ЎзА Ўзбек

20.07.2019 17:04 Чоп этиш версияси

Оролда қолган оққушлар

Оролда қолган оққушлар

Қорақалпоқнинг юраги сари…

(йўл очерки)

Тун. Мўйноқ осмонида юлдузлар чарақлайди. Юлдузларнинг бу қадар ёрқин, кучли, йирик порлаб туриши мени ҳайратга солди. Ҳали замон қуёш тепага кўтарилиб, бутун Орол диёрини нурга белайди. Осмонида эса оққушлар учади…

Болалигимда эртакларда шундай тасвирларни кўп ўқиганим эсимда. Узоқларга отланган карвон саҳроларда ҳолсиз борар экан, сувсизликдан танг аҳволга тушади, ташналикдан томоқлар қақрайди, бир томчи сув ҳаётга қайтарадигандек. Аёвсиз жазирама уфқларни банд этган. Шундай паллаларда одамларнинг кўзлари бирдан “ярқ” этиб очилади, олисларда ям-яшил боғлар, обод шаҳарлар, шарқираган булоқлар кўзга ташланади. Ҳамма хурсанд, қувончнинг чеки йўқ! Бироқ югуриб борганларида ҳаммаси ғойиб бўлади, у алдоқчи сароб бўлиб чиқади.

– Айжамал, хаёлинг қаерда? боядан бери гапиряпман, – деди ҳайдовчи оға. – машинадан тушиб туринглар, ёнилғи қуйиш шохобчасида тўхтаб ўтамиз.

Бизлар беш кишидан иборат жамоа Қорақалпоғистоннинг юраги бўлган шаҳар, авваллари бу ер хаёлим кетган ўша Сусамбил бўлган диёр, ҳозир саҳрога айланиб бораётган Мўйноқ шаҳрига йўл олганмиз. Экспедиция аъзолари билан бир ой давомида Мўйноқ шаҳрида “Орол денгизи атрофида яшовчи халқлар учун каучук маҳсулотларидан босма кранлар ишлаб чиқиш ва уни йўлга қўйиш” бўйича лойиҳа асосида иш олиб борамиз. Тақдирнинг ҳазилини қаранг, олдин Орол денгизи сабаб сув тошқини, сув кўтарилишидан кишилар хавфсираб турадиган юртга энди сув етказиш учун катта лойиҳалар тузилмоқда. Бу дунё миқёсида глобал муаммога айланган. Одамнинг юраги оғрийди, ачинади. Қани энди сеҳрли таёқчанг бўлса-ю, Оролни ўз ҳолига қайтарсанг…

Хўжайли туманидан ўтиб, Шуманайга яқинлашдик, йигирма беш километрдан кейин манзилимизга етамиз. Нонушта қилиш учун тўхтадик, чунки эрталаб саҳар соат тўртда йўлга чиққанмиз. Тангрининг ўзи ҳам қорақалпоқ диёрини ер билан сийлаган, сабаби Нукусдан Мўйноқ шаҳригача оралиқ нақд бир юз йигирма километр.

– Бу жойнинг балиғи яхши бўлади, балиқ буюртма берайлик, – деди жамоа аъзоси Ажиняз. Қолганлар ҳам рози бўлди. Ҳа, мазкур юрт ўз вақтида балиғи билан машҳур бўлган, ҳаттоки ўтган аср бошларида Оролдан балиқ олиб, рус ўлкасига икра тарзида тайёрланиб, савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилган. Авваллари Орол денгизида саккиз минг (!) балиқ тури бўлган бўлса, ҳозир бор-йўғи ўн, нари борса, ўн беш тури мавжуд. Овқатланиб, яна йўлга отландик. Мана, Мўйноқ шаҳрига ҳам етиб келдик. У ерда бизни дўстимиз Аллаяр кутиб олди.

– Ишни эртадан бошлайсизлар, йўлда чарчагансизлар, бугун дам олинглар, жуда омадли экансиз, сизларни тўйга олиб бораман, жияним уйланяпти, – деди у самимият билан.

Қорақалпоқ тўйлари миллий дас­турлари билан ажралиб туради. Бизда тўйлар иккига бўлинади: қизнинг розилиги билан олдин “олиб қочилиб”, кейин тўй бўлади, иккинчиси қизни узатиб тўй беради. Қалин пули ҳам катта бўлади. Бу ерда қалин пулидан ташқари йигит томон қизнинг уйига битта бош қора мол бериш керак экан. Бошқа халқлар учун бу жуда ғалати туюлса ҳам, аммо мазкур одат қорақалпоқ элида қизнинг ҳурмати, уни вояга етказган ота-онасига миннатдорчилик кўринишидаги туҳфа саналади. Тўй харажатларининг ҳаммаси куёв тарафдан бўлади, чунки бу ерлик халқ қиз болага айрича ҳурмат-эътибор билан қарайди. Оила даврасида отадан кейин қиз бола ўтиради. Ҳозир мен ҳам ноқулай бўлса-да, столнинг тўрида ўтирибман. Қиз боласиз, тўрга чиқинг, биз ҳам бойиб қолайлик, деб ҳазиллашди уй эгаси. Бундай илтифот замирида ўша хонадон ризқ-насибаси ортади, деган маъно мужассамдир. Қорақалпоқ одатига кўра хонада ўтирар эканмиз, қўлимизни ювиш учун шу уйнинг келини қумғон билан лаган кўтариб келди. Доимги одат. Яна дастурхон атрофида олинг, олинг, дея мулозамат кўрсатмаймиз. Ҳамма ўз ризқини ўзи олади деган маънода, нонни синдирмаймиз. Қорақалпоқ халқи ўзининг жайдарилиги, қайсарлиги, орқадан эмас, юзга тўғри гапириши билан ажралиб туради. Яна битта ўзига хос томони, сизни илк бор кўриб турган бўлса ҳам бирдан сансираб мурожаат қилади. Бу ўзига яқин олганлигини билдиради.

Сеҳрли рақамлар

Экспедиция аъзолари билан ишимизни бошладик. Эрта тонгдан Мўйноқ марказидан Орол томон йўл олдик. Машина ойнасидан ташқарига қараб борар эканман, йўл юрган сайин яшиллик ўз-ўзидан камайиб борар, атрофни чўл эгалларди. Ҳаво ҳам қуруқлашиб борганлигидан нафас олишим бир оз қийинлашди.

– Ойнани очсам бўладими?! Нафасим қисиляпти.

– Ҳа, бемалол. Ҳаммаси шу экологиямиздан-да. Орол денгизи сувининг сатҳи Амударё ва Сирдарё сувининг режими билан боғлиқ бўлган, бу икки дарё суви суғоришга қанча кўп сарфланса, денгизда сув шунча камайиб борган. Айниқса, ўтган асрнинг 60-йилларидан суғориладиган экин майдонларининг кенгайтирилиши натижасида денгизга Амударё ва Сирдарёдан қуйиладиган сув миқдори камайиб кетди, – деди экспедиция аъзоси Қутлибой оға.

Орол катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи (Каспий денгизи, Америкадаги Юқори кўл ва Африкадаги Виктория кўлидан кейин), Евроосиё материгида (Каспийдан кейин) иккинчи ўринда эди. Ҳозирги кунда “ўлик денгиз” деб ҳисобланмоқда. Денгизда тирик организм деярли йўқ. Унинг қуриган соҳилларидаги тўпланиб қолган тузлар шамол эсганда кўтарилиб, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Орол денгизида қадимдан сув сатҳи гоҳ кўтарилиб, гоҳ пасайиб турган. Кейинги геологик даврда денгиз суви кўтарилиб, баъзан Сариқамиш ва Ўзбой ўзанлари орқали Каспий денгизига қуйилган. Чўлланиш ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Ноқулай экологик вазият қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ва чорва маҳсулотларини етиштиришнинг кескин камайишига олиб келди. Орол денгизининг қурий бошлаши иқлимга ҳам таъсир кўрсатди, қишки ҳарорат ўртача икки градусга пасайди, ёзги ҳарорат эса икки градусга кўтарилди. Бунинг натижасида совуқ кунлар эрта тушиб, экинларнинг пишиб етилиши кечика бошлади. Ҳудудда камқонлик касаллиги 60-йилларга нисбатан деярли 20 марта ошганлиги кузатилган.

– Сизларни “Кемалар қабристони” деган жой билан таништираман, – деди Аллаяр. – Ўз вақтида бу ерда балиқ ишлаб чиқариш учун 6 та завод, тинимсиз кемалар қатнови бўлган. Ана, шу шаҳардан қолган ёлғиз ёдгорлик, – дея қўли билан бепоён чўлларни кўрсатди.

“Кемалар қабристони”да хаёл сурар эканман, денгиз барибир ҳайбатини йўқотмаган экан. Бир вақтлар баҳайбат кемалар ҳозир ҳориган, чарчаган, ўз ўлимини кутган киши каби мунғайиб қолишига қарамасдан саҳрога ўзгача кўрк бериб турарди. Кўзларимни бирпас юмдим…

Мовий осмон акси кўринган денгиз узра турли-туман қушлар учиб юрибди. Оққушларга қаранг: бир-бирига суйкалиб, гўё муҳаббат рақсини ижро этмоқда. Олисдан ов қуролини қўлга олиб, пешонасидаги терларини артаётган балиқчи бобо, ёнида ўн-ўн беш нафар болакай эргашиб, балиқларни сихда кўтариб келишмоқда. Кемаларнинг шовқинидан, буғ чиқараётган товушлардан ёнимдаги йўлдошимнинг овози эшитилмаяпти. Теварак гўзал, бир томонда охири кўринмас денгиз, бир томонда икки қатор тизилган заводлар, қорақалпоқнинг қора уйлари…

Кўзларимни очдим, қуёш ботаётган экан, сап-сариқ, худди ўлик денгиз рангидек. Тун. Мўйноқ осмонида юлдузлар чарақлайди. Юлдузларнинг бу қадар ёрқин, кучли, йирик порлаб туриши мени ҳайратга солди. Ҳали замон қуёш тепага кўтарилиб, бутун Орол диёрини нурга белайди. Осмонида эса оққушлар учади…

Айжамал МАХСЕТБАЙ қизи

Манба: “Vatanparvar” газетаси​

ЎзА
7 314