ЎзА Ўзбек

23.03.2019 Чоп этиш версияси

Ортиқ СУЛТОНОВ: ”Ҳамма кулишни истайди, лекин кулги бўлишни хоҳламайди”

Ортиқ СУЛТОНОВ: ”Ҳамма кулишни истайди, лекин кулги бўлишни хоҳламайди”
Юртимизда қизиқчилик, маданият ва санъатга берилаётган эътибор, камчилик ва муаммолар, юмор тарихи ва ривожланиши хусусида санъатшунослик фанлари номзоди, сўз устаси Ортиқ СУЛТОНОВ билан суҳбатлашдик:

– Қизиқчиларда шундай гап бор. Шу гапираётганинг охирги сўзинг бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳамма нарсани гапиравериш инсонга ҳурмат-эътибор олиб келмайди. Йигирма йилдан ошди саҳнага чиқаётганимизга. Англадимки, сўзнинг масъулияти ҳамма учун бир. “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, дейишадику. 

Устозимиз Эргаш Каримовнинг ҳам бир фикри бор. “Кулгунинг тагида бир дард, уйғоқ фикр бўлмаса, у кулгу эмас”, деган. Театрда битта спектаклни намойиш этиш учун қирқта санъаткор саҳнага чиқади. Биз бир киши, ёки икки киши чиқамиз. Шу бир, икки кишида ўша қирқ кишининг илми, ғайрати, масъулияти, таланти бўлиши керак. Айтаётган ҳар бир гапимизни ўйлашимиз керак. Шу гапимизнинг оқибати қандай бўлади? Билишимиз керак.

Камчилик ҳамиша бор. Камчиликларингизни гапираверишса, буни ўйлаб-ўйлаб руҳан тушкунликка тушасиз. Биз ютуқларимизни ҳам гапиришимиз керак. 

– Айни йўналиш тарихига кириб борган, изланишлар қилган мутахассис сифатида айтингчи, бу соҳанинг бошқа халқларнинг санъатидан фарқи нимада?

– Устозларимиз жузъий камчиликлар, касблардан кулманг деган. Ҳамма кулишни истайди, лекин кулги бўлишни хоҳламайди. Бизнинг халқимиз ориятли халқ. Энг асосий фарқи шунда. Сўнгги пайтларда баъзи қизиқчиларимиз саҳнада кимларнидир номларини қўшяпти. Шу норозиликларни келтириб чиқаряпти. Кулгу билан инсонларнинг нафсонияти ва шахсиятига тегмаслигимиз керак. Кулгу инсонларни яшашга ундаш, уларни яхшиликка даъват этиш ва ёмонликдан қайтаришдир.

Яқинда яна бир кузатиш қилдим. Европа қизиқчиларини қарасангиз, саҳнада қўполроқ сўзларниям ишлатаверади. Саҳнада сўкиняптиям баъзилари. Бизнинг кулгумиз “коса тагида нимкоса” бўлади. Бугун аскиямизнинг қудрати камайгандек. Сабаби аёллар ва эркакларнинг давраси битта. Аскиячиларимиз қийналяпти бундан. Агар бунинг чораси кўрилмаса, кўзга кўринган аскиячилар четда қолиб кетаверади. 

– Юртимиз ҳудудларида бу санъатнинг фарқли жиҳатлари нимада? 

–Мамлакатимиз ҳудудларида маданият, санъат турлича шаклланган. Маросимларимиздаям кўринади бу. Биз, Бухоро мактаби давомчиларимиз. Бухоро мактабининг ўрни жуда катта бўлган. Биргина, Хоразмдаги “халфа”, водийдаги “яллачи”, Бухоро мактабидаги “созанда”ни айтиш мумкин. Қизиқчиликда эса Хива хонлигида асосан қўл қўғирчоқлари бўлган. Водийда асосан масхарабозлик бўлган. Театр мактаби Бухоро йўналишида шаклланган. 

– Юморнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз?

– Ҳар бир касбга муносабат ўша касб билан шуғулланаётганларга боғлиқ. Яқин-яқингача бизнинг боболаримиз хоннинг ёнида қизиқчилик қилган. Улар хон билан халқ ўртасида кўприк бўлган. Бошқалар айтолмайдиган халқ дардини подшога кулгу орқали етказган.

– Юморнинг аҳолига, халққа таъсири юксак.

– Бугун кинога давлат томонидан эътибор қаратилмоқда, ривожланиш сезиляпти. Биз ҳам шундай эътиборни кутяпмиз. Бугун баъзи ижодкорларнинг лицензияси олиб қўйилди, деган гапларни эшитяпмиз. Айб уларда эмас. Уларни бирлаштириш керак. 

– Назарингизда улар майдалашиб кетмадими? 

–Юртимизда фаолият юритаётган театрларнинг ҳаммаси драма йўналишида фаолият юритади. Эстрада театри йўқ. Биз жуда хоҳлаймиз. Бирорта маданият уйида бўлса ҳам эстрада театри ташкил этилса, хурсанд бўлардик. Шунда ҳамма қизиқчиларнинг бошини бириктирсак яхши бўларди. Биз ўзимизга ўзимиз ёзяпмиз. Ўзимиз саҳналаштиряпмиз. Биз бор-йўғи ижрочимиз. Бошқа театрларда муаллиф, режиссёр ва ижрочи бирлашяпти-ку. Шу таклиф билан Ўзбекистон давлат сатира театрига чиқдим. Келинглар шундай қилайлик деб. Улар ҳам комедия спектаклларни қўяпти. Буни бошқа театрлар ҳам қиляпти. Биз, эстрада йўналишидаги ижодкорлар, аскиячи, қизиқчиларгаям бошини бирлаштириш учун маскан керак. Нима ижод қиляпсан? Буни ишлаш керак, деб эътибор қилмагунча, қуруқ гап билан натижага эришиш мураккаб бўлади. Ташаббусимиз эътибордан четда қолмас.

– Қизиқчилик йўналишида илмий иш қилингансиз...

– Илмий иш қилишим жуда қизиқ бўлган. Бир даврада ўзбек кулгуси ҳақида гапирганман. Устозим, раҳматли Муҳсин Қодиров олдига чақирганлар. Ўзбек кулгусининг бошқалардан фарқи нимада?, деб сўраганида тўлақонли жавоб беролмаганман. “Келинг, мен анъанавий халқ театри йўлида илмий иш қиламан. Лекин шу кулгу йўлида илмий иш қилиш учун ҳеч кимни жалб қила олмаётгандим. Кулгунинг бугунги аҳволи, унинг янги телевизион кўриниши каби масалаларни биргаликда таҳлил қилайлик”, деган. Кейин шу йўлда изланишлар қилганмиз. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидаги телевидение ва кинорежиссёрлик бўлимидаги сабоқлар 3-4 йиллик умрим беҳуда ўтмаганини кўрсатди. Қизиқчиларнинг ўртасида бунга ҳеч ким қизиқмаган, чунки қизиқчиларда шундоғам амалий иш кўп. Илмий иш ёқлаган вақтимда Зокир Очилдиев: “Оғайнилар, бу илмий иш кўз ўнгимда ёзилди”, деб айтган эди. Самарқандда, Андижонда, Хоразмда машинанинг орқа ўриндиғида ёзиб кетаверганман. Ўзбек қизиқчилик санъатини ўн асрлик тарихи бор. Бирор-бир тайинли илмий манба йўқ. 

– Асосан оғзаки манбалар бўлган. 

– Йўқ, ўқийман деса манба йўқ.

– Илмий иш қилиш ўзи қийин. Лекин сизга янаям қийин бўлган экан-да. Биринчидан манба йўқ.

– Лекин хурсандман устозимдан. Соҳамни ўзим тушундим. Очерк ва лавҳанинг фарқига бормай туриб, қандай қилиб очерк қилиш мумкин. Саҳнада кўпчилик интермедия қиладию, лекин унинг шакли қандай бўлиши кераклигини билмайди. Шу нуқтаи назардан менга анча осон бўлди. Ўзим учун биламан ва шогирдларимгаям ўргатаман. 

– Илмий иш қилиш жараёнида нимадан қийналгансиз?

– Илмий тилга ўтишим қийин бўлган. Тўғрироғи, олимга айланишим қийин бўлган. Чунки у умуман бошқа олам, бошқа муҳит, бошқа қараш-да. Илм ичига кирганимдан кейин қизиқчиликка қайтишга қийналганман. Шуни тушунганманки, ҳам олим ҳам қизиқчи бўлиш қийин экан. Шунинг учун ўйлаб кўриб, амалиёт учун кўпроқ вақт сарфладим. Бу йўналишда орзу-истакларим кўп эди. Шуларни бирин-кетин амалга оширяпмиз. Лекин юрагим тубида устозимиз ёққан учқун турибди. Ният қилиб юрибман. Мустақиллик йиллари санъатига бағишлаб каттароқ илмий изланиш қиламан деб ўйлаяпман. Маълум бир жамланмаларимиз бор. Қарашлар, фикрлар тўпланган. Лекин бу йўл-йўлакай қилинадиган иш эмас. 

– Илмий иш жараёни ўз-ўзидан ОАК билан боғлиқ жараён. Мавзу танлаш, эълон қилиш, имтиҳонлар топшириш. Бу жараён қандай бўлган?

– Бу бошқаларга нисбатан осон бўлган. Мени кўришганда кулиб, қувноқ кутиб олишган. Лекин нимаики иш қилсам, юрагимни бериб бажараман. Кам кўринаман. Шунчаки чиқиш менгамас. Шоир айтганидек: “Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим, шунчаки ёзмоқлик шоирга ўлим”, дегандай. Шунчаки иш қилгим йўқ. Томошабин умрининг сонияларини бағишлайди. Уни ўғирлашга, хиёнат қилишга ҳаққим йўқ деб ҳисоблайман. 

– Бугун сиз саҳнага анча-мунчага чиқмайман деяпсиз. Лекин сиз боя тарафини олиб, уларни тарбиялаш керак деяётган ёшлар жуда ҳаддидан ошиб кетмаяптими? 

– Улар ҳаддидан ошмаяпти. “Ўзбекконцерт” раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров: “Уларнинг қўлидан лицензияни олиб қўйиб, тақиқлашимиз осон. Лекин ўн кунлаб концерт қўяяпти, одамлар келяпти. Биз улардан фойдаланишимиз керак”, деяпти. “Сен ёмонсан”, дейишдан осони йўқ. Ибрат кўрсатиб, йўл кўрсатиб тарбиялашимиз керак ёшларни. Уришиб, бақириб, тақиқлаб тарбиялаб бўлмайди. 

– Бугун шогирдларингиз бор. Илмий иш қиламан деганлариям борми, орасида?

– Ҳозирча чиққани йўқ, лекин илмлилари кўп. Уларни китоб ўқишга мажбур қиламан. Тадқиқотларга кўра, одам онгининг ривожи 13 ёшдан 33 ёшгача экан. Шу даврда кимки мингта китоб ўқиса, ўша соҳани устаси бўларкан. Қизиқчи бу донишманд дегани. Бу ҳаётда олифталик қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. 

– Бугун қизиқчилик санъатида хотин-қизларни ҳам кўриш мумкин.

– Бу ташаббусни ўзим бошлаб бердим. 2010 йилда саҳнага биринчи марта қизиқчи қизни мен олиб чиқдим. У концерт берди. Мадина Мухторова, Зуҳра Солиева ҳам тажриба қилиб кўрган. Улар комик актрисалар. Қизиқчи бир ўзи саҳнага чиқиб монолог ўқийди. “Дугоналар” кўрсатуви бор. Аёл киши бизданам пардалироқ бўлиши керак. Халқимизнинг ўзи тарбиялаб олади.

– Сизни олим сифатида билишларини хоҳлармидингиз ёки қизиқчи сифатида танишларини истармидингиз?

– Мени яхши одам сифатида танишларини истайман. Келажакда қолгани бўлаверади. Орзуим, бир кичикроқ театрим, ижодхонам бўлса, мунтазам концертлар бериб турсам дейман. Яна оламни кўришим керак. Олдинги йил Америкага бордим бир дунё янгиликлар олдим. Санъаткор кўп жойга бориш керак, кўпни кўриш керак. Режамиз юксак.

9 346
Барно Мелиқулова, ЎзА