ЎзА Ўзбек

14.11.2016 11:49 Чоп этиш версияси

“Ниҳол” мукофоти танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди

Ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловининг Жиззах вилояти босқичида 83 иштирокчи эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Мамлакатимизда ёш истъедодларни кашф этиш ва уларнинг орзу-интилишларини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун миллий санъатимизни жаҳонга танитаётган кўплаб истеъдод соҳиблари катта саҳнадаги дастлабки муваффақиятини айнан шундай кўрик-танловларда қўлга киритган.

Танловда иштирокчиларнинг саҳна маданияти, матннинг бадиий савияси, овоз ва соз уйғунлиги, репертуар танлашига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ушбу танлов ёш истеъдодларни тарбиялашда ўзига хос мактаб бўлмоқда, – дейди Жиззах вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи М.Норқозоқов. – Кўрик-танловнинг саралаш босқичларида иштирок этаётганлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 017