ЎзА Ўзбек

21.07.2019 Чоп этиш версияси

Немисларга ўзбек тилини танитаётган олима

Немисларга ўзбек тилини танитаётган олима

Ўқувчилар дарс бошланишини кутиб ўтиришарди. Синфга кўринишидан қаттиққўл устоз кириб келди. У синфга бир боқиб, индамасдан қўлига бўр олди ва тахтага катта қилиб 1 рақамини ёзди.

“Қаранг, бу 1 – сизнинг шахсиятингиз, ҳаётингизга соҳиб бўладиган энг қадрли нарса...” деди у. Сўнгра 1 нинг орқасидан 0 ёзди. “Бу – муваффақият. У шахснинг 1 ини 10 қилади”. Яна 0 қўшди. “Бу – тажриба. Тажрибали бўлсангиз 10 ингиз 100 бўлади”, деди у. Шахснинг ортига биттадан 0 қўшилиб, рақамлар шу тартибда узайиб бораверди. Қобилият, малака, севги... Ниҳоят, шахсни 10 баравар бадавлат қилган устоз қўлига латтани олди-да, бошдаги 1 ни ўчириб ташлади. Доскада бир сурув 0 қолди. Устоз ўқувчиларга “Шахсиятингиз бўлмаса, улар ҳеч нимага арзимайди”, деди.

Ҳа, ибратомуз бу ҳикоянинг эътиборга молик жиҳати унинг бугун ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз аксини топганлигидадир. Суҳбатдошимиз педагогика фанлари доктори Гулшан Асилова ҳам ана шундай ўз шахсиятига эга инсон, юртимизнинг илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олимадир. Айни чоғ Германияда ижодий сафарда бўлган ҳамюртимиз билан суҳбатимиз юртимиздаги илм-фан борасида бўлди.

– Гулшан опа, шахс камолотида оиланинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Чунончи, сиз вояга етган маскан ҳам китоблар, ундаги сўзлар муқаддас саналадиган ижодкорлар оиласидир.

– “Фарзандинг сени эшитмайди, у сенга қарайди”, деган мақол бежизга айтилмаган. Ота-она боласига ҳалол луқма едириб катта қилса, фарзанди ҳам ҳаромдан ҳазар қилади. Ва аксинча... Ҳаётда бунга кўп марта амин бўлганман. Мен Тошкент вилоя­тининг хушманзара Ғазалкент шаҳрида ёзувчи Асад Асил хонадонида туғилганман. Ота-онам ҳалол меҳнат қилиб, бизларни ҳам шунга ўргатишган. Касб танлашимизда истагимизга қарашган бўлса, таълим олишимиз учун барча имкониятларни яратиб беришган. Энг муҳими, китоб ўқишга, билим олишга ҳамма вақт эъти­борли бўлишган. Дадам ёзувчи бўлганлиги учун уйимизга кўплаб ижодкорлар келишарди. Адабиёт ҳақидаги суҳбатларни маза қилиб тинглардим. Уйимиз кутубхонага ўхшарди. Энди ўйласам, болалигимдан китобларнинг сеҳрли оламига ошуфта бўлиб улғайган эканман.

– Илмга қачон қизиққансиз? Игна билан қудуқ қазимоққа менг­занган бу йўлни танлашингизда қандай омилларни айта оласиз?

– Илмга қизиқиш талабалик йилларимда пайдо бўлган. Мен Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг рус филологияси факультетига ўқишга кирганман. Бунга ўрта мактабда таълим берган рус тили ва адабиёти ўқитувчиларимнинг педагогик маҳорати сабаб бўлган, деб ўйлайман. Шу боис синфдошларимнинг қарийб учдан бири ўқитувчилик касбини танлашган. Шундай қилиб, мен ҳам рус тили ва адабиётини танладим. Институтдаги ўқишнинг илк кунлариданоқ бизга таълим берувчи профессор-ўқитувчиларнинг юксак илмий салоҳиятига ҳавас қилдим. Ўзбек тилидан бизга таниқли профессор Низомиддин Маҳмудов дарс берган. Устознинг берган сабоқлари ҳар қандай соҳани ўрганаётган талабада ҳам ўз она тилидан ғурурланиш ҳиссини кучайтириб юборади.

Мутахассислик фанларидан ҳам ўз касбининг фидойилари бўлган, юксак маҳоратга эга олимлардан сабоқ олганмиз. 80-йилларнинг охири эди. Ўшанда илк бор Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Элбек каби буюк сиймоларнинг асарлари “тақиқ”дан чиқа бошлаганди. “Кеча ва кундуз” романини ўқиб, шу даражада таъсирланганманки, диплом ишимни жадидчилик ҳаракати ҳақидаги мавзуда ёзишга аҳд қилганман. Раҳматли устозим, филология фанлари доктори, профессор Гўзал Абдуллаева менинг бу интилишимни қўллаб-қувватлаган. Институтни тугатгач, аспирантурага кирдим. Педагогика фанлари номзоди Паёз Мусаев раҳбарлигида педагогика тарихи ва назария­си ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Кейин миллий гуруҳлар талабаларига рус тили, рус гуруҳлари талабаларига эса ўзбек тилидан дарс бера бошладим. Аввалига қийин бўлди. Икки турли тил – икки хил менталитет, маданият, адабиёт, урф-одатлар дегани. Аста-секин икки тиллик (билингвал) мутахассисга айланиб бордим. Дарсликларим, луғатларим нашр этилди. Бироқ ўзбек тилини тизимли равишда ўқитиш методикасига эҳтиёж кучли эди. Ўзбек тилини хорижликларга ўқитиш бўйича илмий ишлар деярли йўқлиги туфайли шу соҳада тадқиқот ўтказишни менга илк бор профессор Раъно Толипова таклиф қилган. Афсуски, мазкур соҳа бизда хорижий тилларни ўқитиш методикасига нисбатан анча оқсамоқда. Докторлик диссертациясини тайёрлаб, ҳимоя қилишимга устозларим, профессорлар Равшанхўжа Расулов ва Ҳадича Муҳиддинованинг ҳиссалари беқиёсдир.

Илм билан шуғулланиш осон эмас. Бу фанда ўзининг йўналишини яратиш, фан ривожига улушини қўшиш, шогирдлар тайёрлаб, янги мактаб яратиш демакдир. Бунинг учун тадқиқотчи кўп нарсалардан воз кечади, ҳаловати бўлмайди, илмий ишини ҳаётидаги бош­қа жабҳалардан устун қўяди. Илм билан шуғулланиш юзлаб чиғириқлардан ўтиш демакдир. Илмни обрў орттириш, моддий манфаат, мансаб эгаллаш учун эмас, фан тараққиётига ҳисса қўшиш учунгина қилиш керак. Акс ҳолда у ривожланмайди, унинг ҳеч кимга нафи бўлмайди, қоғозларда чанг босиб ётади. Албатта, бунинг учун бениҳоя кучли ирода, сабр-тоқат, курашувчанлик зарур. Энг муҳими – бошлаган ишни мантиқий ниҳоясига етказиш керак.

– Бугун аксарият ҳамюртларимиз чет тилини ўрганиш билан банд. Фарзандларини боғча ёшиданоқ хорижий тиллар сабоғига бераётган ота-оналар кўп. Шундай шароитда она тилимизни дунё ҳамжамиятига танитаётганингиз, бу йўлдаги изланишларингиз таҳсинга лойиқ. Шу ҳақда сўзласангиз.

– Ҳозирги даврда қанча кўп чет тилни билса, шунча яхши. Бугун меҳнат бозорида энг рақобатбардош кадрлар бир неча хорижий тилни мукаммал биладиган кадрлардир. Нима учун болаларга боғча ёшидан тилларни ўргатиш керак? Чунки 7 ёшгача бўлган даврда инсоннинг тил ўрганиш қобилияти ниҳоятда кучли бўлади. Хорижий тилларни билиш ва ўрганишнинг она тилига ҳеч қандай зарари йўқ, деб ўйлайман. Она тили билан ҳеч қайси тил рақобатлашиши керак эмас, чунки она тили бу – нафақат тил, балки тарих, маданият, миллий онг ва руҳ демакдир. Шунинг учун мен, инсон аввало ўз она тилини мукаммал билиши шарт, деб ҳисоблайман. Афсуски, бугун биз адабий тилимизнинг истеъмолдан чиқиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз. Нутқ маданияти йўқолиб бормоқда. Тилимизнинг бу “касаллиги”ни зудлик билан даволашимиз керак.

10 пол Наргиза Гулшан Асилова 1.jpgАйни вақтда жадид педагогикаси бўйича илмий изланишлар олиб боряпман. Жадидларнинг маърифий ғоялари, айниқса, тил таълими методикаси борасида тадқиқотлар ўтказяпман. Миллат онгини уйғотишга чорлаган жадидлар ўз вақтида дунё тараққиёти билан ҳамоҳанг бўлганлар. Афсуски, уларнинг фаолияти ҳақидаги маълумотлар жуда кўп йиллар ёпиқ бўлган.

– Ўз даврида Навоий сўз дурдоналарини қўллаб, оламда тенгсиз эканлигини, тилимиз нақадар бой хазиналигини исботлади. Бугун ўзбек тили ва адабиётига муносабат, хориж олимларининг қизиқиши борасида тўхталсангиз. Чунончи, Германия мисолида.

– Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек тилига қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Бу эҳтиёж, айниқса АҚШ, Европа, қатор Шарқ мамлакатларида кузатилмоқда. Хусусан, Берлиндаги Гумбольдт номли университет Европадаги ўзбек тилини ўрганиш маркази бўлиб ҳисобланади. Ушбу университетда фаолият юритаётган профессор Ингеборг Балдауф кўп йиллардан бери Европа халқларига ўзбек тили ва адабиётини тарғиб қилиб келмоқда. Балдауф хоним билан учрашиш орзуим эди. Мана шу орзуим амалга ошганидан бахтиёрман. Олиманинг ўзбек тилида ниҳоятда чиройли ва равон сўзлаши, жадид адабиёти намояндалари ҳақидаги билимлари таҳсинга лойиқ. Негаки, биз Ўзбекистонда яшаб туриб, ушбу давр адабиётини бунчалик чуқур ўрганмаганмиз. Хорижда бу даврга қизиқувчи олимлар бизга ўрнак бўлмоқдалар. Буни ёшларга тушунтиришимиз керак. XIX аср охири – ХХ асрнинг биринчи ярми адабиётининг ҳали ўрганилмаган жиҳатлари жуда-жуда кўп.

– Айни пайтда илмий салоҳиятни юксалтиришда, ёшларнинг илмга бўлган қизиқишини орттиришда нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

– Бугун ўзбек олимларини дунёга танитиш жуда муҳим ва долзарб вазифадир. Тўғри, физика, математика, кимё, биология соҳаларида жаҳонга машҳур олимларимиз бор. Аммо бошқа соҳаларда жуда кучли илмий салоҳиятга эга бўлса-да, дунё танимайдиган олимларимиз кўп. Уларнинг тадқиқотларини дунёга машҳур илмий нашрларда эълон қилиш керак. Ёшларга эса ҳали мактаб давриданоқ илм билан шуғулланиш мамлакатимиз тараққиёти учун зарурлигини уқтиришимиз зарур. Ривожланган давлатларда илмга эътибор нақадар кучли эканлигини кўриб, ҳавасим келади. Уларнинг талабаларини ўқишга ҳеч ким мажбур қилмайди. Уларнинг тиришқоқлиги диплом олишга эмас, олган билимини ҳаётда қўллашга ўрганишга қаратилган. Илмга йўл, албатта, китоб орқали боради. Масалан, Европанинг ҳатто кичкина шаҳарларида ҳам кутубхоналар жуда кўп ва гавжумлигини кўрдим. Электрон адабиётлар кенг тарқалган бугунги кунда бу жуда қувонарли ҳолат. Мен талабаларимга илмий тадқиқотларнинг соҳага зарурлигини, уларнинг соҳа тараққиётига шу йўл билан ҳисса қўшишлари нақадар муҳимлигини доимо тушунтириб келаман. Уларнинг кўзларида учқун пайдо бўлганлигини кўрсам, хурсанд бўламан. Бизнинг вазифамиз уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириб, ривожлантиришдир. Шунда ўзбек олимлари ўрта асрларда яшаб, дунёга танилган ва тарихда абадий қолган мутафаккирларимиз йўлидан борадилар.

Наргиза АСАДОВА
суҳбатлашди

Манба: “Vatanparvar” газетаси

17 958
ЎзА