ЎзА Ўзбек

13.04.2019 10:05 Чоп этиш версияси

ОРОЛ – янги ҳаёт денгизи

a6439bda-3873-4d8c-8b37-2bcdfcbfcb03.jpg
Гулистон Матякубова,
Қорақалпоғистон халқ шоири

ЭССЕ

У пайтларда Орол денгизи тўлиб-тошиб оқиб турган эди... 
Кўз олдингизга келтиринг... Охири кўринмас мовий тўлқинлар... 
Айниқса ёзнинг жазирама иссиқ кунларида эрта саҳардан сув ёқалаб юрсангиз, юзингизга намхуш-намхуш шамоллар урилади. Сувга бир шўнғиб олиб, яна баланд учаётган чағалайлар овози диққатингизни тортади. 
Қизларнинг:

“Сувлаб сочим тарайман-ай,
Соҳилда сувга қарайман-ай.
Кемада кетган ёримни,
Соғиниб йўлга қарайман-ай.

ёки:

Ойдинлар, ойдинлар чалқар ойдинлар,
Мендан севар ёрга салом айтинглар.
Тўлқинлар ёримни олиб қайтинглар,
Ёр кўринмас олисларга қарасам...

сингари қўшиқлари қулоғингиз остида жаранглай бошлайди.

...1980 йилларнинг охирларида Мўйноқда бўлганимни эслайман. Орол денгизининг қайтиб кетаётган оқимларига қараб Қорақалпоғистон, Ўзбекистон халқ шоири Тиловберган Жумамуратовнинг “Мўйноқда” деган шеъри эсимга тушган эди:

Кўл ёқалаб т енг тизилган оқ қамиш
Қизил отов,оқ уй тўлган кўк қамиш 
Гоҳо мотор,гоҳо елкан югурган
Сайрон этар хуш кўнгилли йигит-қиз
-Қаёқда?
-Қозоқдарё, Қоратеран, Мўйноқда.

Зерикканда эрмак учун қуш отиб,
Қанча ғознинг мой таомин ошадик.
Сувда сулгин, бакра, сазан, оқ марқа,
Оққув, ўрдак, қашқалдоқни ушладик.
-Қаёқда?
-Пўрхон атов, Мадалида, Мўйноқда.

Шу йилларда ёзилган Орол мавзусидаги шеърларни ўқисангиз тўлиб тошиб, тўлқин-тўлқиинга урилиб, мовий сувлар гоҳ олдинга, гоҳ орқага сурилиб оқаётган, турли балиқлар овланаётган, чагалай қушлар сувга бағрини босиб олиб тинмай чуғурлаб учаётган, узоқ узоқларда пороходлар, кемалар оқариб кўринаётган бепоён Орол денгизи оёқларингиз остида оқаётгандек бўлади. 
Инсоннинг ҳам табиатида икки дарёси бор, деб ўйлагандим ўшанда. Кўнгил дарёси, кўзлар дарёси. Кўнгил тошганда кўзларимизга қувонч ёшлари тўлиб кетади. Кўнгил ғамгин тортиб, дардга тўлганда, яна кўзимизга ёш келади, бу қайғу ёшлари… 
Инсон борки гоҳ, ғамдан, гоҳ бахтдан тўлиб тошади. Орол денгизининг икки дарёси бор эди. Амударё, Сирдарё… 
Уларнинг дарди ошдимикан, ўз дардларини Оролга тўккиси келмагандир балки, деган фикрлар хаёлдан ўтади…

Беморим Оролга қарай олмайман,
Унинг ҳарорати куйдирар мени.
Унинг оғриқлари ботади танга,
Тезоқар сувларни кўра олмайман. 
Дарахтлар зорланар қорайган тонгга,
Беморим Оролга қарай олмайман.

Дард чекма, Тўлғонма, Оролим менинг!
Сизлар ҳам ўртанманг шўрланган ерим.
Шамоллар, Чангу қум аралаш тининг! 
Безовта ўйларим – дардли армоним,
Кўз-у сўзларимга тошмоқда кўринг,
Дард чекма, Тўлғонма, Оролим, менинг!

Ўша кунлари туғилган бу шеърни ҳар ўқиганимда негадир кўзларимга ёш тўлади. Тошиб турган сувлар ўрнида қумлар, параход-кемалар ўрнида ҳорғин юрган туялар… Орол денгизи кенгликлари кимсасиздек… 

Тошкентлик олим, сиёсий фанлар номзоди Бахтиёр Омоновнинг Орол денгизи мавзусидаги мақоласини ўқиб, анча маълумотларга эга бўлган эдим. 

Маълумотларга қараганда географ олимлар Зиёвуддин Акрамов, Асом Рафиқовнинг “Орол мадад сўрайди” номли тадқиқотида келтирилишича, Орол денгизи ҳавзасида 1913 йили ҳаммаси бўлиб 2 миллион гектар ер суғорилган. Советлар даврида ирригация ишлари ягона режа асосида олиб борилгани оқибатида суғориладиган ерларнинг майдони муттасил кўпая бошлади.Орол денгизи сатҳининг пасайиши, асосан Амударё ва Сирдарё орқали 60-йилларнинг бошларига қадар келиб турган сув миқдорининг аста-секин камайиб боришига боғлиқ. Орол юзаси 1974 йилга келиб 3 метр чўкди. Шу йилдан денгиз сатҳи тез суръатларда саёзлаша бошлади. Атмосфера ёғинлари ва Амударёдан келадиган сув ҳажмига қараб, Орол сатҳи йилига 40 дан 70 сантиметргача пасая борди. 1985 йилнинг бошида денгиз сатҳи 11 метрга пасайиб кетганди.

1980 йилларда бу ерда салкам 500 минг центнергача балиқ овланган. Энг қимматли балиқлар: лаққа, зоғора балиқ, сазан, сўзанбалиқ (усач) ва бошқа балиқлар овланиши бўйича Орол денгизи юқори ўринлардан бирини эгаллаган.Денгиз қирғоқларининг порт шаҳарларидан узоқлашиб кетиши натижасида Мўйноқ, Учсой, Қозоқдарё, Урга ва бошқа ўнлаб посёлка ва шаҳарларнинг денгиз транспорти ва у билан боғлиқ бўлган хўжалик, саноат тизимлари издан чиқди, кемаларни таъмирлаш корхоналари ёпилди. Беш юздан зиёд кемалар ҳаракати ҳам тўхтади. Мўйноқ шаҳридаги Иттифоқ аҳамиятига эга бўлган балиқ комбинатида Оролда тутилган балиқлардан кўп миқдорда консервалар тайёрланар ва дудланган балиқ маҳсулотлари чиқарилар эди. Комбинатнинг Урга, Қозоқдарё, Оқпетки оролларида ва бошқа кўпгина жойларда балиқни қайта ишлайдиган цехлари мавжуд эди. 

Денгизнинг чекиниши ва Амударё дельтасининг қуриб бориши ўлканинг маҳаллий иқлимига сезиларли таъсир кўрсатмай қолмади. Орол бўйида иқлимнинг ўзгариши фақат денгизнинг қуриб бориши билангина боғлиқ бўлмай, балки атмосфера умумий циркуляциясининг таъсири, Ўрта Осиёнинг чўл зонасида ҳаво умумий ҳароратининг кўтарилиши ва бошқа омиллар билан ҳам боғлиқ кечди.

Орадан ўттиз-қирқ йил вақт ўтди. Аммо глобал муаммога муносабат, фикр, тахминлар билдириш бир зум тўхтамади. 2018 йилнинг май ойида “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтганидан ҳам хабардормиз. Тадбир БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ), Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси ва бошқа нуфузли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Орол фожиасини жаҳон ҳамжамияти аллақачон глобал муаммолардан бири сифатида тан олган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасига яна бир бор қаратди. Бугунги кунда бу экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири этиб белгиланди. 

Ҳукуматимиз Орол фожиасининг Оролбўйи аҳолиси саломатлиги ва атроф-муҳитига салбий таъсирини юмшатиш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. “Оролбўйидаги экологик муҳитни барқарорлаштиришнинг энг қулай ва арзон усули, бу –ўрмонзорлар барпо қилишдир, – деб ҳисоблайди Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқармаси бошлиғи Ҳ.Толипов. – Денгизнинг қуриган қисми 5,5 миллион гектар бўлса, шундан 3,5 миллиони бизнинг ҳудудимизга тўғри келади. Унинг 2 миллион гектари ўрмонзорга айлантирилса, вазият анча яхшиланади. Бунинг учун эса ҳар йили 100 минг гектар майдонни ўрмонга айлантириш керак бўлади. Агар шу тарзда жадал ҳаракат қилиб, денгизнинг қуриган қисми яшиллик билан ўралса, 15-20 йил орасида бу муаммо хавфини бартараф этишга эришиш мумкин.

Ўша анжуманда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти ва Орол денгизи ҳавзаси муаммолари бўйича янги ҳаракатлар дастури ҳам қабул қилинди, Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича минтақа давлатлари ҳамкорлигини яхшилаш, Оролбўйи ҳудудини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва БМТ шафелигида у ердаги аҳоли хавфсизлиги бўйича махсус фонд ташкил этиш, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиорация ишларини фаоллаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди. Туркия томони эса йилига 3 минг гектар майдонга саксовул экиш таклифини илгари сурди. 

Кейинги икки йил ичида Орол бўйида Президент ташаббуси билан мисли кўрилмаган яратувчилик ишларига қўл урилди, десак, муболаға бўлмайди. Денгиз сатҳи пасайиб, қирғоқдан 180-200 километр узоқлашиб кетгани Амударёнинг қуйи оқимига кириб келувчи сувлар юқори нишабликдан тушиши ва Мўйноқ туманидаги Дарё оралиғи сув омбори яқинида жарликлар ҳосил бўлишига олиб келди. Бундай вазият Мўйноқ сув омбори, Рибачье, Мақпалкўл, Закиркўл кўлларига сув етиб бормаслиги, ҳудуддаги балиқ ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш хавфини туғдирмоқда. 

Экологик хавфнинг олдини олиш мақсадида 2013-2017 йилларда шимолий ва шарқий дамбаларни реконструкция қилиш ҳамда сув ўтказиш қобилиятини тиклаш ишлари бажарилди. Навбатдаги босқичда Майпост кўли бўйлаб тўғон йўлини тиклаш ва кўлдан Амударёнинг эски ўзанига сув ўтказиш имконини берадиган гидротехник иншоот қуриш мўлжалланган.

Давоми бор

ЎзА
5 212