ЎзА Ўзбек

13.06.2019 08:57 Чоп этиш версияси

Орол фожиаси рус тилида илк маротаба Қорақалпоғистон саҳнасида намойиш этилади

Орол фожиаси рус тилида илк маротаба Қорақалпоғистон саҳнасида намойиш этилади

“Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрларининг V Республика кўрик-фестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистон давлат академик рус драма театри жамоаси Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди.

– Фестивалда драматург Эркин Аъзамнинг «Одинокая лодка» («Танҳо қайиқ») спектакли билан иштирок этамиз, – дейди театр директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Олег Анатолъевич Васильев. – Орол фожиасига бағишланган ушбу спектаклни рус тилида илк маротаба Қорақалпоғистон саҳнасида намойиш этамиз. Асосий ролларни Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Афзал Рафиков ва қатор ёш актёрлар ижро этади.

Муаллиф асарда Орол бобо сиймосида Ватанга мухаббат, қуриган Оролни эса кўнгиллар юксалиши, эртанги кунга умид туйғулари билан тўлдиришга интилади. Қуриб-қақшаб ётган, бутунлай саҳрога айланган, аммо киндик қони тўкилган ерини ташлаб кета олмайди. Таассуфки, фарзандлари унинг кўнглини тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Аммо Орол бобонинг шокирдлари отага чексиз мухаббат, меҳр ва ҳурмат кўрсатган ҳолда устозининг танҳо қайиғини бошқаришни давом этади. Мазкур спектакл 14 июн куни томошабинлар назарига тақдим этилади.

Шунингдек, бугун, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри биносида Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрининг “Хушвақт”, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрининг “Заминдан олис кетма”, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри биносида эса ушбу театр жамоасининг «Турна патлари» спектаклларининг намойиши бўлди.

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри жамоаси Мўйноқ туманида бўлди. Туман аҳолисига “Она юраги” спектакли намойиш этилди.

Фестивал иштирокчиларининг Қорақалпоғистон Республикаси туманлари бўйлаб ижодий сафари давом этмоқда. 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА
1 874