ЎзА Ўзбек

14.08.2020 Чоп этиш версияси

Она тилини ардоқлашга барча бирдек масъул

Она тилини ардоқлашга барча бирдек масъул
Мулоҳаза

Компьютерда ёза туриб бехосдан, ёзув форматини ўзгартириб, ҳарф теринг, бирдан остига қизил чизиқ тортилади. Адашмадингми деб, ишора беради. Англайсиз хатолик ўтди.«Мия»сига шундай сингдирилганда. Эътиборли бўласиз, қизил чизиқ тушмаслиги учун матнни оби-тобида терасиз. Диққатни оширасиз, хатолик ўтмасин, шу техникада мени «изза»қилмасин деган ўй хотирингизда туради.

Мактабда ўқиб юрган кезларимиз, билмасвойлиги аён бўлган ўқувчини муаллим бурчакка турғазиб қўярди. Толиққан тенгдошимиз, бу хатони бошқа такрорламасликка сўз берар ва уддасидан чиқарди ҳам.Агар шу каби усул, бугун қўлланилса, билмасвойлар касрига қанчадан-қанча бурчакларимиз банд бўлиб тураверар эканда. Секин деразадан кўчага боқаман. Алмойи-алжойи кўча ёзувларини кўриб пешонангиз тиришади, ўқий олмай албатта. Бу нима дегани экана, деб сўз бисотингизни обдон ковлашга ўтасиз, агар шунга яқин бирон маъно топсангиз, дўппингизни осмонга отинг. Аммо... «Ландия», «Леди»,«Бутик», «Ламоур», «Криша»,«Вундеркинд», «Солнышко», «Максдизайн», «Леса прокат», «Микросалон», «Ксерокс», «Запчасти», «Турция кийимлари», «Любимый»,«Оптом моллари»...

Ана бўмасам... Дўкон эгаси, унинг диди, фаҳм фаросати, юртга бўлган меҳру оқибати ҳақида шуурингизда чизгилар чиза бошлайсиз. Майли жуда уддабурон, тадбиркор, йўқ жойдан бор қиладиган, ишни кўзини билган одамдир. Аммо, биргина пештоқдаги мана шу пешлавҳа ҳаммасини хира қилди. Унинг иш фаолияти кўзгусига доғ бўлиб тушди.

– Кўча ёзуви кўпники. Одамларнинг эътибори, нигоҳидаги иш. Шунчаки ёзувда, компьютерда борини чиқариб олиб келиб илдик деганларни асло оқламайман, – дейди ижодкор Лола Ўроқова. – Қаранг, тилимизда қандайин бетакрор, айтган сари дилинг очиладиган сўзлар бор. Китоб тумани бўйлаб кетаверсангиз,«Зартола», «Садаф», «Мингчинор», «Анор» номи остида фаолият юритаётган тадбиркорларга дуч келасиз. Ич-ичингиздан мамнун бўласиз, лекин бу каби кўча ёзувлари бармоқ билан санарли. Алмойи-алжойи номларни пешонасига илиб қўйиб иш юритаётганлар олдига борсангиз, саволингизга жавоб – «Шу замонавий бўлсин, дедикда» бўлади. Ўйлаб ўйимга ета олмайман, дуч келган номни фирма ёки дўконга қўйиш қачондан замонавийлик белгиси бўлиб қолди-а. Биз туманда тадбиркорлар, ташқи кўча ёзувларни тайёрлаш билан шуғулланувчилар учун телеграм канали ташкил этдик. Унга таниқли филолог, ўқитувчи ва ижодкорларни жалб этганмиз. Мақсад, касалликни даволаш эмас, олдини олиш. Яъни, фалон сўмга тайёрланган, аммо хатоси бор реклама ёзуви ёки пешлавҳани бартараф этишдан кўра, уни тайёрланишидаёқ хатоликка йўл қўймаслик. Ҳозир эса, маҳсулот ёки буюртмани тайёрлашдан олдин тадбиркор фикрлашади, таклиф этилаётган ном ҳақида, унинг бехато ёзилиши борасида маълумот олади.

Ҳа, кўпчилик учун хизмат қиладиган, кўпнинг манфаатига буюрадиган ишга шунчаки ёндашиб бўлмайди. Назорат тадбирларини олиб бораётиб, «Нега ташқи ёзувда имло хатоси бор ёки бу сўзнинг маъноси нима?» – десангиз, «Компьютердан шундай чиққанда», – деган жавобни оласиз. Афсуски, келтирилган баҳона худди илинган ёзув каби дилни хуфтон қилади. Қизиқчи Муҳиддин дарвешу, Ҳожибой Тожибоевга тақлидан айтганда, «Бу бир компьютер бўлса, қилма, қўймани билмаса, нимани буюртма берса шуни ёзиб берса... унда сен нима қилиб ўтирибсан, дейдиган мард йўқ» эди шу пайтга қадар. Энди айтилмоқда, тартиби, қонун талаблари, ҳуқуқий меъёрлар тушунтириляпти.

– Натижачи?, – дерсиз.

Бўлмоқда. Биргина Қарши шаҳрида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир куннинг ўзида йигирмадан ортиқ ташқи кўча ёзувлари, катта ҳажмдаги баннер, пешлавҳалардаги хатоликлар аниқланди. Тушунтириш ишлари олиб борилди. Талабга жавоб бермайдиган ёзувлар бартараф этилди.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, шунингдек «Реклама тўғрисида»ги Қонунда эса, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир. Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланиб, бундай реклама тақиқланиши белгиланган.

Нимаики қонунийдир, демак у доимий. Агар тадбиркор ўз фаолиятини қонун талабларига риоя қилган ҳолда олиб борса, тартиб тамойилларга амал қилса, муҳими шу юрт шаъни, обрў иззати учун курашса демак ҳамиша юзи ёруғ бўлади.

– Корхонанинг номи?

– «Буюрсин»деб номлаганмиз.

– Оҳҳо, чиройли ном танлабсиз, қойил.

– Онам ўзбек тили ва адабиёт фанидан дарс берганлар, ҳозир пенсиядалар. Маслаҳатлашиб шундай ном қўйдик, хурсанд бўляпман. Ким эшитса, юзига бир табассум ёйилади.

– Қаранг, биргина сўзда қандай куч бор. Ҳам ният, ҳам меҳнатни ардоқлаш бор. Меҳнатингиз буюрсин.

– Раҳмат. Онагинамнинг дафтарларида «Тўёна», «Сарупо», «Кўзмунчоқ», «Марварид», «Суюнчи», «Покиза», «Бисот» каби чиройли сўзлар бор. Дўкон очиш, тадбиркорликни бошлаш истагидан бўлганларга мароқ билан ном топиб беряптилар, ҳозир.

Ҳа, тилга эътибор ҳиссини юксалтиришда оиланинг, ота-онанинг ўрни ниҳоятда аҳамиятли. Ахир фарзанд илк олгулигини шу икки буюк зотдан олади. Сўзларни ҳижжалаб айтиб, уларга тақлид қилади, ўрганади ва камолга етади. Агар фарзанднинг тили хашаки, қоришиқ бўлса, афсус унда аслият билан боғлиқ тушунчалар саёз бўлиши тайин. Бежизга айтмайдилар, тилда номус, ор, руҳият мужассамдир. Шу кезда, фикрни яна халқ бисоти бойитади: тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи керак.

Бугун тарбияланган тарбиячиларга тобора эҳтиёж сезмоқдамиз. Тилга бўлган ҳурматсизлик ҳолатларининг келиб чиқиш сабабини сал илгарироқдан, яъни рўзғор ташвишига қоришиб, маънавият, қадриятдан қорин ғамини устун қўйган йилларимиздан излайман. Истаймизми-йўқми, кундалик ташвишлар ичида майдалашганимиз бор гап. Топган тутганимизни ҳою ҳавас йўлида сарф этиб, асл қадриятлардан йироқлашдик. Отани «пахан», онани «мамуля» дейишни обрў санадик. Мана йиллар ўтиб, қаддимиз, қадримиз юксалди. Маънавий эҳтиёжларнинг ўрни тўлмоқда. Китоб ўқиш – олий юмуш экани, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдулла Қодирий, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфларни ўқиш ва уқиш қанчалар эҳтиёж экани тобора аён бўлмоқда. Миллатнинг руҳи, тафаккури, маънавиятини ўзида жо қилган – она тилини ардоқлаш ишига барча бирдек масъуллиги бугун қалқиб чиқди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш йўлида тизимли ишлар жорий этилмоқда. Муҳими, «Тил борки миллат барҳаёт» каби шиорлар фақат тадбирларда эмас, бугун қалбларда ўз ифодасини топмоқда. Матбуот, ижтимоий тармоқларда очиқ, ойдин фикрлар билдирилиб, тил ҳимояси учун камарбаста бўлиняпти. Жамоатчилик назорати асосида, кўзга, дилга ёт жиҳатлар ҳақида бонг урилмоқда, муаммолар бартараф этилмоқда.

«Қашқадарё» газетаси таҳририятида амалиёт ўтаган кезларимиз, бўлим мудирини мудом тайин иш устида учратардик. Бир кўзойнак ҳалак, бир қизил қалам. У эринмасдан матнни таҳрир қилар, мухбирнинг «ижодий иши» бўлим мудирининг «меҳри» эвазига тобора қизил тусга кириб борар, четдан кузатиб аҳвол чатоқ эканини англардик. Эртами, индин бизнинг қораламалар ҳам шу инсоннинг қўлига тушиши ҳақида ўйласак, кўнгилга ҳадик ораларди. Ҳаяжон босарди. Эплай олармикинмиз. Қизил ручканинг «тер тўкмаслиги», ёзилган мақола бежалмаслиги, меҳнат оби тобида бўлиши ҳақида таҳририят ходимларидан сабоқ олардик: «Сўзни хор қилиш, аямай ишлатиш нонкўрлик бўлади. Сени ўзбек тили, сўз боқади, кимлигингни кўрсатади, юзингни очиб беради». Баъзан мусаҳҳиҳ «оббо» деб қўяр, бу қандай танбеҳдан ўткир экани аён бўларди. Ана шу «оббо»га дуч келмаслик, талабга муносиб жавоб бериш ортида билим, қанчадан-қанча меҳнат, сўзамоллик, халққа яқинлик, аввало сўзга ҳурмат ҳисси бўлиши кераклигини йиллар ўтиб ҳаётнинг ўзи ўқитмоқда.

Ўзбек тилига беҳурматлик ҳолатини кузатган чоғингиз «оббо» дея индамай ўтиб кетманг. Бўлим мудири каби «қизил ручка»ни қўлга олинг. Она тилимиз озор чекмасин.

Дардларига малҳам – сизу биз!

Зиёда АМИНОВА,
журналист

10 357
ЎзА