ЎзА Ўзбек

10.11.2016 16:06 Чоп этиш версияси

“Олтин куз” санъат байрами

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Олтин куз” халқаро санъат фестивали доирасида маданий тадбирлар ташкил этилди.

Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқа ва драма театрида “Мақом” ансамблининг “Воҳа наволари” номли концерт дастурида мумтоз куй-қўшиқлар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий меросига айланган ушбу наволарнинг яратилиш тарихи, унинг ижодкорлари ҳақида маълумот берилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрининг “Садоқат” операси ҳам самарқандлик санъат мухлисларида унутилмас таассурот қолдирди.

– Ўзбекистон халқ артисти Фаруддин Сафаров саҳналаштирган асар халқимизнинг ардоқли адиблари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг севги ва садоқатини тараннум этади, – дейди Ўзбекистон санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов. – Лирико-драматик опера бош қаҳрамони – Зулфия ролини истеъдодли актриса Малика Нурматова, Ҳамид Олимжон ролини Рустам Алимардонов маҳорат билан талқин этмоқда. Асар қаҳрамонларининг Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида кечган ҳаётига оид кўринишлар актёрларимизнинг маҳорати туфайли жонли ва ҳаяжонли намоён бўлди.

Бундан ташқари, фестиваль давомида Самарқандда Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг концерти, “Бешқарсак” фольклор-этнографик ансамблининг дастури намойиши, россиялик таниқли фортепьяночи Владимир Свердлов-Ашкеназининг Самарқанд санъат коллежи ўқувчилари учун маҳорат дарслари ўтказилади.

Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган мазкур санъат форуми Ўзбекистон ва жаҳон санъатини ўзаро уйғунлаштириш, миллий театр ва мусиқа санъатимизни кенг тарғиб қилиш, умуман, санъат ва маданият воситасида юртдошларимиз маънавиятини янада бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
7 037