ЎзА Ўзбек

17.12.2019 Чоп этиш версияси

Она тилининг ҳифзи учун ким масъул?

Она тилининг ҳифзи учун ким масъул?

Инсонга ато этилган неъматлар орасида тил, хусусан, она тилининг ўрни беқиёс. Барчага бирдек тегишли, қанча ишлатилса, шунча оҳори ортадиган бошқа хазинани топишимиз мушкул. Тилнинг грамматик қонун-қоидалари тил ҳифзида муҳим ўрин тутиши барчамизга яхши маълум. Лекин она тилимизда бу ҳолат қай даражада?

Оддий аҳоли фикрини адабий тилда ифодалашга қийналади. Бир неча хорижий тилларни мукаммал билган ҳамюртларимиз ўз фикрини ўрганган тилларида ифода этиш қулай. Ўзбек адабий тилининг бутунлай халқимизга сингиб кетмаётганлиги бироз оғриқли ҳолат. Бу хусусда Эркин Воҳидов шундай ёзган эди: “Ўзбек тилининг ўз грамматикаси – сарфу наҳви йўқ. Кимга тобе бўлсак унинг тили қоидаларини олганмиз. Ҳозирда рус тилининг сўз ясаш, гап қуриш, имло талабларини шундоққина қабул қилганмиз. Тилшунослик атамаларимиз бари русчадан таржима қилинган. 

Ўз она тилимизга мос грамматика яратиш ҳам олимларимиз бўйнидаги қарз. Ҳам бугунги авлод, ҳам келажак насллар олдида ўташ зарур бўлган, кечиктириб бўлмас қарз бу!” . Адабий тилимизнинг ягона, стандартлашган шакли ҳали ниҳоясига етмаган. Халқнинг жонли тилини ифодалаб бера оладиган адабий тилга эҳтиёжимиз юқори. Бу тилшунослигимиз олдида турган қатор долзарб муаммолардан бири.

Аслида она тилимиз биз учун катта бойлик.. Унинг софлиги учун ҳам барчамиз масъулмиз. Аммо ҳар йили тил байрами арафасидагина буни ёдга оламиз. Тилимиз бойлиги ва гўзаллиги ҳақидаги шеър ва қўшиқлар орқали тилимизга эътибор ва эътирофимизни намоён этишга интиламиз. Аслида эътиборимизни намоён этишимиз учун тил байрамини кутишимиз шарт эмас. Кундалик ҳаётимизда, фаолиятимиз давомида ҳар биримиз буни амалга оширишимиз мумкин.

Тилшунослигимизда қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Хусусан, тил қонуниятлари ҳар бир тил оилалари табиатига боғлиқ. Бошқа тиллардан кириб келган сўзларни қабул қилаётганимизда асл тил қонуниятлари асосида қабул қилишга одатланиб қолганмиз. Олинма сўзларни ўзидек айтишга интиламизу ўз сўзларимиз талаффузидаги хатоликлар эътиборимиздан четда қолади. Руслар тил имкониятларини ҳисобга олиб “Hamlet”ни “Гамлет” “Ғулом”ни “Гулям” тарзида айтишса, форслар “автобус” “оутобус” тарзида ўз тиллари фонетик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўзлаштирган. Тил фақатгина лексик қатламдан иборат эмас. Фонетик қатлам ҳам тилнинг асосий сатҳларидан бири. Тилимиз софлигига эътиборимиз, аввало, тўғри талаффуздан бошланади. Аслида кўп чет тилларини ўрганиш ва чиройли талаффуз қилишимиз қувонарли ҳолатку-я, аммо қайсидир ажнабий сўзни ўзлаштирганимиз (ўз тилимизга қабул қилганимиз)да ўз қонуниятлари асосида талаффуз қилишга интилишимиз натижасида фонетикамиз сезиларли ўзгаришларга учрайди. 

Умуман олганда, ўзини шахс, миллат сифатида таниган чинакам зиёли инсон борки, она тилининг ҳаёти ва тақдирига бефарқ бўлмайди. Бу замон танламас долзарб масала. Жадид маърифатпарварлари ҳам тилимиз софлигига алоҳида эътибор билан қараган. Хусусан, Абдулла Қодирий сўзга масъулият, она тили софлиги учун қайғуриш барчанинг баробар бурчи эканлигини образлари тилидан ҳам айтган. “Меҳробдан чаён” романида жонкуярлик давлат ва мамлакат ишларига уқувсиз бўлса-да, кичик ақли билан тилнинг қурамалигига ғаши келган Худоёрхон тилидан ниҳоятда топиб айтилган: “Худоёрхон муҳр босиш асносида ёзилган ёрлиқ ва номаларни ўқиб эшитар, муншийларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзларидан тўқиган ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас, “Эналаринг арапқа текканма?” – деб Мирзо, муфтийларни койир эди”. Айни ҳолат бугунимизда рус ва инглиз сўзларидан иборат ярим ўзбек жумлаларида кўриняпти. Бугун бундай қурамаликларга кўп дуч келаётган бўлсак-да, бунга ғашланиб эмас, табиий ҳолат, ҳатто ҳавас билан қарашга одатланиб боряпмиз. Хорижий сўзларни “қарз”га оламизу ўзимизники билан “хайрлашамиз”. “Қарз”имизни эса қайтиб беришни “унутиб” қўйяпмиз.

Халқнинг умумий бойлиги, она тилидан фойдаланамизу унинг тозалиги, тақдири ҳақида ҳар доим ҳам қайғуравермаймиз. Эркин Воҳидов куйиниб айтганидек: “Аммо она тили-чи? Унинг софлиги ҳамда ҳифзи учун ким масъул? Шу савол асносида жамиятнинг бошқа оғриқли нуқталарини ҳам очади: “Одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол. Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса, бу фалокатдир. Бу гаплар тилшунос олимнинг ҳукми эмас, бир қаламкашнинг ўйлари холос. Сизнинг ҳам кўнглингизда шундай оғриқли гаплар кўп. Лекин менга гапиришни ким қўйибди, дея индамайсиз, баҳсга кирмайсиз. Ваҳоланки, тил ҳаммамизники”.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёнида тил софлиги доимгидан-да, кўпроқ эътиборга муҳтож. Унинг ҳифзи учун шу тилдан фойдаланувчи барчамиз бирдек масъулмиз. Ижодкорнинг қадри миллат ҳамда башариятнинг чинакам ўйлари, туйғулари ижодида акс этишига кўра белгиланади. Инсоннинг умри бошқаларга, халқига, келтирган нафичалик бўлиши ҳадисларда айтилади. Тилимиз софлигига шу тил эгаси сифатида кичик бир улуш қўшолсак демакки, умримиз ҳам тилимиз билан яшайверади. 

Гулрухсор СУЯРОВА,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

3 230
ЎзА