ЎзА Ўзбек

06.06.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Онлайн. Ўзбекистоннинг бир асрлик тарихи иштирокчиларни ҳайратлантирмоқда

Онлайн. Ўзбекистоннинг бир асрлик тарихи иштирокчиларни ҳайратлантирмоқда
Россия этнография музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилди.

r_jabborov.jpg

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан 
журналист Рустам ЖАББОРОВ 
ЎзА учун махсус

Аввал хабар қилинганидек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 6-8 июнь кунлари “Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро Конгресси бўлиб ўтмоқда. Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда. 

6 июнь куни Россия Этнография музейида анжуман доирасидаги илк тадбир – Ўзбекистон бадиий текстиль дурдоналари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда асрлар давомида миллий ҳунармандчиликнинг тўқимачилик, зардўзлик, гиламчилик сингари турлари тараққий этганини таъкидлаб, ушбу музейда сақланаётган дурдоналарнинг аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

eace262e-4610-4580-89a3-d13d71acae6f.jpg

– Ўзбекистон маданий маданий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан биридир, – деди маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова. – Биргина бугунги кўргазманинг ўзиёқ Ўзбекистон айримларнинг тасаввуридаги сингари фақатгина муҳожирлар мамлакати эмас, санъат ва маданиятнинг қадимий бешикларидан бири эканини яққол кўрсатади.

– Музейимиз Россиядаги энг қадимий маданий муассасалардан бири ҳисобланади, – дейди Россия этнография музейи директори Владимир Моисеевич Грусман. – Музейга Ўзбекистон ҳудудидан келтирилган этнография материаллари юз йилдан кўпроқ тарихга эга. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларига бориб қолган маданий мерос дурдоналарини ўрганиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Бугун шаҳримизда бошланган Иккинчи халқаро конгресс ҳам ана шу йўналишда амалга оширилаётган ишларга мисол бўла олади.

e60f3501-c646-4f74-953d-65787278ef11.jpg

Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган иштирокчилар музейга Ўзбекистондан олиб келинган тарихий матолар, гиламлар, уй-рўзғор буюмлари билан танишдилар. Чиндан ҳам кўргазмани томоша қилиш асносида Ватанимизнинг бир аср аввалги тарихига тушиб қолгандек бўласиз. Кўргазмадан ўрин олган, миллий либослардаги манекенлар, интерьерлар, уй-рўзғор буюмари ўша давр муҳитини томошабин кўз олдида жонлантиради.

740e6573-fad5-40e0-b021-1b22634109e2.jpg

Кўргазмада намойиш этилган XIX аср охирларида Бухоро амирлигидан император саройига совға тариқасида юборилган улкан зардўзи парда, қимматбаҳо тақинчоқлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида Россия Этнография музейи маданият масканларига юртимизнинг меъморий ёдгорликларидаги эпиграфика санъати ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари туркуми беғараз туҳфа этилди.

7 569