ЎзА Ўзбек

20.02.2019 21:43 Чоп этиш версияси

ОЛТИН ЎЛКА

ОЛТИН ЎЛКА
ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ЙЎЛЛАНМАСИ БИЛАН

Эврил ТУРОН

42a7b3c6_a5fe_4b22_9619_220df6d0092d.jpg

ОЛТИН ЎЛКА

“Йўлдаги ўйлар” туркумидан
Истак, ғайрат билан 
битмайдиган иш йўқ.

Амир ТЕМУР

Энг оғир дамларингда, кексайиб қолган чоғларингда, сени кимдир қўлласа, очун кўзингга гўзал кўринаркан. Шунда дунёга кераклигингни яна қайта ҳис этаркансан. Бундан соғлиғингга соғлиқ қўшиларкан, хатти-ҳаракатларинг жонланаркан, ўзингни тетик сезаркансан...

Шу туйғу таъсирида мен эрта тонгда тиниқ кайфият, тиниқ руҳ билан Ота маконга йўл олдим. Тангри қўлловини, янги сиёсат мевасини туяроқ...

Бу – 27 йилдан кейинги илк сафарим эди. Аҳамиятлиси: Расмий... Мақсадим: ҳозирча Жиззах ўлкаси тимсолида Ўзбекюртдаги ўзгаришларни кўриш ва қоғозга эндириш эди. Ўз имконим, ўз қобилиятим даражасида.

Улуғ Шароф Рашидов қурган, бошкент билан Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Қарақалпоқ ўлкаларини боғловчи бетон сўқоғидан йўлга тушдим.

Нисбатан кенг йўл. Нисбатан текис йўл. Икки ёқлама ҳаракат. Хавфсиз. Қулай.

Сўқоқнинг икки томонида ҳам бўш ер йўқ. Экинзор, Оғочзор... Кўнгил яйрайди.

Минг-минг йилдан бери тинсиз оқаётган, Ўғизхон, Чингизхон, Темур ҳоқонлар кечган Сайхундан кечдим.

Юрагимда:

Тўлқин-тўлқин армон,

Тўлқин-тўлқин қувонч,

Тўлқин-тўлқин Турон севгиси...

Ер юзининг зийнати бўлган Турон,

Ер юзининг қудрати бўлган Турон...

Узоқ кечмишлар...

Орзу бўлиб қолган кечмишлар.

Амалга ошишга умид боғловчи кечмишлар...

“Оққан дарё оқади”... Дарёдан бир чақирим юришимиз билан сўқоқ айри келди. Тўғрига Шароф Рашидов қурган йўл. У 40 километр узунликда қозоқ даштини кесиб ўтади. Яқин йўл. Сўл – Гулистон шаҳрига. Айланма, узоқ йўл, 89 чақирим зарарга. 89 чақирим!.. Бундан улус қанча зарар кўради? 

Йиллар чиқими: триллион-триллионлар. Вақт ютқизиғи!.. Асаб ютқизиғи!..

89 чақиримдан кейин (Оқолтин тумани ҳудудида) айри йўл тўғри йўлга қўшилади.

Ўзбек билан қозоқ бир туғишган эл. Умуман, Ўрта Осиё улуслари қондош улуслар. Ғаним босқинидан сўнг бир бутун туркий ҳудуд бешга бўлинган ва беш ном билан атала бошланган. Ўзбек, Қозоқ, Қирғиз, Туркман, Тожик.

Ўрта Осиё эллари – қондош эл экан, ўзаро ўртани бузиш нечун?

Қўшнилар билан тинч-тотув бўлишни Шавкат Мирзиёев амалда кўрсатди. Бундан, менимча, кўпни кўрган оқсоқол Нурсултон оға кўп қувонди. Қирғиз, Туркман, Тожик президентлари ҳам. Айниқса, элларимиз севинчлари чексиз бўлди.

Қондош халқлар аро: “Сендан мен зўрман!” деган фикрни ким келтириб чиқарса, у элбошими, олимми, ойдинми, оддий юртдошми (фуқароми), кимлигидан қатъий назар, уни “Халқ ёви” деб аташ лозим. Одатда бундай гап: худбинлардан, калтабинлардан чиқади. Оқибат, бундан: эллар зарар кўрадилар, давлатлар зарар кўрадилар.

Қозоқ даштини кесиб ўтувчи сўқоқ масаласи Юртбошилар ўртасида (Шавкат Мирзиёев, Нурсултон Назарбоев) расман ечилган. Бироқ, 40 чақиримлик йўлга 7 та назорат пости ўрнатилган. Буни қандоқ тушуниш мумкин? Ўртага кимлар ғулғула соляптилар? Турли сабаб, важларни: тўқиб, бичиб, бўрттириб...

Улар текшир-текшир касалига йўлиққанлар. “Сендан мен камми?” деган касалга. Соатлаб (камида 2 соат. Шахсан бунинг гувоҳи бўлдим) вақтни оладилар. Ўзбеги ҳам, Қозоғи ҳам. Шу боис, бу сўқоқдан автоулов юрмайди. Узоқ бўлса ҳам айланма йўлни маъқул кўради.

Бу борада Оврўпа давлатларидан ибрат олмаймизми? Уларда чегараларни кесиб ўтувчи сўқоқлар масалаларида муаммолар йўқ. Ўрисча айтганда, йўллар “зелённьй”. Оврўпаликлар: инсон қадрига етадилар, вақтни қадрлайдилар. Шўро даврида машиналар фақат шу йўлдан қатнардилар. Текширувлар худди Оврўпадагидек оний тезликда ўтарди. Энди?..

Мен умид қиламан: бу масала давлат миқёсида қайта қўрилади ва ҳал этилади. Тўғри сўқоқнинг биринчи постида текшир-текширдан зада бўлдик. Ярим соат вақтимизни шамолга совурдик. Айланма йўлга қайтдик. Манзил узоқ. Мени хаёл қуршайди. Енгиб бўлмас хаёллар... 

Менимча жуда кўп нарсалар хаёлда пишади, туғилади: фикрлар, ихтиролар, кашфиётлар, асарлар...

... Жиззахга анча йўл. Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё!.. Э-ҳе, яна қанча масофа! Улардан-да нарида Хоразм, Қорақалпоқ!.. Юзлаб чақирим! Минглаб чақирим!.. Гўё ернинг нариги томонидагидек туюлади менга.

Тошкент қайда? Ўзбекюртнинг энг чекка қисмида. Қозоқюртнинг биқинида. Ул олис ўлкалардан Тошкентга келишгунча, қанча вақт, қанча маблағ, қанча ёқилғи кетади?

Водийдан-чи? Худди шундай харажат. Яъни: триллион, триллионлар!

Бу маблағга завод, фабрикалар, шаҳарлар қуриш мумкин. Давлатчилик тарихи шуни кўрсатади: Бошкент – юртнинг ўртароқ қисмида бунёд этилади.

Ўрис ўз бошкентини (бошкент – эски туркий сўз. Бош кент. Яъни бош шаҳар. “Пой” нима? “Тахт” нима? Улус тушунмайди. Пойтахт ўрнига бошкент ишлатилса, элга тушунарли бўлади) Петербургдан Москвага бежиз кўчирмаган. Чунки, Санкт-Петербург чет эл биқинида жойлашган эди. 

Мен шундай таклиф киритаман: Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш – Жиззах ўлкасига кўчириш керак. Хусусан: Ғаллаорол-Булунғур туманлари оралиғидаги бепоён (Юқори нуқтагача) бўшлиққа. Аниғи: Помир тизмаларидан Ғўбдин тоғига қадар ястаниб ётган водийга, гўзал Зомин тоғлари этакларига, Боғдоннинг (Фориш, Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳақиқат тикланади) Қизилденгиз (Ҳайдаркўл) билан туташган ясси тоғлар оралиғидаги афсонавий чўлларга.

Сув масаласи нима бўлади? 

Ўзбекистондек давлатга, бу, деярли муаммо туғдирмайди. 

1. Тоғлардаги булоқлар, жилғалар, сойлар кучи аниқ, тиниқ ҳисоб-китоб қилинади. Сўнг қатъий режа асосида ўзанларга бурилади.

Ўзанлар эса улкан ўзанда бирлашади. Бундоқ ҳолда бир томчи сув ҳам исроф бўлмайди. 

2. Бахмал (Сангзор), Зарафшон дарёларидан ҳам ирмоқлар тортилади.

3. Ер ости дарёлари ер устига оқизилади.

4. Қизилденгиз (Ҳайдаркўл) суви чучуклаштирилади.

5. Бир неча миллион кишининг чанқоғини қондирадиган УЛУҒ СУВ ҳавзаси қурилади.

Бу масалада Араб Бирлашган Амирлигида, бир гиёҳ ўсмайдиган, бир томчи сув йўқ ёввойи саҳрода, яъни Абу-Дабидаги Лива чўли остида қурилган, чучук сув билан тўлдирилган сунъий резервуар (дунёда энг катта) бизга мактаб бўлади, деб ўйлайман.

Ушбу резервуар 80 метр чуқурликда жойлашган. Лойиҳа 315 та қудуқдан иборат тармоқлардан ташкил топган. Улар орқали (Шувайҳадаги сувни чучуклаштириш станциясидан) резервуарга ҳар куни 232 минг тонна сув кириб тушган. Резервуар 27 ой давомида тўлдирилган. Шундай йўл билан Бирлашган Араб Амирлигида 26 миллион куб метр миқдорда чучук сув захираси яратилди. Лойиҳа қиймати 435 миллион долларга баҳоланди.

Қайтараман: Тошкент юртимизнинг энг четида қарор топган. Шу ноқулайлик билан бирга лойсувоқ кулбалар пала-партиш ва зич қурилган. Янги бинолар бунёд этиш учун уларни бузиш, кулба эгаларини яшаш жой билан таъминлаш лозим. Бунга қанча пул кетади? Менимча: миллиардлар...

Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд.

Шубҳасиз, Жиззах: саодатли ўлка, тупроғи олтин ўлка, ер ости базальт, темир, қўрғошин, руҳ, оҳак, мармар, гранит, кумуш, олтин...ларга бой ўлка. Ўн миллионларни боқишга қодир ўлка.

“Шундоқ экан, ҳозирнинг ўзида ҳам янги бошкент қурилишини бошлаш мумкин.

Қандоқ? Қуйидаги-ча:

Ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатилса;

Ўмарилган миллиардлар ($) ўзбек ғазнасига қўйилса;

Йигирма беш йиллик олтин Ватанга қайтарилса;

Коррупция илдизи таг-туги билан чопилса;

Юртда шаффоф декларация ўтказилса;

Ҳашарга чет эл давлатлари тортилса...

Айтишга осон. Қозоқ саҳрода бошкент (Остона) қурди-ку. Биз ҳам бугун бўлмаса эртага... Истак бўлса бас. Ғайрат бўлса бас.

Мен бошкентни Остонадан-да маҳобатли кент бўлганлигини, ундан Ғарб ҳам ҳайратга тушганини кўряпман. Хаёл кўзи билан. Яна Америкадек қудрат отига минганини ҳам кўряпман. Хаёл кўзи билан.

Мен, замон келиб, шон- шуҳратга тўлғувчи бу бошкентга шундай ном берилишини истайман: ТЕМУРКЕНТ!

Бу олтин тупроқда кўп салтанатлар қурилган. Жумладан: Ўғизхон империяси, Қонғлилар империяси, Кушонлар империяси, Қорахонлилар империяси, Темур Ҳоқон империяси... Буюк Темур 34 ёшида (1374 йилда) Кешда Туркистон салтанатига асос солади. У бир туғ остида 27 давлатнинг бошини қовуштиради. Юртлар тўкин ўзгаришлардан гуллаб, яшнайди. Ўз замонида Темур ҳоқон асос солган Бошкент – Самарқанд донғи оламга ёйилади. Унга турли юртлардан минглаб, миллионлаб кишилар келиб, кетишган: сайёҳлар, элчилар, олимлар, ёзарлар, режиссёрлар, актёрлар, давлат арбоблари...

Ҳануз шундай.

Ҳинд подшоҳи Жавоҳарлал Неру Самарқандга ташриф буюрганида, 4300 йил илгари бобо-момолари шу юртдан Кашмирга (Ҳиндистонга) ҳижрат қилишганини фахр ила айтди. 

Донғли кино артист Раж Капур ҳам ота макони Самарқанд (Ургут) эканини меҳр билан тилга олди. 

Сўнгги умрини Туркияда яшаб ўтган буюк астроном олим Али Қушчининг ҳам таг-туги самарқандлик бўлади.

Темур ҳоқоннинг набираси Мирзо Улуғбек дунёда илк марта Самарқандда “ҲИСОБЛАШ МАРКАЗИ”ни яратган. Унинг астрономик маркази Оврўпага кўприк бўлган. Таърифлашда давом этсам, китобга сиғмайди.

Тарихда шахснинг ўрни буюк. Темур айрим бекларнинг қаршилигига қарамай, Самарқандни бошкент айлади. Янглишмади. 

Ойдинлар Президент Шавкат Мирзиёевда Амир Темурнинг ғайрат, шижоатидек ғайрат, шижоат бор, дейишади. Бунга улар унинг икки йилда қилган ишларини мисол келтиришади: “Мамлакатимиз бўйича кўнгил қувонадиган ишлар бўляпти. Буларни телевединиеда кўриб боряпмиз. Пойтахтнинг ўзида, икки йил ичида: Сирғалида шаҳарча, Тошкент сити, Муз саройи, очиқ метро, кўприклар-у йўллар қурилди. Мисли кўрилмаган тезликда. Булар тарихий воқеалар...”

Ойдинларнинг гаплари таъсирида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах бўлими бошлиғи Меҳрибоннинг сўзи эсимга тушди: “Яшин тезлигида десам, лоф бўлмас, вилоятимизда Гагарин, Манас, Хонбанди каби шаҳар, шаҳарчалар қайта янгиланди. Яна қанча қишлоқлар обод этилди. Тағин, шунингдек, 9 та: ип йигирув, тўқимачилик, тикувчилик фабрикалари қурилди. Улар Немис, Австрия, Туркия, Италия, Швейцария технологиялари асосида ишга туширилди, туширилмоқда. 9 та!.. Айтишга осон. Амалда... 

СССР даврида юртимизда 4-5 та тўқимачилик фабрикаси бўлган. Энди-чи... Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олинг. Вилоятимизда яна учта фабрика қурилади... Мен буни бир чимдим ҳам пахта, ипакни чет элга хомашё сифатида чиқарилмасликка қатъий қарор, деб биламан. Тарихда бунақаси бўлмаган”.

Меҳрибоннинг гапи сабаб: Юртбошимизнинг элимиз дарди қотилган шу сўзи ёдимга тушди: “Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?”

Шундан келиб чиқиб қаралса, туб мақсад аён бўлади. Қарамлик йилларимиз кўз олдимизда жонланади. Юртимиз, юртимиздаги бутун бойликларимиз кимларнинг қўлларида эди? Аниғи: қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз, жумладан: ипак, пахта, жун каби хомашёларимиз кимларнинг қўлларида эди?

Ёт қонларнинг. Улар совуқ юрт саноатини ривожлантириш, кишиларни иш, маош билан таъминлаш учун оққан. Тинимсиз оққан, 126 йил оққан. Биргина олтинимизнинг ўзи бир дунё бойлик. Тасаввур қилинг: Ер юзи мамлакатлари ичида энг кўп олтин кони бизда мавжуд. Фикримнинг исботи учун икки мисол келтираман: “Ўрта Осиё – Рус тождаги энг қимматбаҳо дур”... Вишнегородский,

Россия Империяси молия нозири. “Россиянинг келажаги Ўрта Осиё билан...” Горчаков, Россия империяси Ички ишлар нозири.
Бу гаплардан яққол аён-ки: Россия 126 йил, Туркистон бойлигига эгалик қилган. Ундан кўнгли тусаганча фойдаланган ва шу туфайли қудратга кирган. Эгаликни қўлдан чиқармаслик учун элга ёвузлик қилган. Бу Лениннинг сўзидан ҳам кўриниб турибди: “Чор Россия – халқлар турмаси”. Бунга Туркистон генерал губернатори Фон Кауфманнинг сўзи ҳам гувоҳлик беради: “Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилга орқага суриб ташладик”.

“Суриб ташладик”, дегани – Туркистонни иложи борича узоқроқ қарамликда сақлаш, узоқроқ ғарот қилиш ва элларига қирон келтириб туриш дегани. Агар ёв ёвуз йўл тутмаганда, ҳозир Туркистон халқи уч юз миллиондан ошарди. Бу дегани: ҳозирги Россия аҳолисидан икки марта кўп аҳолига эга бўларди дегани.

Достоевский сўзи: “Ҳақиқат Россиядан улуғ”. Ҳақиқат Россиядан улуғ бўлса, мен айни ҳақиқатни айтдим. Ҳозирча, очунда АҚШ, Оврўпа цивилизациясидан ўзар цивилизация йўқ. Ўрта Осиё халқи улардан ёмонлик кўрмаган. Улар билан тенглик асосида дўстлик алоқаларини мустаҳкамласак, хайрли бўлади. Чунки Оврўпа, АҚШдан ўрганадиган нарсаларимиз кўп. Ўрис ҳам улардан ўрганиб, олға силжиган. Пётр Iнинг Ўрисияга қилган бебаҳо хизматини эсланг. У стартни Оврўпадан олган. Россиянинг парвози Оврўпа цивилизациясидан бошланган...

Менинг профессор Абдураҳмон Ражаб, академик Зариф Бакир, профессор Маҳмуд Йўлдош, академик Зоир Зиёт, давлат арбоби Ўриш Ҳамид, профессор Мавлон Умрзоқ, доцент Улуғбек Найман, Ўзбекистон халқ артисти Аҳмаджон Шукур каби фикрдошларим бор. Улар: “Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни энг қудратли давлатлар қаторига олиб чиқади” деб айтаяпти. 

Юқорида мен олтин конларимиз КЎП дедим. Бироқ геолог ўртоқларимнинг хомчўтларича яна шунча олтин кони бор. Улар еримиз остидан ёруғликка чиқишни кутиб ётибди...

Ўзбекистондек бой юрт очунда кам. Агар у олмон, жапўн, инглизлардек ишбилармонларда бўлганда эди, юртимиз чин маънода жаннатга айланарди. Энг қашшоқ ўзбек ҳам: қасрда яшарди, юртимиз беқиёс қудратга минарди. америкача қудратга, ҳатто...

Бундоқ тақдирда ўзбек дунёга сочилиб кетмасди. Аёллар издан чиқиб кетмасди.

Бунга: Ким сабабчи? Нима сабабчи? 

Йўқлик. Йўқлик эса очкўзлик, иш кўзи ва юртни бошқара билмасдикдан вужудга келади. Яна: худбинликдан, Худоликни даво қилишдан... Яна: ҳиссизликдан, иккиюзламачиликдан, сўзда турмасликдан, ўзига бино қўйишликдан...

Мунофиқликнинг энг иркит кўриниши: сохта мақтов, сохта чапак..

Одамни йўлдан оздирадиган шу, шулар...

Йўлдан озган кас эса эл-юртга кулфат келтиради. Битмас-туганмас кулфат...

Юртимизда ер ости, усти бойликларимизни Ватанимиз ўсуви йўлида ишлата биладиган кишиларимиз етарли. Менимча, бунинг учун уларга: Фикр, Сўз, Қалб эркинлигини беришимиз лозим.

Бу ҳол давлатимизни юксалишга бошлайди. Ўйлашимча, Элбоши сиёсати худди шунга олиб боради. Фикрлардан давлат ривожланади.

Бошкент масаласида мен шахсий фикримни айтдим. Агар мурод ҳосил бўлса, улуғвор Тошкент улуғворлигича қолади. Олмаота мисол,

Нъю-Йорк мисол, Петербург мисол.

Шу ўринда Элбошининг қўйидаги сўзини келтираман: “Биздан келажак авлодларга янги шаҳарлар қолади”.

Эл кўнглини илитувчи бул фикрга қўшимча қиламан: Олтин воҳада бошкент қурган шахс ҳам тарихда қолади. Мангу қолади. Самарқандни қурган АЛП ЭР ТЎНҒА (Афросиёб) мисол.

(Давоми бор)

ЎзА
33 066