ЎзА Ўзбек

08.11.2016 20:03 Чоп этиш версияси

«Олтин куз»нинг яна бир туҳфаси

«Олтин куз»нинг яна бир туҳфаси Ўзбекистон давлат консерваториясида “Олтин куз” халқаро санъат фестивали доирасидаМосква давлат консерваторияси ўқитувчиси, Польшада бўлиб ўтган 19-халқаро дирижёрлар фестивали лауреати Владимир Горбик дирижёрлигида концерт дастури ташкил этилди.

Концертда «Ўзбекистон солистлари» камер оркестри жўрлигида машҳур композитор В.Моцарт асарлари халқаро танловлар лауреатлари Сардор Жумаев (скрипка), Феруза Муҳаммедова (фортепьяно) томонидан маҳорат билан ижро этилди. Концерт бадиий раҳбари – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Анвар Раимжонов.

«Ўзбекистон солистлари» камер оркестри ўз фаолияти давомида ранг-баранг дастурлар яратиб, унинг репертуаридан турли йўналишлардаги мусиқа намуналари жой олган. В.Горбик дирижёрлигида ўтган мазкур концерт дастури ҳам оркестр жамоаси учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтади.

– Мазкур фестиваль маданият, санъат ва адабиёт воситасида халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди «Ўзбекистон солистлари» камер оркестри солисти Сардор Жумаев. – Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқаси дурдоналари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга.

Фестиваль доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари санъат ихлосмандларига ҳақиқий маънода олтин куз туҳфасини инъом этмоқда.

Гўзал Сатторова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
5 234