган қовун намгар ердагига қараганда ширинроқ бўлади. Бугунги кўргазмага 10 дан ортиқ турдаги қовун, 8 хилдаги тарвуз, 6 турдаги қовоқ маҳсулотларимиз билан иштирок этдик. Биз етиштирган маҳсулотлар таъми нафақат меҳмонлар, балки мутахассисларнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлди.

Деҳқонлар ва амалиётчи олимлар қовуннинг унутилган навларини тиклаш, экспортбоп янги навларини яратиш ва кўпайтириш устида ишламоқда. Селекционер олимлар томонидан ҳосилдорлиги юқори, ноқулай об-ҳаво шароитлари, айниқса, оқпалак касаллигига чидамли, экспортбоп “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразми”, “Саховат”, “Заргулоби” навларининг яратилгани бу борадаги изланишларга ёрқин мисолдир.

“Қовун сайли – 2019” фестивали доирасида кейинги йилларда вилоятда қовунчилик ва полиз экинлари бўйича илмий иш олиб бораётган соҳа мутахассислари фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилди. Улар томонидан мазкур соҳада эришилган ютуқлар ҳам намойиш қилинди.

– Кўргазмада иштирок этиб, қовунларни баҳолаш учун мутахассислардан ташқари, 10 нафардан ортиқ мен каби фахрийлар жалб этилди, – дейди меҳнат фахрийси Қадамбой Матсафоев. – Мақсад бир неча йиллар олдин йўқ бўлиб кетиб, қайта тикланган қовун навларига баҳо беришдан иборат. Таъкидлаш лозим, ҳозир Урганч давлат университети олимлари томонидан яратилган “Гулоби Хоразми” навли қовундан татиб кўриб, болалигимда бувижоним нонуштага нон билан бирга берадиган қовуннинг таъмини ҳис этдим. Буни сўз билан тасвирлаб бериш анча мушкул.

Бундан ташқари, мазкур фестиваль давомида вилоятнинг фольклор-этнографик гуруҳлари, ёш эстрада хонандаларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, гуллар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳам ташкил этилди.

Қовун сайлининг ёпилиш маросими қадимий Ичан Қалъанинг Ота дарвоза мажмуаси олдида бўлиб ўтди. Унда фестиваль доирасида эълон қилинган “Олтин гурвак” кубоги учун ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, Хоразм вилоятининг аграр ҳудудлари ҳисобланган Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Янгиариқ, Янгибозор, Хонқа, Ҳазорасп, Шовот, Хива ва Урганч туманларининг барчаси ғолиб деб топилди. Уларга вилоят ҳокимлиги томонидан махсус диплом ва ўзимизда ишлаб чиқарилган “DAMAS” ва “LABO” русумли ўнта енгил автомашина совға қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида фаол иштирок этган фермерлар, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ва меҳнат фахрийларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА
2 729