ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!
​Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Она Ўзбекистон

Юртга мақтов эмас, муҳаббат керак,
Яна ўз сўзимга қайтдим, гумон йўқ:
«Ўзбек кўп бутун ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!»

Азизлар исмига ватандир нисбат,
Елгай юрт номида суворий бўлиб:
Бежизми, Исмоил ўғли Муҳаммад
Жаҳонга танилди Бухорий бўлиб!

Жаҳолат нажотга бўлолмас гаров,
Гарчи дунё иши бўлур нисбатан.
Ватанни юксакка кўтарса биров,
Бировни юксакка кўтаргай Ватан!

Маҳшар талошида иймондан бўлак
Нима бор нажотга бергувчи имкон? –
Термизий бермаса маънодан дарак,
Термизни танирди қайси бир инсон?!

Пайғамбар боғида туш кўриб озод,
Фақиҳ деб аталди, бўлди юртга зеб:
Дунёни ғафлатдан уйғотган бу зот
Аталди Абул-Лайс Самарқандий деб!

Адолат зимнида гуркирар ҳаёт,
Бўлмас муҳаббатсиз шижоат, азм.
Ошиқ Хоразмийлар қоқмаса қанот,
Қайга ҳам учарди буюк Хоразм?!

Ёзувсиз харита қитъаларидек,
Юракка ёзилур Бистомий, Шомий.
Туғилиш ва ўлим нуқталаридек,
Мавлоно аталмиш Балхий ва Румий!

Азиз Ўзбекистон! Сени ким севмас,
Азизлар бешиги, эй шонли юрак!
Эл бахти сен билан бўлса чамбарчас,
Сенинг ҳам эл билан бахтинг муштарак.

Йўлинг пок, сафаринг бехатар бўлсин,
Абадият сари талпин, елиб уч!
Ким аслий Ватандан бехабар бўлса,
Умри пуч, сўзи пуч, ғоялари пуч!

Қайтсанг, яхшиликка қайтгил, эй дунё!
Мен ҳам ўз сўзимга қайтдим, гумон йўқ:
Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ.

ВАТАН

Ватан, қалблардасен, қароқлардасен,
Қодирийлар билан қамоқлардасен.
Ватан, диллардасен, иймонлардасен,
Шаҳидларинг билан майдонлардасен.

Ватан, нафасларда – ҳаволардасен,
Осмон аҳли билан фазолардасен.
Ватан, жонлардасен, толалардасен,
Заҳматкаш жон билан далалардасен.

Ватан, кўнгилдасен, масдарлардасен,
Мусофирлар билан сафарлардасен.
Мени ҳайрон этар гап берувчилар,
Ҳар қандай замонга чап берувчилар;

Мени ҳайрон этар сухан сотурлар,
Ватани оғзида бўлган ботирлар;
Ватан, жонлардасен, вужудлардасен,
Дунёларга сиғмас ҳудудлардасен!..

Мирзо КЕНЖАБЕК,
шоир

13 417
ЎзА