ЎзА Ўзбек

21.04.2019 09:46 Чоп этиш версияси

ОРОЛ – янги ҳаёт денгизи

ОРОЛ – янги ҳаёт денгизи

Гулистон Матякубова,
Қорақалпоғистон халқ шоири

ЭССЕ

Сув – оби ҳаёт, тириклик манбаи. Қорақалпоғистонликлар учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Ҳукуматимиз регионда сув муаммосини ижобий ҳал этиш мақсадида катта маблағларни дадил сарфлашга киришди. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Хусусан, Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси доирасида Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларида 100 минг гектарга яқин майдон сув билан таъминланиб, йилига 269 миллион кубометр сув тежаладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Орол – сабоқлар, хатолар китоби! Бу борадаги асосий хулосамиз шуки,у бизни она табиатга нисбатан бошқа хиёнат, зулм қилмасликка даъват этмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Мустақиллик йилларидаги муваффақиятларидан бири – Орол бўйи ҳудудини обод қилиш, Мўйноқ тумани аҳолисининг ҳаёт тарзини ижобий томонга ўзгартириш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўсиш суръатларини тезлаштириш, ҳудудни тоза ичимлик суви, газ, электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини талаб даражасига етказиш сингари масалаларга тўхталиб ўтишни лозим топдим.

Шу ўринда 2016 йил декабрда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонда бўлиб, халқимиз билан сайловолди учрашувидаги маърузасидан қуйидаги эътирофларни келтириб ўтишни лозим топдим:

“Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида қандай катта ўрин тутишини барчамиз яхши биламиз ва буни юқори баҳолаймиз”, деган эди Ш.Мирзиёев.

Бу ҳақда сўз юритишдан олдин муҳим бир масалага эътиборингизни қаратишни истардим.

2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ Бош котиби жаноб Пан Ги Мун Ўзбекистонга ташриф буюрганида, бу юксак мартабали меҳмоннинг Қорақалпоғис¬тонга сафари давомида ҳамроҳлик қилган эдим. Биз вертолётда парвоз қилиб, бутун Қорақалпоғистон ҳудудини, қуриб бораётган Орол денгизини тепадан туриб яққол кузатиш имконига эга бўлдик.

Ўшанда мутахассислар, раҳбарлар меҳмонимизга Орол денгизи билан боғлиқ экологик офат ҳақида, жумладан, денгиз тубидан ҳар йили 700-800 миллион тонна туз бўронлари ҳавога кўтарилиши ҳақида гапириб берган эдилар.

Ўша куни Мўйноқдаги Орол денгизининг бошланадиган ерига ўрнатилган кузатув майдонини, унинг атрофида меҳмонлар учун қурилган ўтовлар атрофини шўр қум бўрони ўраб олди. 

Айниқса шу куни денгиз сатҳидан кўтарилган бу туз қум бўронда, майда ҳашаротлар ҳам кўз очишга қўймаган эди. 
  
Бундай аянчли манзарани ўз кўзи билан кўриб, жаноб Бош котибнинг кўзидан ёш чиқиб кетди. “Мен дунёдаги ҳалокат содир бўлган жуда кўп жойларни ўз кўзим билан бориб кўрганман, – деди у ўшанда. – Лекин бундай оғир экологик ҳолатни умримда биринчи марта кўриб турибман. Шундай кескин вазиятга қарамасдан, шу ерда яшаб меҳнат қилаётган одамларга, уларнинг сабр-бардошига қойил қолдим”, деб айтганини мен шахсан ўзим эшитганман. Бу гапларни жаноб Пан Ги Мун кейин телевидение орқали берган интервьюсида ҳам такрорлаган эди.

Ҳақиқатан ҳам, тақдирнинг, ҳаётнинг ҳар қандай оғир синов ва қийинчиликларига қарамасдан, ўз юрти, ўз ватани, ота-боболари қўним топган шу муқаддас заминга садоқат кўрсатиб яшаётган мард ва матонатли қорақалпоқ элининг мустаҳкам иродасига бутун дунё тан бермоқда.

Биз бугунги кунда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон учун, айниқса Мўйноқ тумани фаровонлиги учун яратиб бераётган имкониятлардан мамнун бўлмоқдамиз.

Айниқса, шу йилнинг бошида Президентимиз Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишга қаратилган лойиҳа – “Қўнғирот-Мўйноқ сув иншооти қурилиши” лойиҳасининг бошланишига тамал тошини қўйган эди. Мана бугун халқ қувонмоқда. 101 километр узунликда водопровод қувурлари ётқизилиб, туман аҳолиси учун тоза ичимлик суви етказиб берилди. 

Халқ фаровонлигини таъминлаш, яшаш шароитини яхшилашга йўналтирилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари Мўйноқ тумани келажагини белгилаб бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган мазкур бунёдкорлик ишларига 26,6 миллиард сўм сарфланди. Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи – “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятига қарашли “СПМС” махсус кўчма механизациялашган станциянинг қўлигул қурувчилари томонидан сифатли амалга оширилди.

Мўйноқ тумани аҳолиси учун туҳфа қилинган ушбу иншоотнинг ишга туширилиши натижасида бир кеча кундузда 7 минг кубометр тоза ичимлик суви етказиб бериш имконияти яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида нафақат туман маркази, балки энг чекка овуллардаги аҳолини ҳам сифатли ичимлик суви билан таъминлаш назарда тутилган. Хусусан, “Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот ва Қораўзак туманларининг сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялаш” лойиҳаси доирасида буюртмачи “Ўзкоммунхизмат” агентлиги ва Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмагида Мўйноқ туманининг 6 аҳоли пунктида яшовчи 826 хонадон аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Бундан ташқари “Мўйноқ-Учсой” сув тармоғи яна 8,51 километр узайтирилиб, энг олис овул аҳолисига сифатли ичимлик суви етиб боради.

Президентимиз томонидан Мўйноқ туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йилнинг 28 февралида “2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, туманда 72 лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, бугунги кунда 36 лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратишга эришилди.

Албатта, Орол дарди, Орол фожиасини бутун халқимиз ўз дарди деб қабул қилди. Президентимизнинг ушбу минтақада юзага келган экологик офат оқибатларини юмшатиш, жаҳон жамоатчилиги эътиборини бу муаммога қаратиш, қорақалпоқ халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қандай катта ишларни амалга ошираётганлигини қорақалпоқ халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Бу халқ ўтмишда ҳам, ҳозирги кунда ҳам барча машаққатларга чидам бериб, ҳеч қачон эртанги кунга ишончини йўқотмасдан келаётгани буюк бир ибрат намунасидир. Худои таолонинг қудратини қарангки, у қорақалпоқ элининг ана шундай сабр-бардошига яраша улардан ўз марҳаматини аягани йўқ. Гарчи, Орол денгизининг суви камайган бўлса ҳам бу бепоён замин бағридаги бошқа бойликларни қорақалпоқ хал¬қига, бутун Ўзбекистон халқига мўл-кўл қилиб бермоқда. Бунинг тасдиғини ушбу минтақада топилаётган ва ишга туширилаётган табиий бойликларнинг янги-янги конлари ва заҳиралари мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Айниқса, қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган.

Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб.метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Magisтрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.

Бугунги кунда ўзимиз кўриб турганимиздек, бу ердаги ҳаёт манзаралари бутунлай ўзгармоқда. Яъни, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овуллар янгича чирой очиб бораётганини, замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, коммуникация тармоқлари барпо этилаётганини кўриб, кўзимиз қувонади.

Буларнинг барчаси аввало мустақиллик шарофати, бутун мамлакатимиз қатори Қорақалпоғистон иқтисодиёти ҳам юқори суръатлар билан ривожланиб бораётганининг натижасидир.

Шу ўринда бир қадам орқага қайтиб, факт ва рақамларга мурожаат қилсак, илгари Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган. Бу фактлар ўз Ватани келажаги, хал¬қининг омонлигини истовчи ҳар бир инсонни ўйлантириб қўяди, албатта.

Амударё ва Сирдарё сувининг Оролга қуйиладиган умумий ҳажми кейинги эллик йил ичида қарийб 5 баробар, Орол денгизининг суви эса 14 баробардан кўпроқ камайди.

Орол денгизи сувининг шўрланиш даражаси 25 марта ортиши балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди.

Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.

Оролнинг қуриган қисми ўрнида 5,5 миллион гектар майдондан зиёд янги Оролқум саҳроси ҳосил бўлди.

Лекин бугунги кунда Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳнамолигида бу ерларда «Яшил қалқон» — ишончли ҳимоя шиори остида наботот оламининг шаклланиши ва ривожланишида энг муҳим омиллардан бири сув ресурсларидан кенг фойдаланилмоқда. Орол денгизининг қуриши оқибатида кўплаб ўсимлик турлари камайиб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолгани бу масаланинг долзарблигини кўрсатади. 

Чунончи, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор”. 

Шуни ҳисобга олган ҳолда, воҳада камайиб бораётган ўсимликларни чуқур ўрганиш, уларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш йўлида муайян натижаларга эришилмоқда. 

Маълумки, Қорақалпоғистон набототида ўсимликларнинг мингдан ортиқ турини учратиш мумкин. Уларнинг аксариятини кўпайтириш ҳамда иқлимга мослаштириш натижасида бугунги кунгача 300 дан зиёд турдаги ўсимликларни кўпайтиришга эришилган бўлса, шундан 30 таси халқ хўжалигида фойдаланишга тавсия этилган.

Орол денгизи ташлаб кетган янги саҳро бағрида янада мустаҳкам “яшил қалқон” барпо этиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ҳудуд биохилма-хиллигини асрашдек эзгу ишлар давом этмоқда.Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Қорақалпоғистонда бўлганида Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви пасайиб, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган. Бу ҳолат минтақа табиати, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, денгизнинг қуриган ҳудудида 350 минг гектар майдонда иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда. 

Мамлакатимизда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида Мўйноқ туманида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Мўйноқ туманида бўлганида бу ердаги турли соҳа вакиллари билан самимий суҳбатлашиб, муаммоларни ҳал қилишда, Орол денгизи инқирози оқибатларини камайтиришда БМТнинг ёрдами катта бўлиши шак-шубҳасиз эканлигини уқтирди.

Албатта, бундай суҳбатлар, дил сўзлари бутун дунё жамоатчилигининг диққат эътиборини Орол денгизи инқирози оқибатларини тугатиш масалаларига қаратишга хизмат қилади. Зеро, халқимиз ва дунё жамоатчилиги ҳам Ўзбекистон ҳукумати бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий равнақига катта эътибор ва ғамхўрликлар билан қараб, Оролбўйи минтақасида аҳоли турмуш фаровонлигини кундан кунга яхшиланиши учун барча чора-тадбирларни амалга ошираётганини яхши билади.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан бу борада белгиланган ва амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижаси Қорақалпоғистонга, айниқса Мўйноқ тумани аҳолиси ҳаётига ижобий янгиланишлар олиб кираётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Президентимизнинг Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига қаратилган қарори асосида Мўйноқ туманида ичимлик суви муаммосининг ҳал қилиниши, газ, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳадаги барча муаммоларнинг ҳал қилинишига хизмат қилмоқда. Айниқса, Орол¬бўйи ҳудудига экотуризмнинг олиб кирилиши бу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг энг ёрқин намойишидир. Шунингдек, денгиз ҳудудидан шифобахш минералларга бой балчиқда эмланиш учун замонавий, халқаро стандартларга жавоб берадиган оромгоҳлар, сиҳатгоҳлар яратиш ишлари диққатга сазовордир.

Орол бўйида яшовчи аҳолини, айниқса, Мўйноқ туманига тез-тез қадам ранжида қилаётган чет эллик туристларнинг денгизда мотор қайиқларда сайр этишни йўлга қўйиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мўйноқда баландлиги 18 метрга етадиган “Мўйноқ Маёғи”ни яратиш, айниқса, ёшларни жуда қувонтирмоқда. Маълумки, Орол денгизи инқирози оқибатларига тааллуқли узоқ ва яқин тарихимиз саҳифаларида Орол муаммоларининг салбий оқибатларини тугатиш чора-тадбирлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шу жиҳатдан Мўйноқ туманида ўлкашунослик музейининг қайта таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этаётганлиги Мўйноққа келаётган чет эллик меҳмонларнинг диққат-эътиборини тортмоқда.

Булардан ташқари Мўйноқ бугун бутундунё эътиборига тушганини алоҳида таъкидлаш лозим, деб ўйлайман. Бу ерда ҳар ой сайин Халқаро анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тадбирлар режаси асосида Орол муаммоларига бағишланган «Стихия» электрон мусиқали фестивали Мўйноқ туманида очиқ осмон остидаги кемалар музейи ёнида кўтаринкилик билан ўтказилди. Фестиваль марказий Осиёда биринчи марта ўтказилиб , фестивалга АҚШ, Израил, Туркия, Германия ва бошқа мамлакатлардан туристлар меҳмон бўлди. 

Электрон мусиқа созандалари томонидан Орол денгизига бағишланган абстракт мусиқалар янгради. Меҳмонларга палов, балиқлардан турли миллий таомлар тортилди. 

Айниқса вояга етмаганлар ўртасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган 2008-2009 йилларда таваллуд топган тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган футбол бўйича Республика мусобақасининг дастлабки босқичида Мўйноқ туманининг “Аму-Арал Мойнак” жамоаси фаҳрли биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек «Мўйноқ фестивалга чорлайди – балиқдан 120 хил таом», деб номланган Халқаро экофестивал ҳамманинг ёдида. 
«Орол балиқларидан 99 хил таомлар» номли гастрономик фестиваль ҳамда «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусида халқаро экофестивалга уланиб кетди.

Ушбу фестивалга Тошкент шаҳридан, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан, Нукус шаҳридаги бир қатор ресторанлар ва республикамизнинг барча туманларидан, ошпазлик касбига ўргатувчи касб-ҳунар коллежларидан балиқдан турли таомлар тайёрловчи 70 нафарга яқин моҳир ошпазлар, мутахассислар ва тажрибали уй бекалари иштирок қилдилар. Олдинги фестивалда балиқдан 112 хил таом тайёрланган эди. Бу фестивалда 120 хил таом тайёрланди.

Тадбир дастурига мувофиқ, балиқдан таом тайёрлаш бўйича танлов ўтказилиб, унинг ғолиблари тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланади.

Шу билан бирга «Энг моҳир ошпаз», «Энг чиройли балиқ таоми ошпази », «Энг мазали балиқ таоми ошпази», «Энг қадимий балиқ таоми ошпази», «Энг чаққон балиқ таоми ошпази», «Энг ёш ошпаз», «Энг моҳир аёл ошпаз», «Балиқдан таом тайёрлашда энг моҳир уй бекаси» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

«Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусидаги халқаро экофестиваль доирасида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида илмий конференция ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейининг “Мўйноқ экомузейи” филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ҳозирги вақтда фестиваллар ўтказиладиган жойларда ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш, Нукус-Мўйноқ йўналиши бўйлаб тадбирнинг аҳамиятини тарғиб қилувчи шиорлар тайёрланиб, ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Фестиваль тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш учун юксак тажрибага эга профессионал сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи-шоирлар, балетмейстерлар таклиф қилинган. Халқаро аҳамиятга эга бўлган мазкур тадбрда эстрада қўшиқчилари, санъат усталари, халқ чолғулари ансамбллари иштирок қилади. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизни кўрсатиш мақсадида республикамиздан ташқари Бухоро ва Хоразм вилоятларидан фольклор-этнографик жамоалар ҳам қатнашади. Бухоро ва Хива шаҳарларига келган чет эллик туристлар ҳам таклиф қилинади. Бундан ташқари, республикамиздан ва Хоразм вилоятидан келган ёш рассомлар ва ҳунармандлар асарларининг кўргазмаси ташкил қилинади.

Яқиндагина Мўйноқда Наврўз байрами этнофестивал тарзида ўтказилди. Илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирга минглаб маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ташриф буюрди. Икки кунлик тадбирнинг иккинчи кунида Мўйноқда эрталаб оппоқ қор ёғди. 30 март куни байрам тадбирлари асосан туман марказида ташкил қилинган “Ҳунармандлар қишлоғи”да бўлиб ўтди. Кун очиқ, ёрқин. Осмон эса мусаффо. Айнан байрамона об-ҳаво. Одамларнинг юзларида олам-олам қувонч.

Бу ерда уста-ҳунармандларнинг қўл меҳнатлари, ошпазлар томонидан тайёрланган турли хил миллий таомлар кўргазмага қўйилган. Байрамга бағишланган савдо ярмаркаларида маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда. Кўргазмада нашриётлар томонидан китоблар ҳам сотувга қўйилди. Наврўз байрами ҳаммага кўтаринки кайфият бағишлади.

Мўйноқда деярли ҳар куни байрам деса ҳам бўлади. Сабаби, Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли туман халқи мутлақо янги ҳаётни қарши олмоқда. Ҳар куни қандайдир қурилиш объекти битказилиб фойдаланишга топшириляпти ёки қандайдир тадбир ўтказиляпти. Мўйноқ ва Орол бўйида ҳар куни яхши янгиликларни эшитяпмиз. Ўтказилаётган этнофестивал эса барча интиқиб кутган тадбир бўлди.

“Ҳунармандлар қишлоғи”да балиқчининг эски уйи қайта таъмирланиб уй музейига айлантирилган. У ерда худди ўтмишга қайтиб Орол балиқчиси каби ҳаёл суришингиз мумкин. Айнан шу музей ёнида сайёҳлар учун хостел ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, уй музейи қошидаги дўконда Орол, Мўйноқ ҳамда қорақалпоқлар ҳаётига оид ҳар хил сувенирлар сотувга қўйилгани кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Эрталабдан миллий куй-қўшиқлар садоси остида бўғирсоқ, сок-тақан тайёрланди, сумалак ва Наврўз гўжа қайнатилди. Фольклор жамоаси томонидан “беташар”, суннат тўй каби миллий тўй-базмлар ижро этилди. Бир томонда қорақалпоқ ўтовини тикиш жараёни йиғилганларга намойиш қилинаётган бўлса, иккинчи томонда “қазан”, «бекташ», «қашарман», «ланги», «шуллик», «ангалақ», «кошпек» каби миллий болалар ўйинлари бўйича мусобақалар қизиди. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан миллий кийимлар кўргазмаси ўтказилди. Учта жойда арғимчоқ қурилиб, уларда болалардан тортиб ёши катталар ҳам учиб кўнгил ёзди.

Кураш мусобақаси ҳам қизғин тус олди. Моҳир дорбознинг кўзи бойланган ҳолда дор устига тортилган ипда моҳирона томоша кўрсатиши айниқса, болаларда олам-олам таассурот уйғотди. Қалдирғоч, балиқ ва пуштиранг фламинголарнинг қиёфасидаги варракларни учириш болажонларнинг энг севимли машғулотлари бўлди.

Мўйноқликлар кўпдан буён бундай ёғингарчиликни кузатмаган эди. Нав-рўзда ёққан қор денгизнинг қуриган тагига ўтқазилган саксовул кўчатлари учун айни муддао бўлди. Оролбўйида эса байрам давом этади.

Давоми бор

ЎзА
5 480