ЎзА Ўзбек

18.06.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Олтин рангли атиргул. Уни кўрганмисиз?

Олтин рангли атиргул. Уни кўрганмисиз?
Атиргул барглари, танаси ва тикани табиатнинг ажиб мўжизасидир. 

Атиргулининг юздан ортиқ тури бўлиб, унинг бошқа гуллардан фарқи шундаки, олий навли гулнинг ҳиди анча вақтгача сақланиб туради. Дастлаб француз атири тайёрланишида ҳам атиргулнинг ҳиди нисбат қилиб олингани ҳеч кимга сир эмас.

039ff9db-b509-46f9-956f-adc387f45e06.jpg
Дастлаб атиргулга ёввойи наъматакнинг бир тури сифатида қаралган. Ўрмонларда ва уйни ташқи тарафдан ҳимоя вазифасини ўташи учун экилган. Ўзининг ажиб таровати ва гўзаллиги туфайли бугун ушбу гуллар ифори барчанинг хонадонига кириб келишга улгурди. 

Атиргулнинг қизил ранлиси энг кекса гуллар сирасига киради. Бугун унинг оқ, пушти ва сариқ ранглилари кенг тарқалган. Ҳозирги кунда ҳатто унга хонаки гул сифатида қаралиб, тувакларга ўстириш урф бўлди. Бироқ ушбу амалиёт ижобий натижа келтирмади. Чунки тувакдаги гул узоғи билан уч йилча гуллаб туради. Сўнг барглари тўкилиб, гуллашдан тўхтайди. Бу эса узоқ йил гуллаб турувчи атигул учун жуда оз фурсат ҳисобланади. 
ef296585-0261-4d44-ac9a-2e297a66e086.jpg
Инсоният 500 йилдан буён ўстириб келаётан атиргулларнинг турфа хиллари мавжуд. Эътиборлиси, ноёб саналадиган олтинранг ва оч кўк ранлиларини диёримизда учратиш мумкин. 

Хонаки Хитой атиргули билан Америка атиргулини солиштириб бўлмайди. Чунки Хитой атиргули томири кичик ва тор жойда униб-ўсиш учун мослашган. Ўзбекистонда уни асосан хонаки тарзда етиштириш оммалашган. Унинг гули нозик ва чиройли. Бироқ уч кундан ортиқ очилиб турмайди. 

Бугун Ўзбекистон ҳудудида етиштирилаётган атиргулларнинг сариқ ранглиси олтин ва қуёш рангини, оч кўк ранглиси товланаётган камалак жилосини, қизиллари эса қизғалдоқ ҳамда миллий матомиз – атласни эслатади. 

– Майда баргли ва кичик танали атиргуллар айнан Ўзбекистон тупроғи ва об-ҳавосига тезда мослашди, – дейди боғбон Одилжон Ҳошимов. – Мен икки йилдан буён ушбу гул навларини боғдорчиликда қўллаб келяпман. Амалиётимиз шуни кўрсатяпдики, олтинранг атиргуллар ўткир ҳиди ва гўзаллиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Ушбу гул навлари энди фасл танламайди. Ҳатто қишда ҳам очилиб, инсонга хуш кайфият улашади. 

Бўйи 60-70 сантиметр, яшил барглари 2-3 сантиметр, гулининг очилгандаги ҳолати 4-5 сантиметрдан ошмайдиган ўта хушбўй ҳидли ушбу атиргулларни энди қишда совуқ урмайди, барглари тезда янгиланиб тургани боис уларнинг тўкилгани сезилмайди. Мудом ям-яшил ҳолатда бўлиб, мунтазам очилиб туради. 

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА
15 144