ЎзА Ўзбек

21.09.2020 Чоп этиш версияси

Она тилимиз – бебаҳо маънавий бойлигимиз

Она тилимиз – бебаҳо маънавий бойлигимиз

Бу йил ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигини нишонлаймиз. Ушбу муддат тарих олдида қисқа фурсатдек туюлса-да,ўтган йиллар давомида тилимизнинг нуфузи ва обрўси янада юксалди, она тилимизда сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида қарийб 50 миллион кишига етди.

Шу боис ўзбек тили халқаро минбарларда баралла янграмоқда, хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга бўлган қизиқиш кучаймоқда. Шунингдек, 10 дан ортиқ – АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Туркия, Украина, Россия, Озарбайжон каби давлатларнинг нуфузли университетларида ўзбек тили шарқ тиллари фанлари қаторида ўқитилаётгани қалбимизни фахру ғурурга тўлдиради.

Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакатнинг маданий мероси унинг тилига боғлиқ. Шу маънода, юртимизда ўтказилиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, “Халқаро бахшичилик санъати” ва Халқаро ҳунармандчилик фестиваллари ҳам бугунги кунда дунёда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонни, ўзбек тилини дунёга тараннум этишда катта ҳисса қўшмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу борада билдирган фикрлари диққатга моликдир: “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”.

Сўнгги йилларда она тилимиз – ўзбек тилига бўлган эътибор туфайли унинг мавқеи янада ортиб, мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди ҳамда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига, шунингдек, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлаш бўйича Атамалар комиссияси тузилди.

Ушбу фармоннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Эндиликда Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонунга риоя этилишини таъминлаш масалаларига масъул ҳисобланади.

Тан олиш керакки, миллий ғуруримиз – ўзбек тилига бўлган эътибор ўтган йилларда бироз сусайган эди. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ қатор камчиликлар кўзга ташланди. Давлат тилида иш юритишга доир шу каби ва бошқа камчиликларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа муаллифи 42-моддани давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ҳақидаги иккинчи қисм билан тўлдириш таклифини киритган. Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар марказида бўлди.

“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши белгилаб берилган. Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида айни пайтда иш юритиш, идоралараро маълумотлар алмашиш тўлиқ давлат тилида амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида нашрдан чиққан, 80 мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ҳамда сўз бирикмаларини ўз ичига олган 5 томлик Ўзбек тилининг изоҳли луғати, шунингдек, қайта ишланган ва тўлдирилган ҳолда чоп эттирилган “Давлат тилида иш юритиш” китоби инспекция ходимларининг иш фаолиятида кенг қўлланилмоқда. Ушбу манбалар инспекцияда ўзбек тилида расмий иш ҳужжатларини юритиш меъёрларини белгилабгина қолмасдан, идоралараро ҳужжат алмашиш сифатини янада такомиллаштирмоқда.

Яна бир маълумот, 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўқув курси ташкил этилди. Ушбу малака ошириш курсларида таҳсил олиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимларининг дастлабки рўйхати шакллантирилиб, ўқишга жалб этилди. Яқин орада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциялари ҳамда Ўсимликлар карантини илмий маркази ходимларининг ҳам Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида таҳсил олишларини таъминлаш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган айни даврда ўзбек тилига бўлган бу каби улкан эътибор, эътирофда ҳам ўзига хос рамзий маъно бордек. Зеро, ўзбек тилининг қадр-қимматини, нуфузини ошириш йўлида ислоҳотлар давом этаверар экан, жамиятимизда илм ривожланади, маънавият юксалади, дунё саҳнида ўзбек тилининг қадр-қиммати, ўрни янада мустаҳкамланиб бораверади.

Бунёд НАСИМОВ,
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

6 679
ЎзА